Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

“Табассум” ашула ва рақс халқ ансамбли тарихи

1960 йилларда Бувайда тумани маркази Янгиқўрғонда жойлашган маданият уйи қошида “Табассум” бадиий ҳаваскорлик тўгараги ташкил этилди.

Унинг ташкилланишида ўша пайтдаги маданият уйи директори Абдуқодир Тиллаев ҳамда бадиий раҳбар Абдулатиф Холдоровларнинг хиссаси катта.

Бутун республика бўйлаб катта машҳурликка эришган бу ансамбл таркибида таниқли хофиз Расулқори Мамадалиев, Иброҳимжон Усмонов, Камолиддин Ҳамроқуловлардан ташқари истоъдодли санъаткорлар Абдуллатиф Холдоров, Етовқўзи Салоҳиддинов, Абдуносир Абдуллаев, Холдорали Раҳимов, Саминжон Қосимов, Мўминжон Имомов, Ғойибберди Тўйчиев каби кўплаб санъаткорлар уюшган эдилар.

Кейинчалик улар сафига Одинахон Йўлдошева, Режавали Султонов, Рустамжон Олимов, Раҳимжон Камолов, Муҳаммаджон Шералиев, Эсонбой Жўраев, Содиқжон Сиддиқов каби ўнлаб ёшлар қўшилди.

Ансамбль бир неча бор республика кўрик-танловларининг совринларига сазовор бўлади. Шу туфайли 1967 йил ижодий гуруҳга “Табассум” ашула ва рақс халқ ансамли унвони берилади.

1968 йил Бутуниттифоқ фестивали ғолиби бўлди.

1972 йил Афғонистон, Эрон, Ироқ мамлакатлари бўйлаб ижодий сафарга юборилди.

Бу ҳақда кинооператор ва режиссёр Турдибой Нодиров “Табассум учрашувлари” номли фильм яратди.

1973 йил “Чашма” республика телевизион кўрик-танловининг I даражали дипломини қўлга киритди.

Ўша йилларда ансамбль ўз репертуарини ватан, халқ, севги, вафо ва меҳнатни тараннум этувчи ўнлаб жозибали қўшиқлар, куй ва рақслар билан бойитган. Республадаги машҳур бастакорлар Муҳаммаджон Мирзаев, Мухторжон Муртазоев, Тельман Ҳасанов, Деҳқонбой Жалилов, раққос ва балетмейстерлар Дилафрўз Жабборова, Шокир Аҳмедов ва бошқалар жон-дилдан ансамбль билан ҳамкорлик қиладилар ва ўз асарларини шу ерда саҳналаштирганлар.

Кейинчалик “Табассум” ансамбли мактабини ўтаган, ўз истеъдодини шу ерда синаб чархлаган ёшлардан бир гуруҳи республика миқёсидаги профессионал санъаткорлар сафига қўшилдилар. Улар орасида Ўзбекистон давлат филармонияси қошидаги “Ханда” бадиий бадиий-комик ансамблининг асосчиси ва раҳбари Шерқўзи Ғозиев, республика “Лазги” ашула ва рақс ансамблининг раққосаси Муаззам Ғофурова, Ўзбекистон давлат консерваторияси муаллими, республика радио ва телевидениеси қошидаги мақомчилар ансамблининг яккахон қўшиқчиси Комила Аминова ва бошқаларни фахр билан санашимиз мумкин.

Бундан ташқари туманда Расулқори Мамадалиев номидаги мақомчилар ансамли фаолият юритмоқда. Бу жамоага ҳам 1987 йил халқ ансамбли унвони берилган. Ушбу мақомчилар халқ ансамбли ўзбек мумтоз мусиқа меросини авлоддан-авлодга етказишдаги хизматларидан ташқари туманимиз фахри, ўз номи ва бетакрор санъати билан Бувайда довруғини элга машҳур этган устоз қўшиқчи Расулқори Мамадалиев номини улуғлаб келмоқда.

“Табассум” ашула ва рақс халқ ансамли ҳамда Расулқори Мамадалиев номидаги мақомчилар ансамли бугун ҳам фаолиятдан тўхтагани йўқ. Улар сафига “Шодлик” халқ ҳаваскорлик ансамбли, “Зарб” доирачилар халқ ҳаваскорлар ансамбллари ҳам қўшилган. Айни дамда таниқли хонанда Яҳёбек Мўминов раҳбарлик қилаётган Бувайда туман маданият марказининг ҳар бир концерт ва тадбири улар иштирокисиз ўтмайди.