Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Қўқон шаҳридаги “Асмалд” меҳмонхонасида меҳнат соҳасидаги асосий тамойиллар ва ҳуқуқлар бўйича интерактив семинар ўтказилди

МЕҲНАТ СОҲАСИДАГИ АСОСИЙ ҲУҚУҚЛАР

Меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларингизни биласизми, қишлоқ хўжалигида, жумладан пахта етиштиришда банд бўлган шахслар учун қандай шароитлар яратилиши керак, эркак ва аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари тенгми, Ўзбекистон республикаси миллий қонунчилигида меҳнат муносабатлари қандай ифода этилган?

Шу ва шу каби саволларга Қўқон шаҳридаги “Асмалд” меҳмонхонасида пахта етиштирувчи жамоалар, шунингдек, уч томонлама ҳамкорларнинг туман бўлимлари (Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, иш берувчи ва ишчилар ташкилотлари), туман фермерлар кенгашлари ва манфаатдор фуқаролик жамияти ташкилотлари учун меҳнат соҳасидаги асосий тамойиллар ва ҳуқуқлар бўйича ўтказилган интерактив семинарда жавоб берилди.

Мазкур семинар, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда глобал кийим компаниялари консорциуми – INDITEX билан ҳамкорликда асос солинган – “Пахта етказиб бериш занжирида меҳнат соҳасидаги асосий тамойиллар ва ҳуқуқлар” лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Ушбу Халқаро меҳнат ташкилоти лойиҳаси дастлаб аҳоли зич жойлашган Фарғона вилоятининг Бувайда ва Учкўприк туманларидан фаолиятини бошлаган.

Бувайда ва Учкўприк туманидан танлаб олинган фермерлар, теримчилар, уч томонлама ҳамкорларнинг туман бўлимлари, туман фермерлар кенгашлари ва манфаатдор фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари учун ташкил этилган семинар тренингда меҳнат соҳасидаги асосий принциплар ва ҳуқуқлар ҳақида сўз борди.

Халқаро меҳнат ташкилоти қандай муассаса, унинг асосий вазифалари нимадан иборат, меҳнат соҳасидаги асосий тамойиллар қайсилар каби саволларга семинар давомида жавоб олинди.

Меҳнатни халқаро ҳуқуқий тартибга солиш халқаро меҳнат ташкилотининг асосий вазифаси ҳисобланади. Ташкилот конвенциялар ва тавсиялар ишлаб чиқади. Конвенциялар уни ратификация қилган давлатлар учун мажбурий (ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш, ўсмирлар меҳнатини муҳофаза қилиш, иш вақтининг давомийлиги, бандликка кўмаклашиш ва касбий тайёргарлик каби меҳнат соҳасида инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари) ҳисобланади. Тавсиялар эса ратификация қилиш (қабул қилиш) талаб этилмайдиган, тавсиявий характерга эга ҳужжат бўлиб, улар конвенция нормаларини тўлдиради,  – дейди лойиҳа координадори Ҳамидулла Ҳамдамов.

Лойиҳанинг асосий мақсади пахта етиштирувчиларга меҳнат соҳасидаги бешта асосий стандартлар ҳақида маълумот бериш, уларнинг бу борадаги билимларини оширишдир.

Тренинг давомида иштирокчилар уюшиш эркинлиги ва жамоавий муҳокамаларда иштирок этиш ҳуқуқи, мажбурий меҳнатни тугатиш, болалар меҳнатига чек қўйиш, дискриминацияга барҳам бериш ва меҳнатни муҳофаза қилиш каби бешта асосий ҳуқуқлар борлигини билиб олишди.

Энг қизиқарли сессиялардан бири “Дискриминацияга барҳам бериш” мавзуси бўлди,  – дейди иштирокчилардан бири Бувайда туманидаги “Ўзбекистон” фермер хўжалиги аъзоси Барчиной Хожиматова, – шу кунгача биз бу сўз ҳақида эшитмаган эдик. Бизга эркаклардан оз маош тўланса, ҳомиладорлигимиз учун ишга олинмасак, шунингдек, боламиз икки ёшга тўлмаган пайтда бизни ишга олишни рад этган иш берувчи учун қонунда жавобгарлик белгиланган экан. Тренинг жуда фойдали ва қизиқарли бўлди. 

Тренингда, шунингдек, меҳнатга оид Ўзбекистон қонунчилиги нормалари, Конституцияда белгиланган меҳнат ҳуқуқлари ва қонунчиликни бузган шахсларга нисбатан жавобгарлик белгиланганлиги интерактив ўйинлар, ҳаётий мисоллар ёрдамида очиб берилди.

Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.