Чиқинди, ахлат… Бу сўзнинг ўзиёқ кўнгилни хира қилади. Доимо озодалик ва покизаликни хуш кўрган, уйию ишхонасини, кўчаю боғини доимо саранжом-саришта тутиб ўрганиб қолган одамлар кейинги йилларда атроф-муҳит тозалиги, кўчаю хиёбонлар озодалиги ҳақида қайғурмай қўйгандек назаримизда.
Ҳамма ўз уйини тозалаш билан банду, аммо ҳеч ким кўчаси, қишлоғи, шаҳрининг озодалиги ва шинамлигини, кўз кўрса қувнайдиган даражада саранжомлигини ўйламаётгандек.

Бўлмаса, кўча кўйда ахлатлар тўпланиб ётармиди? Ободонлаштириш ходимлари ҳам баъзида шаҳар ва туман марказларидаги ахлат уюмларини йиғиб олишга улгура олмай қолаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат.
Ахлатларни ким олади? Нега аввалгидек хонадонларда ахлат учун махсус чуқурлар қазилмаяпти? Нега ҳамма ўз чиқиндисини кўчага олиб чиқиб қўйяпти, деган саволлар ҳаммани ўйлантириши табиий.
Бугун шу мавзуда сўз юритар эканмиз, Учкўприк туманидаги Қумариқобод қишлоғи фаоли Замирахон Эргашеванинг сўзларидан иқтибос келтиришни маъқул топдик.
-Ёшим 60 га етяпти. Болалигимни жуда яхши эслайман. Биз қишлоқда катта бўлганмиз. Аввал, яъни мен бола бўлган пайтларда ҳеч ким экологик муаммолар, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, табиатга етказилаётган зарарлар ҳақида бугунгидек куйиб-пишиб гапирмас эди. Биз болаларга энг аввало, сувни исроф қилмаслик, унга ахлат ташламаслик, сувга тупурмаслик ўргатиларди. Шунингдек, кўча ва ҳовлиларни тозалаганимизда ҳам энг биринчи навбатда ахлатни уч қисмга ажратиш буюриларди. Бу ҳамма ота-онанинг талаби бўларди. Яъни ёқиладиган нарсалар – қоғоз парчалари, дарахт шохлари, маккажўхори поялари, кераксиз мато парчаларини ёқиш учун ўчоққа ташлардик. Иккинчиси кўмиладиган нарсалар тупроқ, мол-қўйга бериб бўлмайдиган пўчоқлар, турли уруғ ва данакларни кўмардик. Учинчи чиқинди эса мол-қўй озуқаси ҳисобланарди. Яъни, мева ва сабзавотларнинг пўчоқлари, дарахтларнинг барглари, қотган нон ва эскирган озиқ-овқатлар. Ҳозир эса қарашлар бутунлай ўзгариб кетди. Ёшгина келинлар кўчани ариқ томонга қараб супуради, ахлати сувга тушади. Ахлат челагини олиб чиқса, ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб ётади. Қотган нон ҳам, боласининг “памперси” ҳам, ейилмаган овқатлар ҳам битта идишда туради. Кейин уни ахлат мошина ҳафтада бир ёки 15 кунда бир келиб олиб кетгунича, эшик тагида дилни хира қилиб тураверади. Балки биз ўз болаларимизга чиқиндига қандай муносабатда бўлишни ўргатмаётгандирмиз, деб ҳам ўйланиб қоламан. Аввал кўчаларимизда ахлат мошина юрмасди. Ҳеч ким чиқинди учун пул тўламасди. Ҳозир эса ахлатни олиб кетишяпти, бир ойда 6 ёки 7 минг сўм пул тўлаяпмиз.
Чиқиндиларни қаерга олиб боришяпти, нима қилишяпти биз билмаймиз. Лекин телевизорда кўриб қоламиз. Баъзи давлатларда чиқиндиларни ҳам қайта ишлаб, улардан қандайдир буюмлар тайёрланар экан. Балки бизнинг Ўзбекистонда ҳам шундай ишлаб чиқариш корхоналари бордир?

– Ҳа, бор, – деб жавоб берди бизга Бувайда тумани ҳокимининг ўринбосари Ғайратжон Мамажонов,– туманимизда кўплаб қўшма корхоналар фаолият олиб бормоқда. Ана ўшаларнинг энг йириги хитойлик инвестор томонидан очилган “Lanmei” хорижий корхонасидир. У ерда чиқиндилардан, асосан елим идишлар яъни “баклашкалар”дан сунъий тола ишлаб чиқарилмоқда. Тумандаги барча қишлоқлардаги аҳоли бугунги кунда елим идишларни ахлатга улоқтирмай йиғиб қўйишни ўрганди. Чунки уни тўплаб, хорижий корхонага олиб келса, албатта пул ҳам олади. Яъни бунда атроф-муҳитга зиён ҳам етказмайди, ҳам моддий манфаатдорлик олади. Биз туманда чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари сонини кўпайтирмоқчимиз. Ва турли чиқиндилардан турли маҳсулотлар ишлаб чиқишни йўлга қўймоқчимиз.


Афроф-муҳитга дўстона муносабатда бўлиш, чиқиндиларни турларга ажратиб саралаш, кўча четларига ахлат улоқтирмасликни ўргансаккина, экологияни асраб-авайлаб қоламиз. Келгуси авлодга озода ва обод бир нурлигўша қолдира оламиз.
Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.









