Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Деҳқонобод (Коминтерн) – тадбиркорлар қишлоғи

Бувайда туманидаги Деҳқонобод қишлоғи ҳақида гапирсангиз, кўпчилик қайси қишлоқ, дея савол беради. Аммо “Коминтерн” десангиз ҳамма “ҳа” дея бир зумда  тушунади. Коминтерн сўзи “Коммунистический интернационал” сўзининг қисқартмаси бўлиб, 1919-1943 йилларда турли мамлакатлар коммунистик партияларини бирлаштирган халқаро ташкилот ҳисобланган, яъни “барча мамлакатларда Совет ҳокимиятини ўрнатишга интилаётган бутун дунё меҳнаткашларининг иттифоқи” дея таърифланган. Мустақилликдан кейин бу қишлоқ номи “Деҳқонобод”га ўзгартирилди. Аммо аҳоли ўртасида ханузгача эски “Коминтерн” номи машҳур. Чунки бу қишлоқ ҳозирги кунда нафақат туманда, балки вилоятда , хатто қўшни вилоятларда ҳам таниқли қишлоқлардан бирига айланиб улгурди. Бу  ҳудудда темирчилик, хусусан контейнердан турли буюмлар ясаш, контейнер савдоси тез фурсатда ривожланиб кетди.

Деҳқонобод қишлоғига киришингиз биланоқ, йўл четларида темир буюмларни, контейнернинг деворларини, полларини кўришингиз мумкин.

Маҳаллада биринчи бўлиб ким “контейтер”билан шуғулланган?

Ҳамма учун қизиқарли бўлган савол. “Коминтернга биринчи бўлиб контейнерни ким олиб келган ва ундан турли буюмлар ясашни ким йўлга қўйган?”.

Маҳалла масъулларининг айтишича, контейнерни илк маротаба Рустам “биржа” исмли (лақабли) тадбиркор олиб келган.

Йўл бўйидаги энг катта устахоналардан бири  шу Рустам Қўрчиевга тегишли. Ҳамма “Рустам биржа” деб танийдиган тадбиркор 2007 йилда 3-4 та контейнер олиб келиб, кесган ва бундан яхши фойда кўрган. Кимдир девор учун, яна кимдир полини, яна кимдир мол-қўйларга охур ясатиш мақсадида контейнер бўлакларини сотиб олган. Фойда яхши бўлганлиги учун, мана, орадан 15 йилдан ортиқ вақт ўтдики, бу ҳунар ривожланиб бормоқда. Аввал контейнер бўлакларидан 2-3 хил маҳсулот ясалган бўлса, бугунги кунда бу маҳсулотларнинг тури ҳам 50 дан ортди.

Бу контейнердан аравачалар, қайиқлар, сув бочкалари, турли ҳажмдаги трубалар, охурлар, ҳатто эшик ҳам ясалади. Тадбиркорликнинг шу тури ривожланганлиги учун Деҳқонободда деярли ишсиз одам йўқ. Кимдир пайвандчилик қилади, кимдир сотувчилик, яна кимдир ҳаммоллик қилиб рўзғорини тебратмоқда.

Рустам “биржа” устахонаси

Дарвозаси ланг очиқ, атроф тўла контейнер бўлаклари, темирдан ясалган турли буюмлар беҳисоб бўлган кенг ҳовли. Бу ерда қўлларига қўлқоп кийиб, пайвандлаш ишлари билан банд усталар ишламоқда. Улар орасида, хатто, юзига ниқоб тақиб олган ишчи ҳам бор. Газетадан эканимизни билгач, бизни ҳам суратга олинг, дея бир зумга ишларини тўхтатишди улар. Қизиқувчан, жуда самимий бу акаларнинг ҳар бири ҳақида батафсил ёрита олмаймиз. Аммо ҳовлининг четроғида, бир ўзи катта станок қаршисида куймаланаётган уста эътиборимизни тортди.

Асли бағдодлик бўлган 58 ёшли Толибжон ака Соҳибназаров 25 йилдан буён мана шу устахонада қўним топган. У кечаю кундуз тиним билмай меҳнат қилади. Толибжон аканинг қўлига тушган ҳар қандай темир унинг ўз ишига бўлган сабру садоқати туфайли етти букилишга мажбур. Иссиқни иссиқ демай, совуқни совуқ демай, қўлида қўлқопи билан ишлайдиган бу аканинг оладиган маоши ҳалол пешона тери эвазига келадиган бойлик. –  Ойлигим яхши, беш миллион сўм беришади. Ҳар ой, ҳар замонда уйга, оилам ёнига бориб келаман. Ишимдан нолимайман, Худога шукур, бекорчи эмасман. Одам нима иш қилса ҳам, сидқидилдан бажариши керак. Шунда барака топади, – дейди қўллари қадоқ Толибжон ака Соҳибназаров.

Маҳаллада негадир кутубхона ва кўнгилочар жойлар йўқ…

Маҳалла ҳақидаги умумий маълумотлар билан танишар эканмиз, бизни бир нарса ўйлантириб қўйди.

Ҳудудда 14 та савдо дўкони, битта оилавий шифохона бор экан. Афсуски, кутубхона ҳам, ёшлар учун интернет кафелар ҳам, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказадиган кўнгилочар жойлар ҳам йўқ экан.

Тумандаги энг бадавлат тадбиркорлар йиғилган қишлоқда бу каби ҳолатларнинг бўлиши, ёшларнинг келажагига бефарқлик.

Ўйлаймизки, бу  қишлоқ зиёлиларини ҳам ўйлантирадиган масала бўлиб қолади.