Сешанба, Апрель 21, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Журналистикадаги стереотипларни қандай синдириш мумкин?

Мен қирқ ёшимда ҳам “фақат пойтахтда яшаб, ишлайдиган журналистлар дунёга танила олади, улар машҳур бўлади, биздек қишлоқда яшовчи журналист бутун дунёни фақат шу туманни ўзи деб билади ва бир умр шу қишлоқдан чиқа олмай ўтади”,  деб ўйлар эдим.

Нега бундай деяётганимни асослашга ҳаракат қилай.

2009 йили оилавий шароит туфайли пойтахтдан қишлоққа кўчиб келдик. Ўзим истиқомат қиладиган Учкўприк туманида ўша пайтда “Янги Фарғона” деган газета чоп этилар эди. Ўша газетанинг бош муҳарририга иш сўраб мурожаат қилсам, “Агар обунамиз 5000 нусхадан ошса, янги йилдан сизни ишга оламан” деди.

Бир мактабда 10 соат дарс олиб  ишлаб юрдим. Бу орада менда тушкунлик, келажакни кўра олмаслик, “бўлди энди, бу чекка қишлоқда номим чиқмай ўтиб кетаман” деган бир тушунча пайдо бўлиб улгурганди.

Кейин фарзандим туғилди. Шу бўйича 3 йил бола парвариши билан банд бўлдим. Тошкентда “Маърифат” – “Учитель Узбекистана” газеталарида ишлар эдим. Яна бир йил пойтахтга қатнаб ишладим. Душанба куни эрта тонгда Тошкентга кетаман, жума куни ярим кечаси қишлоққа кириб келаман.

Бир йил ўтиб ўтмай яна туғруқ таътилига чиқдим.

Икки бола билан энди бундай ҳам ишлолмас эдим. Яна тумандаги таҳририят эшигини қоқдим. Бу орада газета бош муҳаррири ўзгарган эди. Аммо вазият ўзгармаганди. Яна обуна йўқлиги масаласи кун тартибида турарди.

Мана шу газетада ишлаётган Мўйдинжон Собитов бир куни “Сизни Азиза сўраётганди. Янгиқўрғонга “Бувайда газетаси” га бориб кўринг, балки ишга олар” деб қолди.

Югуриб Янгиқўрғонга келдим. Газета бош муҳаррири мени яхши кутиб олди. Мигрантлар ҳаёти ҳақида бирор нима ёзиб келингчи, дея топшириқ берди.  Уч кунми тўрт кундан кейин битта мақола тайёрлаб олиб бордим. Бу мақолам газетанинг навбатги сонида чоп этилди. Шу тариқа ўзимнинг жонажон журналистикамга яна қайтдим.

Яхшиямки, 2009 йилда Фейсбук ижтимоий тармоғида саҳифа очиб қўйган эканман.  Биринчи бўлиб, уйга симли интернет улаттирдим.

Бўш қолдим дегунча, сайтларни ўқирдим, Фейсбукда ўз фикрларимни ёзиб  қолдирардим. Яна нималардир қилишга ҳаракат қилардим.

Интернетда кўпроқ грантлар, танловларни ўқиш жону дилим эди. Бир куни таваккал қилиб  битта агентлик эълон қилган танловга ҳужжатларимни жўнатиб қўйдим. Бу янги ахборот агентлигининг Фарғона вилояти бўйича махсус мухбирлиги эди.  Бир неча босқичли танловлардан ўтиб, 2018 йили ташкил этилган “Турон-24” ахборот агентлигининг Фарғона вилояти бўйича махсус мухбири лавозимига тасдиқландим.

Туппа тузук ишлаб юрганимизда ахборот агентлиги ёпилди.

Шундан кейин яна турли танловлар ҳақидаги эълонларни кўпроқ қидира бошладим.  Мажбурий меҳнат мавзусида энг кўп ёзилган мақолалар танловига қатнашдим. Бу Халқаро меҳнат ташкилоти ўтказган танлов эди. Унда ғолибилкка эришдим. Бу кичик ғалаба мени янаям руҳлантириб юборди. Шу тариқа Грузия, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркияда бўлиб ўтган бир нечта семинар-тренингларда қатнашиш имкониятини ютиб олдим.

Биринчи чет элга сафарим Грузияга бўлди. У ерда меҳнат муносабатларини қандай ёритиш кераклиги, меҳнат муносабатлари бўйича халқаро ҳуқуқий нормалар, қонунчиликдаги ўзгаришларни қандай ёритиш керак, нималарга эътибор қаратиш лозим, деган саволларга жавоб олдим. Иккинчи бор Туркияга сафар қилдим. Бу гал халқаро касаба уюшмаси федерацияси вакиллари томонидан касаба уюшмалари фаолияти ҳақида ёритиш бўйича билимларга эга бўлдим.

Қозоғистонда эса фото ва видео асослари ҳақида тушунчага эга бўлган бўлсам, Қирғизистонда  яна касаба уюшмалари фаолиятининг очиқ ва шаффофлиги тўғрисидаги маърузаларни тингладим.

Бу каби мисолларни яна ўнлаб келтиришим мумкин.

Шу тариқа битта стериотепни йўққа чиқардим. Демак ҳаракат қилса, интилса, ўз ишини яхши кўрса қаерда яшаса ҳам омад унга кулиб боқаверар экан. Ҳатто бир неча марта чет элларга ҳам чиқиш мумкин экан.

Бу орада турли ташкилотлар томонидан эълон қилинган грантлар учун лойиҳалар тайёрладим. Ва энг қувонарлиси лойиҳаларим халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди ва менга грантлар ажратилди.

Биласизлар, журналистда пул кўп бўлмайди. Бу грантлар мени молиявий томондан ўзимни тиклаб олишимга катта ёрдам берди.

Ижтимоий тармоқларнинг фаол кузатувчисига айландим. Ўзим ҳам турли мавзуларда чиқишлар қилиб турдим. Шу тариқа мени дунёнинг турли нуқталаридаги ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам кузата бошлади.

Апрель ойининг иккинчи ярми ва май ойининг биринчи ўн кунлигида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан IVLP  дастури асосида Америкага сафар қилдим. Сафар давомида менда АҚШ медиаси билан танишиш имконияти бўлди.

Мичиган штатининг Детройт шаҳрида биз маҳаллий нашрлар фаолияти билан танишдик. Маҳаллий медиа вакилларининг айтишича, Америкада одамлар марказий нашрларга унча ишонишмас, улар бераётган маълумотларнинг ҳаққонийлигини шубҳа остига олишар экан. Одамлар ўз шаҳрида чоп этиладиган медиаларга кўпроқ ишонаркан. Худди шундай фикрни бизга Каламазуу шаҳридаги “Паблик медиа” номли таҳририятда ҳам айтишди.

Айтмоқчиманки, журналистика менинг ҳаётим. Ва бу касб билан мен жуда катта ютуқларга эришдим. Вақти келса босимларга учрадим, вақти келса дуолар олдим.