Ёхуд орзуларим ортидан
“Бувайда кўзгуси” газетасига биринчи марта келган куним ҳеч эсимдан чиқмайди. Мактаб ҳақида кичик бир мақола ёзгандим. “Буни олишармикан, маъқул келармикан, газетада чиқармикан?” каби ҳижолатли саволлар билан минг ҳаяжон ила редакция остонасига қадам қўйдим. Таҳририятдагилар жуда ҳушчақчақ, очиқ кўнгил ижодкорлар экан. Мени улар илиқ кутиб олишди. Қўлимдаги бир варақ қоғозга дарҳол кўз югуртиришди-да: “Яхши ёзибсиз. Ҳа, газетамизда чиқарамиз. Фақат маълумотлар аниқ бўлиши керак. Масалан, компьютерлар сони нечта, қайси йили берилган? Шу каби. Рақамлар етишмаяпти. Тушунгандирсиз. Ана шу рақамларнинг аниғини билиб, ёзиб келсангиз, мақолангизни олиб қоламиз”, дейишди. Ўзи минг истиҳолаю ҳаяжон билан киргандим редакцияга. Тиззаларимдаги титроқ ҳали тарқамаган. Рақамлари нимаси энди? Нега бу катталар ҳамма нарсани рақамлар билан ўлчайди-я? -дедим “Кичкина шаҳзода” асари ёдимга келиб.
Шу бўлди-ю, мақоламни қайтиб олиб келмадим. Рақамларни эса изламадим ҳам. Мени рақамлар қизиқтирмайди. Мен чин юракдан ёзсам бўлди, деб ўйлардим. Чиқмаса-чиқмас! Аммо ёзганларимни газетада чиқариш орзуси юрагимнинг бир четида тураверди. Орадан бир йил ўтгач, ўзимча ёзиб юрган қораламаларимдан бирини кўтариб, яна “Бувайда кўзгуси” эшигини қоқдим. Бу сафар олиб қолишса керак, деган ярим ишонч билан. Ҳа, олиб қолишди. Ва биринчи ҳикоям 2017 йил чоп этилди.
Ўзим математика-информатика фани ўқитувчисиман. Аммо адабиётни, ижодни севаман. Кўнглимдаги ёзиш истаги, адабиётга бўлган муҳаббат дадам туфайли, унинг айнан она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлгани сабаб пайдо бўлган деб ўйлайман.
Аввал ўқитувчи эдим. Мактабда ишлардим. Ҳеч нарсани ўйламай, чалғимай фақат болаларга дарс ўтардим. Аммо ёшим ўттизга етганда фикратимда бир ўзгариш юз берди. Қалбимда бошқача орзу пайдо бўлди. Илгари фақат математика ва физика ўқиган бўлсам, энди фақат адабиёт ўқий бошладим. Юзлаб ижодкорлар ҳаётини ўрганиб чиқдим. Мумтоз адабиётдан тортиб, жаҳон адабиётигача. Навоийдан тортиб Чеховгача. Мен англаган ҳақиқатлардан бири уларнинг аксарияти газетада ишлаган. Жадид боболаримиз эса ўзлари газета нашр этишган. Демак, ижодда газетанинг аҳамияти катта. Шундай қилиб, газетада ишлашни орзу қила бошладим, аммо бу орзуим амалга ошишига деярли ишонмасдим. Хаёлан мен яшайдиган худуд атрофидаги газеталарни санаб кўрардим: қайси бирида ишлашим мумкин? Эҳ! Шаҳарда эмасман-да… Пойтахтда бўлганимда бундай муаммо бўлмасди. Бизда ўзи биттагина газета бўлса. “Бувайда кўзгуси” мени ишга оладими-йўқми?..
Ўша кунларда тақдирданми бўлиб, мен ишлаётган 2-ИДУМ фаолияти тугатилди. Ўрнида очиладиган янги тизимдаги мактабга эса синов орқали ўтиш керак эди. Мен тестдан ўтолмадим. Гарчи мактабни, ишимни яхши кўрсам-да, фанимни яхши билсам-да. Гўё омадсизлик эгнимга чириган хазондек ёпишиб олган, шунча қоқсам ҳам кетмас, қаерга борсам, кимга учрашсам мени уятга қолдираётгандек эди. Назаримда менга қараган одамлар мени эмас, эгнимдаги чиркин хазонларни кўриб ажабланаётгандек туюларди. Шу орада ўзимга ишониб-ишонмай, таваккал қилиб, “Бувайда кўзгуси” бош муҳаррири Азизахон Солиевага хат ёздим. “Мени ишга оласизми? Иш излаяпман”. Кўп ўтмай жавоб келди: “Ҳозирча бўш ўрин йўқ. Агар бўлиб қолса, албатта, чақирамиз”. Умид чироқларимдан бири ёнди! Демак, мен ҳам газетада ишлашим мумкин! Газетада ишлашнинг қандай бўлишини аллақачон тасаввуримга жойлаб бўлганман. Маоши камлигини ҳам биламан. Ана шу кам ойликка чидаб, фақат ёзишни, ижодни севганлар, ҳалолликни, холисликни маёқ қилганларгина ишлай олишиниям биламан. Ўз-ўзимни кам маош олишга руҳан тайёрлай бошладим. Нима бўпти? “За то” мен газетада ишлайман.
Газетада ишлашнинг ўзгача завқи бор. Унда чоп этиладиган ҳар бир материал устида бутун бошли жамоа тер тўкади. Матнлар қайта-қайта ўқиб текширилади. Битта ҳам хато ўтиб кетмаслиги керак. Баъзан нутқда тез-тез учрайдиган оддий сўзларнинг ёзилиши устида ҳам ажойиб баҳс пайдо бўлади. Масалан, супургими ёки супирги? Албатта, бундай пайтларда “Ўзбек тилининг имло луғати” китобини очамиз. Рақамлар эса, ҳа ўша рақамлар мақоланинг асоси ҳисобланади. Ҳар бир маълумот манбааси текширилади, аниқлик киритилади. Бирор шахс фаолиатини ёритиш учун керак бўлса, унинг ёнига бир неча маротаба бориб ўрганилади. Газетада ишлашнинг яна бир ёқимли жиҳати, ижоди чоп этилган муаллифларнинг хурсандчилик билан миннатдорлик билдиришидир. Чунки биз ҳам улар билан теппа-тенг хурсанд бўламиз.
Шу ўринда яна бир гапни айтиб кетмасам бўлмайди. Редакцияга газетадан кўмак сўраб турфа хил инсонлар ташриф буюрар экан. Ўзларининг турфа хил ғам-ташвишлари, муаммолари билан. Уларнинг бошига тушган қийинчилик тафсилотини эшитишнинг ўзи бўлмайди. Ёрдам беролсак-ку, нур устига, аммо акси бўлса одамнинг виждони қийналади. Юраги эзилади. Ана шундай пайтларда ОАВнинг жамиятдаги аҳамияти, инсонлар тақдири учун таъсири катта эканини англайман.
Нажот кутиб газетага мурожаат қиляптими, демак, одамлар билади ва ишонади. Газета халққа керак.
27 июнь – матбуот ва ОАВ ходимлари куни билан барча жамоадошларимни, барча матбуот ходимларини табриклайман. Ва мени муносиб кўриб “Бувайда кўзгуси”га ишга олган бош муҳаррирга чуқур миннатдорлик билдираман.









