Бувайдалик Ўлмасжон Жумаев ҳикояси.
Бугун одамларни қайтадан кашф этяпмиз. Кимдадир худбинлик, яна бировда ҳотамтойлик кучайган. Қайсидир бир ҳамюртимиз тўрт муччаси соғ бўлса ҳам қорнини тўйдириш учун ҳам давлатга кўз тикиб, боқимандачилик кайфиятида. Яна бир замондошимиз эса…
Фарғона вилояти, Бувайда тумани “Ҳасанқўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қўрғон қишлоғи, “Ихлос” кўчасининг 7-уйида истиқомат қилувчи Ўлмасжон Жумаевнинг суяги меҳнатда қотган. Иккала оёғининг тиззадан пасти йўқ бўлса ҳам, у кетмонга суянди. Ҳаракат қилишни, тинмасликни ўзига вазифа деб билди. Курашиб яшашни, матонат билан ҳаёт кечиришни ўрганди.
Тўғри, унда ҳам аламли кунлар бўлмаган, дейсизми, бўлган, албатта. Тенгдошлари билан бирга, улар қаторида чўмилгани боролмаганида, оёғидаги нуқсонни бартараф этиш, даволатиш учун яқинларида етарли пул бўлмаганида болалик кўнгли жуда ўксиган. Улғая боргач эса, у кўз ёшларини артди, тақдир ўйинлари олдида бош эгмасликка қарор қилди. Мардона юрак билан ҳаёт тўфонларидан чиқиб кета олди.
-Чақалоқлигимда сандалдаги чўғ устига бехосдан тушиб кетиб, оёқларим қаттиқ куйишдан ёмон жароҳат олган, дейди Ўлмасжон Жумаев. -Оёқларимни кесишга мажбур бўлишган, ўлмай, яшаб қолсин, дея Ўлмасжон деб чақира бошлаганлар. Эсимни таниганимда оёқчаларимда кичкина протез борлигини кўрганман. Дастлабки таълимни эса уйда олдим. Вояга етганим сари протезларим яхши одамлар кўмагида алмашди. Мен имконияти чекланган шахслар учун мўлжалланган махсус коллежда мутахассислик бўйича ўқидим, турли ташкилотларда анча йил ишладим ҳам. Бахтли эдим жудаям, ҳамма қатори, соғ одамлардек ишга, бозорга, тўй ва маъракага борардим. Ҳатто кўпчилик менинг оёқларим протез эканлигини ҳам билмасди. Кучга тўлганим сари бу протезлар тиззамни сиқа бошлади ва ҳатто синиб қолди…Тўғри ногиронлик аравачаси берилган менга, аммо мен унда юришни хоҳламайман. Ишлаган, кўчада тўрт муччаси соғлардек ўзини бардам ҳис қилиб юрган инсон учун яна аравачага михланиш ўта оғир…
Борига ҳам, йўғига ҳам шукур қиладиган йигит деҳқончилик, боғдорчилик, асаларичилик билан астойдил шуғулланади. Бу йил мўъжазгина иссиқхонасида бодринг, помидор етиштирди. Айни кунларда эса иссиқхона майдонига саримсоқпиёз ва бошқа сабзавотлар экиб қўйди. Иссиқхонаси, боғи, анорзоридан ортиб, яна озгина ерига кузги-қишки кўкатлар сепиш учун тиззалаблар жой ҳозирлаётган жараёнда учратдик уни.
Хонадонга аста эътибор қаратамиз. Ўлмасжоннинг ўзи кам таъминланган оилалар қаторида, уй-жойлари ҳам бир аҳволда. Бироқ, бу ҳовлида қандайдир файз бор, озода ва саришта, бирор бегона ўт ёки ортиқча буюмни кўрмайсиз. Ҳаракат ва ҳалол меҳнат манзараси рангин тасвирлари намоён бўлади кўз олдингизда! Ҳаловатнинг сокин қўшиғи қулоғингизга эшитила бошлайди. Бараканинг таъми келади у олган асалларда!
Қаҳрамонимиз ҳеч қачон давлатдан, маҳалладан умидвор бўлмади, бўлмайди ҳам. Давлат менга нима беради, менга нима қилди, деб эмас, менинг жамиятга, давлатга, одамларга не нафим тегяпти, улар учун нима қила оляпман, деган ўй билан яшайди.
Моддий ёрдам, пул маблағлари берилишини талаб қилиб, мутасадди идоралар эшиклари олдида тўполон қилаётган, тўрт муччаси соғлом бўлса ҳам, кўмак бизга қани, бизга-чи, деб ижтимоий тармоқларда бонг ураётганлар бувайдалик оддий бир меҳнаткашдан сабр этишни, шукур қилишни ўргансалар эди! Муҳтожман, зориқяпман, дейишдан номус этадиган, ногиронлигим бор деб унга кимдир нимадир беришини кутмаган бу азамат инсон билан суҳбатлашиб, биз ҳам шукроналик сабоғини туйдик.
Жазирама бўлганида ўзини салқин, сал совуқ тушса, иссиққина жойларга урадиган, кунлари, ойларини бефойда иш, иғво, миннату ҳасрат билан ўтказадиганлар олдида ҳаракат, меҳнат қилиш, интилиш, эртанги кунга ишониш кабиларни бутун вужудига жо қилган бу замондошимиз чин маънода Ҳазрати инсон деган номга лойиқ бўла олади. Ўлмасжоннинг нолишга вақти ҳам йўқ. Юрагидаги камликлар, кемтикликларни ҳалол меҳнати, пешона тери билан тўлдираётган, ҳаракати, интилишлари билан тақдир синовларига тик туриб бераётган йигитнинг ўз орзулари бор:
-Агар оёқларим учун янги протез олиб берадиган ҳомий топилса, мен яна жўшқин ҳаётга қайтардим. Икки ўғлимни ўқитишим, онамни рози қила олишим, турмуш ўртоғимга муносиб шароит яратиб беришни ўз эркаклик бурчим деб биламан. Қолаверса, жамият, давлат учун ишласам, одамларга, қишлоқдошларимга нафим тегса, дейман. Агар протез оёқларга эга бўлсам, ногиронлик нафақасидан ҳам воз кечиб юборардим. Ўзим ҳалол меҳнат қилиб, пул топа олишга имконим бўларди!
Ўлмасжон қилган ва қилаётган ишлари ҳақида гапиришни хоҳламайди. Унинг ҳақида, у тўғрисида эса қуёшга кулиб қараган анорлари, меҳрдан ял-ял ёнган узумлари, меҳнат ва кузакда пишиб етилган олмалари сўз очади. Жисмонан бўлмаса ҳам, руҳан соғлом бу мард йигит икки оёқсиз ҳолда эмгаклаб кетмонини жимгина чопаверади. Оёқларсиз ҳам бахтли, ўз наздида тўкин ҳаёт кечириб, ҳамма нарсанинг уддасидан чиқа олиш мумкинлигини қаҳрамонларча исботлаяпти. Шукур этиб, сабрнинг этагидан маҳкам тутса, ёруғ кунлар кўп бўлишини камтаргина турмуши мисолида кўрсатмоқда. Нолишда давом этаётганлар эса Ўлмасжон сингари одамларнинг кўнгил дарчасини бир очиб кўрсинлар. Шунда машаққат эшигини фақат матонат билан ёпган хокисор бу жасорат соҳибига таъзим қила оладилар.
Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА,
журналист.








