Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

“Синглимнинг оёққа туришидан умидвормиз”, дейди меҳрибон ака

Фарғона вилояти Бувайда туманининг Бўёқчи қишлоғида яшовчи тўрт фарзанднинг онаси Мадина Йўлдошева беш йилдан буён оғир дардни бошдан кечирмоқда. У 2018 йилда туғруқхонада тўртинчи фарзандини дунёга келтириш вақтида кўп қон кетиши натижасида ҳушини йўқотиб, комага тушиб қолган.

Оқибатда унда  аппалитик синдром касаллиги юзага келади. Яъни бош мия пўстлоғининг қайсидир бир қаватидаги асаб толалари фалажланади.  

Шифокорлар бу вақтинчалик ҳолат эканлигини, бемор уч кунда ўзига келишини айтишади.  Аммо орадан уч кун, уч ой ўтади, ҳатто уч йил ўтади ҳамки, Мадина ҳушига келмайди. Шифокорлар эса бу касалликка даъво топа олмайдилар.

Мана, Мадина дунга келтирган қизалоқ беш ёшга тўлди. Аммо у онаси билан гаплашолмайди, унга эркалик қилиб бағрига отилмайди, ёнида тирик онаси борлигини кўради-у, оналик меҳри нима эканини ҳис қилолмайди. Чунки Мадина бундай бахтдан бенасиб.  

Мадинанинг онаси Гулчеҳра Йўлдошеванинг айтишича, аввал ҳеч нимани сезмай ётадиган, фақат суюқлик истеъмол қиладиган қизи шу кунларда анча иштаҳаси очилиб, бошқа овқатларни ҳам емоқда, баъзи бир ҳолатларга ҳаракат билан муносабат билдирмоқда. Аммо ҳамон гапира олмайди, ўрнидан туролмайди.

– Болалари биз билан яшамайди, улар отаси билан улғайишмоқда, – дейди Гулчеҳра опа. – Мадина болалари келса уларнинг келганини билиб, кулади, турли овозлар чиқариб мамнунлигини ифода қилади. Мен хафа бўлсам йиғлайди, хафа бўлганини билдириб овоз чиқаради. Кулсак кулади. Менинг бирдан бир мақсадим қизимнинг соғайиши. Унинг ўз болаларига эгалик қилишини, уларнинг бахтидан қувонишини кўрсам дейман, – дейди мунис ва мушфиқ аёл.

Икки дунё орасида турган боласини катта бардош ила парвариш қилаётган, тинимсиз унинг қошида парвона бўлаётган жасоратли бу она ҳақида ҳар қанча гапирсак оз.

Бу хонадонга Мадинани йўқлаб, унинг ҳолидан хабар олувчилар тез-тез келиб турса-да аммо улар онанинг ва яқинларининг хаёлидан нелар ўтаётганлигини билмайди.

-Биттаю битта синглимнинг шундай ҳолга тушиши мен учуна оғир зарба бўлган, – дейди унинг акаси Фурқатжон. – Гулдек синглим учун жонимни ҳам беришга тайёрман. Фақат у тузалиб кетса бас. Беш йилдан буён қаерда шундай касалликни даволовчи дўхтир, табиб ҳақида эшитсак, ўша ерга олиб борамиз. Андижонда, Тошкентда тинимсиз даволатяпмиз. Мана, яқинда бир дўхтир топдик. У бизга: “Худо хоҳласа, Мадинани юргизвораман, кўрмагандек соғайиб кетади”, дея умид берди. Бунинг учун Тошкентда икки ярим ой бир хонани ижарага олиб яшадик, синглим даво муолажаларини олди.

Беморнинг акаси Фурқатжон мебелчи уста. Стол-стулларнинг оёғини ясаб, буюртмачиларга ўтказади. Энди у топганини ўз оиласи таъминотидан орттириб, Мадина учун қулай шароитли (яъни иссиқ-совуқ сувли, хаммом-хожатхонаси ичида бўлган) ихчам уй қуриб бермоқчи. Унинг қўша-қўша уйлари, қимматбаҳо машиналари бўлмаса ҳам, қалби меҳр-муҳаббатга, имону инсофга тўла. Топиш-тутиши, яшаши эл қатори бўлса-да, ўзининг уч нафар фарзандидан орттириб, синглиси учун жонфидолик қилаётган акани чинакам қаҳрамон дейиш мумкин.

Беш йил айтмоққа осон. Бу йиллар давомида Мадина яшаётган хонадонда қанчадан-қанча яхши-ёмон кунлар, қанча изтироблар, қанча кўз ёшлар бўлиб ўтди?

Айтишларича, дунёни яхшилик ва яхши одамлар қутқарар экан. Баъзида ёмонликлар, қирғинбаротлар ҳақида ўқиганимизда, эшитганимизда бу ёруғ дунёда Мадинанинг онасидек, акаси ва укасидек одамлар борлиги учун ҳам ер шари ўз ўқидан чиқиб кетмаслигига имон келтирамиз.

   Онанинг фидойилиги, отанинг дуоси, аканинг жонсараклиги, келинларнинг меҳрибонлиги сабаб Мадина яшамоқда. Онанинг қалбида “Худо хоҳласа, тузалиб кетади”, деган умид шам каби милтилламоқда. Аллоҳ меҳрибон. Мадинага шифо бериб, ота-она ва жигаргўшаларнинг  орзулари амалга ошишини биз ҳам чин дилдан тилаймиз.

Шарифа МАДРАҲИМОВА тайёрлади.

Изоҳ қолдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *