Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бувайданинг машҳурлари: Ҳамидулло Қушчи ҳақидаги бор ҳақиқатлар

Ҳар бир одамнинг ўзига яраша характери, табиати, қизиқишлари, яхши ва ёмон одатлари бўлади.
Кимдир турли давлатларнинг тангалари, пуллларини тўплашга қизиқса, кимдир уйида ёввойи ҳайвон боққиси келади. Яна кимдир машҳур рассомлар асарлари билан уйини тўлдиришга ишқибоз бўлса, яна кимдир хўроз уриштиришни ҳаётининг мазмуни деб билади.
Бу каби қизиқишлар битта сўз билан ҳобби дейилади. Ҳоббининг ўзи нима? Одамнинг асосий ишидан бошқа бирор нарсага қизиқиши, севган машғулотидир.
Бу каби инсонлар Бувайда туманида ҳам етарлича топилади. Кимдир гул ўстиришга ишқибоз, кимдир бирор буюм ясашга.
Бугунги ҳикоямиз қаҳрамони Пишағар МФЙ, Кар қишлоғида яшовчи Ҳамидулла Маматалиев.
У аслида тунукасоз. Аммо ишидан ташқари уйида 100 дан ортиқ 10 турдаги қушларни, балиқларни парвариш қилади.
Ҳа, яна бир гап. Ҳобби ҳам кимдадир болалигиданоқ, яна кимдадир қайсидир ёшида пайдо бўлиши мумкин.
Ҳамидулла Маматалиевнинг қизиқиши 2014-2015 йилларда бошланган.

  • Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳрига иш билан борганимда ўша ерда бир қушчи киши билан танишиб қолганман. У билан бир неча кун суҳбатдош бўлиб, қушлар ҳақида жуда кўп маълумотларга эга бўлдим. Шундан кейин менда ҳам қушларга қизиқиш уйғонди. Дастлаб бир жуфт оддий канарейка олиб келганман. Шу икки жуфт қушдан кейин уйимда секин-аста канарейкалар кўпая бошлаган. Вақтида қушларим 400 донага ҳам етган. Аммо ҳозирги кунда ёшим ўтиб қолаётгани учун аста-секин қушларни сотяпман. Телеграмм ижтимоий тармоғида иккита каналим бор. Мана шу каналларда ўзимнинг қушларим ҳақида, уларга қандай озуқа бераётганим, қушларимнинг бола очиш жараёни, уларнинг сайраётгани акс этган видео лавҳаларни, маълумотларни қўяман.
    Қушларни боқиб, парваришлашнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун Ҳамидулла ака бир ойда қанча пул сарфлайди?
  • Ҳар ҳафтада қушларим учун 5 кг.махсус дори-дармонлар қўшилган дон олиб келаман. Бола очиб чиққач, полапонларга “Нестле” кашасидан бераман. Бундан ташқари, уларни турли касалликларга қарши эмлатаман. Шамоллаб қолса, турли антибиотиклар оламан. Ўзига яраша маблағ сарфлайман, – деди Ҳамидулла Маматалиев.
    Суҳбатдошимизнинг қушларнинг касал бўлиши ҳақидаги гаплари, тўғриси, биз учун янгилик бўлди.
  • Қушлар ҳам касал бўладими? – деган саволимизга “Иее, бўлганда қандоқ, агар улар касал бўлса озиб кетади, сайрамай қўяди ва тезда ўлиб қолиши ҳам мумкин, шунинг учун уларни турли касалликларга қарши доим эмлатиб турамиз. Бозордан янги қуш олиб келсак, уни махсус карантинга оламиз. Бир ҳафта эски қушларга қўшмаймиз. Янги қушда касаллик бор йўқлиги ва уйдаги қушларга хавф бор ёки йўқлигини билганимиздан сўнг, уларни ҳам умумий хонага оламиз, – дейди қушчи.
    Ҳамидулла аканинг айтишича, водий бўйича ягона ҳисобланган қуш дўхтири бор. Унинг исми Учқун. Андижонлик. Ана шу йигит Россияда айнан қушлар дўхтирлигига ўқиб келган экан.
    Яна бизни энг қизиқтирган саволлардан бири “Аномал совуқларда қушларни қандай асрадингиз, улар учун махсус хоналар қилинган экан, бу хоналарни иситишга қийналмадингизми, совуқда қушлар нобуд бўлмадими?” эди.
  • Йўқ, агар сиз қушдан бола олмоқчи бўлсангиз хонани иссиқ қилишингиз керак. Чунки қушлар совуқда тухум қўймайди ва бола очиб чиқмайди. Мен хонага битта электр иситгич қўйиб қўйдим. Хона ҳарорати мўътадил бўлиб турди. Чунки совуқ қушларга ёмон таъсир қилмайди.
    Кўрасизку, қишда ҳам ҳамма қушлар учиб юраверади. Булар ҳам шу-да,
    – дея саволларимизга кулиб жавоб берди қушчи.
    Ҳамидулла Маматалиев бу қушларни сотадими?
  • Ҳа, чунки агар сотмасам қушлар жуда кўпайиб кетади. Ҳар якшанба куни Қўқон шаҳридаги Худоёрхон музейининг орқа тарафида қуш бозори бўлади. Ўша ерга чиқиб сотишим мумкин ёки ўзимнинг телеграмм каналларим орқали ҳам сотавераман. Ҳозир интернет ривожланиб, бозорга боришга ҳожат ҳам қолмаяпти.
    Қушларнинг нархи одатда уларнинг турига, кўринишига қараб ўзгариб туради. Битта канарейка 200 минг сўмдан 100 АҚШ доллари миқдоригача бўлиши мумкин.

Бундан ҳам қиммат, ноёб қушлар бор. Аммо ҳудудимиз аҳолиси қимматга қуш сотиб олгиси келмайди. Тошкентда каттароқ шаҳарларда 1000 АҚШ доллари ёки ундан қимматроққа ҳам қушлар бор.
Ҳамидулла акага қушларни парвариш қилиш, уларнинг дон-сувидан хабардор бўлиб туриш, қафас ва хонани тозалашда турмуш ўртоғи Сайёрахон ёрдам беради.
Ҳамидулла ака сафарларга кетганда қушларга Сайёра опа қараб туради. У киши ҳам қушларнинг феъл-атворини ўрганиб олган.
Ҳамидулла ака хафа бўлса қушлар буни билади, – дейди Сайёра опа. Улар ҳам сайрашдан тўхтайди. Безовталаниб, қафасида у ёқдан бу ёққа учаверади. Агар ўз эгаларининг кайфияти чоғ бўлса, улар бундан хурсанд бўлиб, куйлашни тўхтатмайди. Чуғур-чуғур, чаҳ-чаҳлаб одамнинг баҳри дилини очиб юборади.

  • Бу ерда, қушларим орасида куннинг қандай ўтганлигини билмайман. Бу хонага кириб, ҳамма канарейкаларимни мириқиб томоша қиламан, уларнинг сайрашини эшитиб дам оламан. Қушлар ҳақиқатдан ҳам менинг дўстларим, – дейди Ҳамидулла Маматалиев.
    Ҳамидулла ака ўз қушларидан ташқари ҳовлидаги мусича ва қалдирғочларга ҳам меҳрибонлик қилади. У ёлчитиб, ўзи учун мустаҳкам уя қуря олмайдиган мусича учун эски идишдан ин ясаб берган. Қалдирғочлар учун ҳам фанер бўлагидан айвонча ясаб берган.

Ҳамидулло қушчи ҳақида мана бу видеода жонли тарзда кўришингиз мумкин.