Сешанба, Апрель 21, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Buvayda.info веб-сайтининг тақдимот тадбири бўлиб ўтди

Бувайда туман 17-болалар мусиқа ва санъат мактабида қанча-қанча тарихий саҳифаларни ўзида акс эттирган рўзнома – “Бувайда кўзгуси” газетасининг замон ва давр талаби билан янгиланган, онлайн кўриниши бўлган Buvayda.info веб-сайтининг тақдимот тадбири ҳамда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бадиий кеча бўлиб ўтди.

Унда АОКА (ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Иброҳимжон Турсунович Халимбеков, “Sevimli”, “Zamon” MY5 ҳамда вилоят телевидениеси мухбирлари, тумандаги кўплаб зиёлилар, ижодкорлар, “Бувайда кўзгуси” газетасининг собиқ муҳаррирлари иштирок этишди. Тадбир давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, бувайданинг таниқли хонандаси Муҳсинжон Мўминов ҳамда туман маданият бўлими санъаткорлари ўзларининг куй-қўшиқлари билан йиғилганлар кўнглини хушнуд этди.

Медиа соҳаси вакиллари – журналист ва муҳаррирлар, режиссёр ва операторлар, блогерлар, теле-радио каналлар, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахона ходимлари Ватанимизнинг демократик қиёфасини шакллантириш, уни дунёга тараннум этишга алоҳида ҳисса қўшиб келаётган кишилардир.

Катта тезлик билан айланаётган курраи заминда ахборотларнинг ҳам алмашиш тезлиги тобора ортиб бормоқда. Бугун содир бўлган воқеа бугуннинг ўзида ёритилмаса, эртага у эскириб улгуряпти. Газеталар эса камида бир ҳафтада тайёр бўлади. Тафаккур дунёсининг мутлақ ҳокими бўлган инсон бунинг ҳам йўлини топди. Яъни онлайн газета яратди. Энди “Бувайда кўзгуси” ўз муштарийларига бир ҳафтада эмас, бир сонияда етиб бориши мумкин. Чунки унинг замонавий, онлайн формати – “Buvayda.info” номли веб-сайти яратилди. Энди газетани онлайн ўқиш, барча ижтимоий тармоқларда кузатиш, бепул обуна бўлиш мумкин.

Мазкур тадбир йиғилганларни бефарқ қолдирмади. Тадбирнинг бадиий қисмидан сўнг “Бувайда кўзгуси” ходимларига туман ҳокимлиги томонидан байрам совғалари топширилди.