Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Янгиқўрғонлик “Санамгина”

Таниқли раққоса Муаззам Ғофурова ҳақида

    Бир пайтлар Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг “Санамгина” қўшиғи хит бўлган ва ҳозир ҳам мухлислар назаридан тушган эмас.  Ана шу қўшиқнинг янада машҳур ва жозибали бўлишида унга жўр бўлган ажойиб рақс ва раққосанинг ҳиссаси катта. Ҳа,  ишонаверинг, мухлисларни маҳлиё этган жиҳат қўшиқдан кўраям чаққон ва нафис ижродаги рақс ижрочисининг гўзал ҳаракатлари эди.

      Бу дуэт телевизорда намойиш этилганида ҳаммадан ҳам бувайдаликларнинг ҳаяжони ортар, “Э, ўзимизнинг Муаззам-ку”, дея фахрланишиб кетишарди. Ваҳоланки, ўшанда Муаззам Ғофурова ўзимизнигина эмас, бутун Ўзбекистоннинг Муаззами бўлиб улгурган, Бувайда шарафини ўз санъати билан атроф жонубга танитаётган эди.

    Муаззам Ғофурова ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ижтимоий тармоқлар ва босма нашрларда етарлича маълумотлар бор.

     Тафсилотларга берилмаган ҳолда М. Ғофурова тўғрисида ўзим билган ва гувоҳ бўлганим баъзи маълумотларни ўртоқлашгим келди.

     У пайтлар мен туман маданият бўлимида кичкина лавозимда ишлардим. Директоримиз Абдуқодир Тиллаев ҳамда Расулқори Мамадалиев, Абдулатиф Холдоров, Саида Абдулаева ва бошқа маҳоратли санъаткорлар ҳаракати билан “Табассум” ашула ва рақс халқ ансамбли етарли даражада довруқ қозонган,  мухлислар эътиборига тушган эди.

     1973 йилда халқ ичидан чиққан (нопрофессионал) талантларнинг “Чашма” телевизон кўрик-танлови бўлди. Кўрикда ғолиб бўлиш туманлар ва вилоятлар учун кўп нарсани англатарди. Шунинг учун ҳам давлат ва ҳудудий раҳбарликлар томонидан кўрикка жиддий ва катта эътибор берилди, кучли тайёргарлик ишлари олиб борилди. Марказдан таниқли ижодкор ва мутахассислар жалб қилиниб, бадиий ҳаваскорларни излаш, танлаш-тарбиялаш ишларига эътибор кучайтирилди.

     Жумладан,  Муҳаммаджон Мирзаев,  Тельман Хасанов, Шокир Аҳмедов,  Дилафруз Жабборова, Мухторжон Миртозаев каби таниқли бастакор,  ижодкор ва рақс ўргатувчи (балемейстрлар)  чақирилиб,  халқдан чиққан талантларига санъат сирларини ўргатилди.  Мана шу жараёнда бевосита иштироким ва маълум маънода ҳиссам борлигидан қувонаман.

     Дарвоқе, гап Муаззам Ғофурова ҳақида кетаётувди. 1973 йил.  “Чашма” телевизион конкурсига тайёргарлик, репетиция давом этяпти. Балетмейстр Шокир Аҳмедов ўзи саҳналаштираётган жамоавий рақсни бошқаряпти. Шу аснода унинг эътибори залда томошабин (қизиқувчилар) ичида мусиқага келиштириб, ҳаракат қилаётган 7 ёшли қизча ~Муаззамга тушади. Муаззамнинг онаси шу яқин орадаги ошхонада ишлар, онасининг ёнида юрган қизча ўйнаб юриб, беихтиёр Маданият уйининг залига кирган ва “бепул томоша” ни томоша қилаётган экан.

Шокир ака Муаззамни ёнига чақирди, исмини, нима қилиб юрганини сўради. “Қани саҳнага чиқчи”, деб ҳар хил ҳаракатлар билан рақсга солиб кўрди. Қизча жуда чиройли бажарарди. Рақс ўргатувчи уни иккиланмай жамоавий рақсга қўшиб юборди. Адашмасам, ўша “Чой” рақси эди. Рақс кўрикда энг юқори 10 балл билан баҳоланган.

    Сўзнинг давомини эшитинг: Кўрик-танлов Мукаррама Турғунбоева раҳбарлигидаги “Баҳор” концерт залида бўлиб, тўғридан-тўғри эфирга олиб берилган.

     Репитициялардан бирига бир-иккита шериклари билан Мукаррама опа ташриф буюрдилар. Рақсларни синчиклаб текшираётган опа ёш қизча-Муаззамни кўриб қолди вачеҳраси ёришиб кетди.  Рақсни завқ билан томоша қилди ҳамда рақс якунида жажжи раққосани боши узра кўтариб эркалатди, “оқ йўл” тилади.  Бу бўлажак машҳур раққосанинг “парвози” га қўйилган биринчи қадам бўлса не ажаб. Шу тариқа унга “котталар” нинг назари тушди.

      Кейинчалик Муаззамхон санъатнинг машаққатли ва ойдин йўлидан кетди. Тошкент хореография билим юрти, “Лазги” ва бошқа ансамблларда ижодий фаолият, катта ва давлат тадбирларида иштирок этиш, гостроллар, чет эл сафарлари ва ҳаказо.

    Лекин мана шундай машҳур ва эл севган санъаткорнинг ҳеч қандай унвон билан тақдирланмагани эса алоҳида мавзу. Аслида Муаззам Ғофурова деган ном ва мухлислар эътирофи унинг учун катта унвон.

Муаззамхон ҳаётидан нолимайди ва аксинча мамнун. 2 нафар ўғил фарзандлари камолидан қувонади.  Ҳозир у ижодий нафақада, ўз юрти Янгиқўрғонга қайтиб, дўстлари, яқинлари қаторида фаровон ҳаёт кечирмоқда.

Баъзилар уни “Янгиқўрғон санамгинаси” деб ҳазиллашади. Бунга эса асос ва жон бор.

     Омон бўлинг, “Санамгина”.

Собиржон ОТАБОЕВ, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, фахрий журналист.