ҚИЙИНЧИЛИКСИЗ ТУРМУШ БЎЛМАЙДИ
Бувайдада шундай пиру бадавлат оилалар борки, уларга ҳар томонлама ҳавас қилса арзийди. Иззатилла домла моқда.
Замон билан ҳамиша ҳамнафас, ҳам диний, ҳам дунёвий билимга эга, маънавиятли, маърифатли инсон Иззатилла Эназаровни туманимизда ҳамма яхши танийди. У салкам саккиз йилдан буён Бувайда туман “Нуроний” жамоатчилик кенгаши раиси лавозимида ишлаб келмоқда. Иззатилла домла нафақат илғор фикрловчи раҳбар, балки бир оиланинг намунали йўлбошчиси ҳамдир.
Фарзандлари ўқимишли,топарман-тутармон, ҳам моддий, ҳам маънавий тўкис бўлишига қарамай ўзи ҳам тиниб-тинчимайдиган, вақтини зое кетказмайдиган бу меҳнаткаш инсондан кўпчилик ўрнак олишга ҳаракат қилади.
Бир қарашда домла ҳаётда ҳеч қандай қийинчилик кўрмаган, бу мартаба, моддий бойликларни осонликча қўлга киритгандек кўринади. Аммо Иззатилла домла билан яқиндан ҳамсуҳбат бўлган инсон бу мартабага етгунча ҳаётнинг қанча синовларига дуч келганини билиб олади.
Домла Урганжи қишлоғининг оддийгина хонадонида етти нафар фарзанднинг иккинчиси бўлиб дунёга келган. Отаси Сойибжон бува колхозда тракторчи бўлиб ишлаган. Онаси Шарофатой хола оддий уй бекаси бўлган.
Оддий тракторчи оиласининг моддий аҳволи ҳаммага аён. Лекин Сойибжон бува фарзандлари ўқимишли, олий маълумотли бўлиб, пиру бадавлат яшашини орзу қиларди. Шунинг учун қийналса-да, фарзандларининг ўқишлари учун шароит яратиб берган, уларнинг қизиқишларига қарши чиқмаган.

ҲАЁТНИНГ ҲАР ЛАҲЗАСИ ГЎЗАЛ…
Ақл-идроки, мақсади бор инсон учун у қийинчилик, етишмовчилик бўлсин, ёинки ишлари юришмай қарзга ботсин ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал кўринади. Чунки унда мақсад бор, интилиш бор, қилган меҳнатидан завқланиш бор.
Иззатилла Эназаров 1979 йилда институтни битириб, қишлоққа она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб қайтди. Дастлаб оддий ўқитувчи, сўнгра, 28-умумтаълим мактабида илмий бўлим мудири, директор ўринбосари лавозимларида иш юритган.
Турмуш ўртоғи Ҳафиза опа билан аҳду паймон қилишиб, у институтда 2-курсда ўқиётганида тўйлари бўлган.
Сойибжон бува келинини қизидек кўрар, айниқса, институт талабаси эканлиги уни алоҳида ҳурматини оширарди. Ҳар куни қайнота бўлмиш келинини шаҳарга олиб бориб, дарслари тугагунча кутиб ўтирар, сўнгра қайтиб олиб келарди.
Ҳафиза опа институтни битиргач мактабни энг билимли, тиришқоқ ва изланувчан ўқитувчиси бўлиб ишлади. Мактаб ва маорифдагилар доим уни намуна қилиб кўрсатишар эди.У турмуш ўртоғининг яхши-ёмон кунларида доимо ёнида турди.
Иззатилла домла мактабда ўқитувчиман, деб бўш пайтларини самарасиз ўтказиб ўтирмасди. У оила бюджетини бойитиш мақсадида ишдан бўш пайтларда дуч келган иш билан шуғулланарди. Айниқса, ота касб-деҳқончилик қилиш – қовун-тарвуз, шоли экиш унинг ҳоббиси эди.
Иззатилла домланинг рўзғори аста-секин катталашиб борди. Бирин-кетин уч ўғил ва бир қиз фарзандли бўлишди.
Бир куни курсдошининг дўсти қишлоқларига савдо қилиш учун келиб қолди ва Иззатилла домланинг шу қишлоқдан эканлигини эслаб, уни қидирди. Учрашгач, нима иш билан шуғулланаётгани ҳақида қизиқди. У домлага мен билан ҳамкор бўлинг, дея таклиф билдирди. Ҳар нарсага қизиқадиган ғайратли Иззатилла Эназаров бу таклифга бажонидил рози бўлди.
Шу билан домла савдо соҳасига кириб кетди. Савдо соҳаси ҳам таваккалчиликка асосланган. Домла бу соҳада гоҳ ютди, гоҳ ютқазди. Бу соҳага кириб кўп яхши ва ёмон одамларни кўрди. Лекин уддалади. Савдодан барака топди. Шунинг ортидан қўша-қўша уйлар қурди, замонавий машиналар, кўчмас мулклар сотиб олди.
Савдо билан биргаликда фермер хўжалиги ташкил қилиб, севимли машғулотини ҳам юритди. Бундан ташқари Бештерак қишлоқ фуқаролар йиғини раиси вазифасида ҳам сидқидилдан меҳнат қилиб, элу халқ ҳурматига сазовор бўлди.
Фарзандлари Бобомурод, Дилмурод, Элмурод ва Дилнозалар ҳам улғайиб, олий ўқув юртларида ўқиди.
Домланинг иши юришиб, дастига барака бераётган бир паллада ҳаётнинг энг оғир зарбасига учради. Унинг турмуш ўртоғи оғир касалликка чалиниб, вафот этди.
ҲАЁТ ТЎХТАБ ҚОЛМАДИ
Бу кўргулик домлани адойи тамом қилди. У энди олдингидек эмас эди. Унга ҳеч нарсанинг қизиғи йўқдек эди гўё. Бутунлай бағрини захга бериб ётиб қолди. Чунки ёмон кунларида ёнида мардонавар турган турмуш ўртоғи айни роҳат-фароғатда яшайдиган пайтда уни ташлаб кетди…
Фарзандлари онаизори кетидан бўзлаб қолди…
Лекин, вақт олий ҳакам деб бежиз айтишмас экан. Яхши одамларнинг далдаси билан домла секин-аста ўзига келди.
У иккинчи марта турмуш қурди. Унга яратган эгам худди биринчи турмуш ўртоғи каби оқила, қалби пок, меҳрибон ҳам диний, ҳам дунёвий билимга эга бўлган гўзал бир аёлни тортиқ этдики, домла яшаган ҳар бир куни учун Аллоҳга ҳамду санолар айтади. Муаззамхон фарзандларини худди ўз боласидек бағрига олди, уларни чин дилдан яхши кўрди, меҳр берди. Фарзандлар ҳам янги оналарига ўз оналаридек қараб, илтифот кўрсатди.
- Ўтиб кетган опамнинг жойлари жаннатдан бўлсин. Шундай меҳрибон, билимли фарзандлар тарбиялаб кетган эканки, жоннинг малҳами… У мендан рози бўлсин…. Уни ёд этмаган, ҳақига дуо қилмаган куним йўқ… – дейди Муаззамхон биз билан суҳбатда, тортинчоқлик билан.
Мана, Муаззамхон бу хонадонга келганига йигирма йилдан ошди. Лекин бирон марта фарзандлари ёки домла билан ўрталарида совуқ муносабат бўлгани йўқ.

Бу оилада ҳамма бир-бирига меҳр билан қараб, ширинсўз билан муомала қилишади.
Ҳозирда Иззатилла домланинг тўнғич ўғли Бобомурод у асос солган хўжаликни бошқармоқда. Тумандаги энг илғор фермер хўжаликлари қаторида. Шу билан биргаликда Бобомурод тадбиркорлик билан ҳам шуғулланади. Туманда ўз ўрнига, ҳурматига эга инсон.
Иккинчи ўғли Элмурод қишлоқнинг энг саҳий, қўли очиқ тадбиркорларидан бири.
Кичик ўғли Дилмурод Тошкент шаҳридаги 17-шифохонада юз пластик операцияси билан шуғулланади.
Қизи Дилноза мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс беради.
Иззатилла домла ва Муаззамхон оиласидан, фарзандларидан кўнгиллари тўқ, ишларида унум ва барака бор. Улар инсон учун энг катта бахт бўлмиш оилавий хотиржамлик ва фаровонликда умргузаронлик қилишмоқда.
Ҳаётнинг ҳар зарбасини мардоновар енгиб, мақсад сари интилиб яшаган Изатилла домла Эназаров айни дамда оилада ҳам, жамиятда ҳам илғорлар сафида.
Азизахон СОЛИЕВА









