Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

“Биби Убайда” зиёратгоҳи

Нега фақат аёллар зиёратга келишади ?

Фарғона вилояти Бувайда туманида Биби Убайда зиёратгоҳи бор. Бу зиёратгоҳ ўзининг тарихийлиги ва ижтимоий салмоғи жиҳатдан эътиборга лойиқдир. Зиёратгоҳ Бувайда қишлоғидан 8 км шарқда, Марказий Фарғона чўлининг ғарбий поёнида жойлашган. Қишлоқ “Биби Убайда” (“Ҳазрат Биби”, “Бувимозор”) номи билан юритилади. Бу ердаги қабристонга водийда мусулмонликни биринчилардан бўлиб қабул қилган, биринчилардан бўлиб ҳаж зиёратига мушарраф бўлган, (Фарғона водийсига ислом динини ёйган араб саркардаси Саид ибн Усмоннинг завжаси) Биби Убайда (р.а.) дафн этилган. Бу жой кейинроқ катта қабристон ва зиёратгоҳга айланиб кетган, – деб ёзилган тарихчи олимлар Нодир Абдуаҳатов, Абдужаббор Раҳмонов, Муҳаммаджон Аҳмедовнинг “Бувайда зиёратгоҳлари” китобида.

Фарғона водийси зиёратгоҳларининг вужудга келиши ислом динининг дастлабки даврлари билан боғлиқдир. Кўпинча бу мозорлар ислом учун шаҳид бўлган кишилар ёки дин йўлида катта хизматлар қилган уламолар дафн этилган жойлар сифатида қадрланади. Бундай жойлар Фарғона водийсида ўрта асрлардаёқ зиёратгоҳ сифатида муқаддаслаштирилган.

Шундай қилиб, ўзбек менталитетининг муҳим белгиларидан бири бўлмиш муқаддас жойларни зиёрат қилиш аслида исломдан олдинги диний эътиқодлар – анимизм ва фетишизм билан боғлиқдир. Исломият даврида бу қадимги удум трансформацияга учраб, зиёратгоҳлар ислом дини арбобларининг номи билан боғланди. Шу йўл билан ислом тарғиботчилари олдинги диний эътиқодларни бартараф этиш ва янги ислом динини қарор топтиришга уринганлар. Ҳозирги кунда эса бу зиёратгоҳларни тавоф қилиш халқимиз учун ўтганлар руҳини шод этиш, ўз эзгу ниятларини рўёбга чиқишига умид боғлаш каби оптимистик хислатларини ўзида намоён этмоқда.

Халқимиз аёллар номига оид зиёратгоҳларга нисбатан кўп ҳолларда «Биби», «Момо», «Она» «Буви» атамаларини қўшиб айтиш билан уларни ўзларига энг яқин меҳрибон инсонлар сифатида қараб, «онажонимиз», «бувижонимиз», «момомиз», дея ҳурмат маъносида тилга оладилар. Шу сабабдан “Биби Убайда” зиёратгоҳи халқ тилида “Бувимозор” деб юритилади.

Яккаю ягона ўғлидан жудо бўлган Биби Убайда ўз юртидан бош олиб, муқаддас шаҳар – Маккаю Мадинага равона бўлади. У билан бирга келини ва набираси Муҳаммад Жарир ҳамроҳлик қиладилар. Фарғона чўлларидан ўтиш чоғида кучли бўрон (Қўқон шамоли) уларни бири-биридан ажратиб юборади. Одамлар уларни излаб топишган чоғда фурсат қўлдан берилган эди. Чунки уларнинг барчаси қум остида қолиб кетиб, фожиали ҳалок бўлган эдилар. Уларни қаердан топишган бўлса, шу ернинг ўзига дафн этадилар. Натижада бир-биридан 2-3 чақирим узоқликда икки мозор қад кўтаради…

-Зиёратгоҳга кирганингизда мақбара ичидаги битта хонада катта ва кичик қабрлар, қўшни хонада яна битта қабр бор. Катта қабр Биби Убайданинг набираси Шоҳ Жарирники бўлиб, кичик қабр Биби Убайдага тегишли. Қўшни хонадаги қабр эса Биби Убайданинг келини Бадиъабону қабридир, — дейди бугунги кунда Бувайда тумани тарихини ёзаётган фахрий ўқитувчи Эркин Хўжаев. — Ҳозирда Бувимозор қабристонидаги Биби Убайданинг мақбаралари зиёратчи аёллар билан ҳамиша гавжум. Кексаларни айтишига кўра, авваллари Биби Убайда мозори шу қадар машҳур бўлганидан «Биби Убайдани ҳаётида бирор марта бўлса ҳам зиёрат қилмаган аёлнинг оши ҳаромдир ёки бўйи етган қиз уч марта Биби Убайдани зиёрат қилмаса, пиширган таоми ҳалол эмас», деган иборалар ҳам халқ орасида кенг тарқалган экан. Биби Убайда мозори – бу аёлларга хос зиёратгоҳ дейиш мумкин. Зеро, бу ерга асосан аёллар зиёратга келади.

Зиёратчиларнинг бири билан суҳбатлашамиз:

— Мен Учкўприк туманидаги Гул қишлоғида яшайман, — дейди ўзини Ойгул Тожибоева деб таништирган аёл, — ҳар йили икки ёки уч марта бу ерни зиёрат қилиб кетамиз.

Негаки, бизнинг болалигимизданоқ аёллар, қизлар, қизалоқлар бу ерга келиб, кўнгилидаги эзгу тилакларни билдириб, ўзининг ниятлари амалга ошиши учун “бувимиз (Биби Убайда назарда тутиляпти)нинг васила қилиб Аллоҳдан сўраш керак дейишади. Аввал бизнинг болалигимизда бу ер қаровсиз жой эди. Қабристонга яқин уйлардан бирига кириб, ўша ерда ош пишириб еб кетардик. Мустақилликдан кейин муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш, зиёратгоҳларни қайта тиклашга катта эътибор берилганлиги сабабли, бу ерда ҳам зиёратчилар учун барча шароитлар яратилди. Соя-салқин боққа айвонли сўрилар қурилди, ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Йилдан-йил зиёратгоҳ обод бўлиб боряпти.

Шу ўринда яна савол туғилади? Бу ерга зиёратга келувчилар фақат ислом динига эътиқод қилувчиларми? Ёки бошқа дин вакиллари ҳам борми?

— Қишлоғимиз туман марказидан 17-18 км. узоқликда жойлашган. Зиёратгоҳ туманимизнинг сайёҳлик объэктларидан бири. Биби Убайда онамиз ҳақидаги ривоятлар сабаб бу ерга ташриф буюрувчилар йил сайин ортиб бормоқда. Қишда одам сийраклашиши мумкин. Аммо эрта баҳорданоқ бу ер гавжумлаша бошлайди. Тўғриси, биз келган одамлардан қайси миллат вакилисиз, қайси динга эътиқод қиласиз деб сўрамаймиз. Ҳозирги кунда ташриф буюраётган сайёҳлар орасида турли миллат вакиллари бор. Улар келиб бу ернинг тарихи ҳақида сўрашади, расм ва видеоларга олишади. Биз бувимиз (Биби Убайда назарда тутиляпти) ҳақидаги ривоятларни сўзлаб берсак, улар ён дафтарларига ёзиб олишади. Баъзи сайёҳлар ўз тилида дуо ўқийди, – дейди “Биби Убайда” зиёратгоҳи ходими Одинахон Шерматова.

Яна, тарихчи олим Нодирбек Абдуаҳатовнинг китобида баён этилган фикрларга қайтамиз: “Айтишларича, Биби Убайда етти машҳур бибилардан бири бўлиб, зиёратга аёллар еттита чалпак пишириб келганлар. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни зиёратдан ташқари «Бувимни сочини ювиш» маросими ҳам бажарилган. Унга кўра, ҳар бир аёл тароқ ва қатиқ олиб келган. Эмишки, Биби Убайда кунларнинг бирида зиёратга келган бир хаста қизга кўринган ва ундан сочини ювишга ёрдамлашишни илтимос қилган. Бемор қиз Биби Убайданинг сочини ҳар ҳафтанинг жума куни келиб ювишга ёрдам берган. Шу тарзда у ўз касалига даво топиб, дарддан фориғ бўлган экан. Зиёратга келган аёллар Биби Убайда оқ либос кийиб юради деб тасаввур қилганлар ва шунинг учун ҳам Биби Убайда мозори олдига оқ сурпни ёйиб, ўз тилакларини айтганлар.

Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтиш лозим. Эркаклар ва аёлларнинг зиёрат одоби ҳам ўзига ўзига хос бўлади. Бу ерда аёллар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келишади. Ош-овқат пишириб, баъзида ўйин-кулгу қилишади, чилдирма чалиб, халқ лапарлари ва қўшиқларини куйлаб ҳордиқ чиқаришади. Қабр ёнига оқ сурп, оқ рўмол, турли пишриқлар, пул қўйиб кетишади. Бу ерда тилаган ниятлари амалга ошгач, яна келиб бошқадан зиёрат қилиб кетишади.

Шарифа МАДРАҲИМОВА

Изоҳ қолдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *