Кутилмаган аномал совуқ туфайли чўзилиб кетган қишки таътил ҳам тугаб, ўқувчилар жонажон мактабларига қайтишди. Уларнинг совқотмаслиги, касал бўлмай, дарсларга тўлиқ қатнаши учун мутасаддилар қўлларидан келганича ҳаракат қилишмоқда.
Бувайда туманининг Янгиҳаёт МФЙда жойлашган 43-умумий ўрта таълим мактабида об-ҳавонинг совуқлигига қарамасдан уларнинг мактабга келиш иштиёқини ошириш, меҳр-муҳаббат ва яхши кайфият улашиш мақсадида ҳоким ёрдамчиси Илҳомжон Ашурматов ташаббуси билан 20 кг гуруч дамланиб, ош пиширилди. “Буни овоза қилиш шарт эмасди, аслида мен шундай совуқда ҳам мактабга келаётган ўқувчилар учун бир ош дамлаб беришни ният қилгандим. Бир фермер дўстим ҳомийлик қилди. Исмини ёзишингиз шарт эмас, болажонларни хурсанд қилайлик дедик-да”, дейди Илҳомжон ака.

Шу куни мактабга 2-сектор раҳбари туман прокурори Ш. Миржавҳаров билан бирга ИИБ вакиллари, бир гуруҳ маҳалла оқсоқоллари ташриф буюришди. Мактаб шароити яна бир бор кўздан кечирилди, муаммолар ва кўзланаётган режалар ўзаро маслаҳатлашилди. 422 ўринли ушбу мактабда жами 248 нафар ўқувчи таълим олади. Мактабнинг иситиш тизимида носозликлар йўқ, жами тўртта қозонхона кеча-ю кундуз ўчирилмай ўт ёқилмоқда. Июнь ойида берилган 37.8 тонналик кўмир ишлатилиб, 7 тонна қолди. Қўшимча равишда яна 8 тонна кўмир берилиши режалаштирилди.










