Мактабдаги ўқувчининг шўхликлари учун фақат ўқитувчи айбдор бўлавериши нечоғлик адолатдан! Балким ота-она учун ҳам фарзанд тарбиясидаги масъулиятни янада ошириш бўйича таъсирчан чора кўриш вақти келгандир?
Мактабларда янги ўқув йили бошланиб, дарслар ҳам аста-секин изига тушди. 100 кунлик каникулда мазза қилиб дам олган ўқувчилар ҳам мактаб ҳаётига кўникди.
Мактаб, таълим, ўқувчи интизоми, ўқитувчи масъулияти ҳақида шу қадар кўп ва хўп гапирамизки, бу мавзуларнинг адоғи йўқ.
Аниқ ишонаманки, тўққиз ой мобайнида қаердадир ўқитувчи ўқувчини урган, қаердадир ўқувчи ўз устозига ҳурматсизлик қилган ҳолатлар ижтимоий тармоқларни “портлатади”. Бу жараёнда одамлар албатта икки қутбга ажралиб олади.
Бола шўхлик қилса уриш керак дегувчилар ва ўқитувчини айбловчилар.
Уйдаку тушунарли ота-она боласига хоҳлаганидек тарбия беради. Хоҳласа уради, хоҳласа сўкади. Бош ёрилса, бўрк ичида дейишганидек, бу мавзу оиладан ташқарига чиқмайди. Энг қизиғи уйида боласини уришиб-сўкиб тарбиялайдиган ота-она мактабга келиб ўқитувчи боласини сенсирагани учун устозга яхшигина дакки бериб, жанжал-тўпалон қилиб кетади.
Ҳамма мактаб пайтида шўх бўлади, олов бўлади. Ўзим ҳам мактабда айрим шўхликларни қилганимда ўқитувчиларим яхшигина танбеҳ беришганлигини эслайман. Лекин ота-онам мактабга келиб “нега боламга қаттиқ гапиряпсан”, деб устозларим билан уришиб кетмаган.
Менга яна бир нарса қизиқ. Уйда бола қанчалик шўх бўлса ҳам ҳеч ким онани ёки отани айбдор қилмайди. Мактабда бола ўйинқароқ бўлса, сал тўпалон қилса дарров синф раҳбарига болани тартибга сололмаяпсан деб айб қўйилади.
Ҳозирги кунда ўқитувчининг сабр косасини тўлдириб, уни қуюшқондан чиқишига сабаб бўлувчи ўқувчилар ҳам кўпайгани рост. Назаримда шўхлик қилиш бошқа нарса таълим муассасаларида ўқувчилар томонидан ўқитувчиларни шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказиш бошқа нарса. Кузатишларим натижасида шу нарсага амин бўляпманки, ҳозирда бизнинг мактабларимизда юқори синф ўқувчиларининг ўқитувчилар шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўсига путур етказиш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Тўғрисини айтиш керак ҳозирги болалар бундан йигирма ёки ўн йил аввалги болаларга умуман ўхшамайди. Бугуннинг ўқувчилари ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳаммадан кўп биладиган, ижтимоий тармоқларда фаол, керак бўлса бошқа устозларга бу борада “дарс” беради. Ота-оналар ҳам ҳақ-ҳуқуқ талашишга уста бўлиб кетишган. Аммо ҳеч ким бурч ҳақида ўйламайди. Доим ҳуқуқ билан бирга мажбурият ва бурч борлигини ҳам эсдан чиқармаслиги лозим. Биз ўқитувчилар ота-онага шу ҳақда эслатмоқчи бўлсак, дарров “порталга” ёзиб, халқ таълими вазирлигигача шикоят қилишмоқда. Ота-она “вазифанг, нега ўқитувчилик қиляпсан, давлатнинг пулини оляпсан. Болани ўқитишга ҳам, тарбиялашга ҳам мажбурсан” дея ўқитувчини беҳурмат қилмоқда. Тўғри, ўқитувчи психолог ҳам, педагог ҳам, керак бўлса она ҳам бўлиши керак. Бунинг учун ота-она ҳам ўқитувчига кўмакдош, елкадош бўлиши зарур.
Ўтган йил май ойида вояга етмаган бир қиз уйидан чиқиб кетади. Қидирувлар натижасида бир ой деганда ўша қиз топилади ҳам. Аммо ҳамма калтак мактабнинг –ўқитувчининг бошида синади. Аслида оиладаги носоғлом муҳит, отанинг масъулиятсизлиги, онанинг жигарбанди билан сирдош бўлмаганлиги, қизини дардини тингламагани, бир сўз билан айтганда ўз бурчларини унутиб қўйганлиги натижасида қиз шундай йўлга кириб қолганлигини ҳеч ким таҳлил қилмади. Мактаб директори, психологи, синф раҳбари айбдор деб топилди ва ишдан бўшатилди.
Шу адолатдан бўлганми?
– Таълим муассасаларига инспектор – психологлар бириктирилди. Энди инспектор-психологлар ана шундай ҳолатларни аниқлаб, ўқувчининг ўзини ички профилактик рўйхатига олади ва ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан тегишли тартибда жаримага тортади. Ҳатто бу каби ҳолатлар бир ўқувчи томонидан бир неча марта такрорланса маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин, – дейди биз билан суҳбатда вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор Зарифжон Ҳасанов. Ҳозирги кунда туманда ҳар бешта таълим муассасасига битта инспектор-психолог бириктирилган. Улар режадаги ишларни амалга оширмоқда.
“Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддасида педагог ходимларнинг мақоми ва улар фаолиятининг кафолатлари белгиланган. Ушбу моддада таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши белгилаб қўйилган.
Демак доим ҳам ўқувчи ва ўқитувчи орасидаги зиддиятли вазиятларда ўқувчи ҳақ, ўқитувчи ноҳақ бўлавермайди. Яъни ўқитувчининг бурчи, мажбуриятлари, касб аҳлоқи бўлгани сингари ўқувчининг зиммасида ҳам ўзига яраша вазифалар бор. Тўғри, ўқувчидан фалон ўқитувчини ҳурмат қил, унга сўзсиз бўйсун, деб талаб қўйиб бўлмайди. Лекин мактаб қоидаларига риоя қил, ўқитувчи берган топшириқларни ўз вақтида бажар, дарсга вақтида кир, бошқаларнинг вақтини қадрла деб талаб қилиш мумкин.
Биз энди ўқитувчининг қадр-қиммати, шаъни ва обрўсини кўтариш учун кўпроқ амалий ишлар қилишимиз керак.
Агар бола мактабга мунтазам келмаса, мактаб жиҳозларига катта миқдорда зиён етказса, ўқитувчи билан қаттиқ “сен-мен”га борса ўз фарзандига лозим даражада тарбия бермагани учун ота-оналар “Маъмурий жавобгарлик тўғриси”даги Кодекснинг 47-моддасига асосан жавобгарликка тортилади.
Статистика маълумотларига кўра, ўтган ўқув йилида худди шу моддага асосан республика бўйича 9048 нафар ота-она жаримага тортилган бўлса, туманда бу кўрсатгич 980 нафарни ташкил қилди.
Бола шўх ёки дангаса, бетгачопар, бировни ҳурмат қилмайдиган бўлса бу ўқитувчининг айби эмас. Ўқитувчининг асосий вазифаси таълим бериш. Тарбиялашда кўпроқ юк ота-онага тушади.
Сўзимиз якунида, миллатпарвар ва муаллимпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Сизларга васият қиламан. Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар!, деган гапларини эслатиб ўтмоқчимиз.
Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.









