УСТОЗЛАРИМИЗ ЁДИ – ЭЗГУ ИШЛАРИМИЗ РИВОЖИ
Бувайда тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Бувайда кўзгуси” газетаси кўп йиллардан буён мунтазам чоп этилаётган, муштарийлари меҳрини қозона олган газета сифатида нафақат вилоят миқёсида балки республикада ҳам эътироф этиб келинаётир.
Газетанинг ҳар томонлама мукаммал, ўқишли, халқ газетаси бўлишида кўплаб устозларимиз ўз даврида сидқидилдан меҳнат қилишган. Газета обрўси учун бор билим ва маҳоратларини сарфлашган. Гарчи улар бугун орамизда бўлмаса-да, устозлар анъанасига содиқ қолиш, улар ишини давом эттириш биз шогирдлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Газета ривожида марҳум устозларимиз – фидойи раҳбар Янгибой Эргашев, бир пайтда ҳам таҳририятни, ҳам туман босмасини бошқарган Ортиқали Шамсиддинов, мутахассислиги актёр бўлишига қарамасдан шоир ва журналист сифатида танилган Қодир Деҳқон, иқтидорли журналист, камтарин инсон Отабек Раҳмоновларнинг ҳиссаси катта.
Диний ҳамда дунёвий томондан кучли билим эгаси бўлган Шарофиддин Йўлдошев ўзининг таҳририятдаги фаолиятида қишлоқ ҳаёти, у ерда умргузаронлик қилаётган юртдошларининг орзу-умидлари, интилишлари, ташвишу муаммоларини самимият билан газета саҳифаларида ёритар эди. Шарофиддин ака ҳамкасблари ҳамда шогирдларига меҳрибон, вақти келса талабчан устоз, самимий инсон сифатида қалбимиздан муносиб жой олган.
Газетанинг ҳозиржавоб, туманнинг ҳар бир нуқтасини беш қўлдек биладиган, мақола тайёрлашда ўз ҳузур-ҳаволатидан кечиб қўядиган Неъматжон Шерматовни устоз сифатида алоҳида ҳурмат билан тилга оламиз. Устозларимизнинг ҳар бир панд-насиҳатларига, маслаҳатларига қулоқ тутиб ҳам касбимизда, ҳам оиламизда кам бўлмадик.
Газетанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўтиш даврининг синовли дамларида ҳам уни сақлаб қолиш, маошсиз ишлаб бўлса-да, “Бувайда кўзгуси”ни муштарийлар эътиборига ҳавола этишда яқиндан ёрдам бериб турган Ҳафизахон Қосимованинг оилапарварлигига таҳсинлар айтиб, ундан ибрат олишга интилганмиз. Бир жамоада бирга ишлаган, бир дастурхон устида тузнамак бўлган икки қадрдонимиз – Гулсара Раҳмонова ҳамда Мухтарама Нўъмонованинг айни пайтда орамизда йўқлиги, журналистика соҳасида ҳали улар кўп эзгу ишлари қилиши мумкинлигини ўйлаганимда қалбим ларзага келади.
Газетанинг бу улуғ вакиллари ҳақидаги ушбу дил изҳорини ёзиш мен учун бироз қийин кечди. Сабаби уларнинг бир фазилатларини ёзсам, иккинчи қолиб кетаётгандек назаримда. Устозларимиз фазилатларини тўлиқ қоғозга тушира олмасак-да бир умр қалбимиз тўрида бўлади.Чунки улардан ўрганганларимиз, эшитганларимиз билан газетачилик соҳасида ишлаб рўзғор тебратяпмиз, элга таниляпмиз. Баъзан ўйлаб қоламан, устозларимизнинг бизга берган дашномларидан ёшлик қилиб хафа бўлган вақтларимиз бўлди. Қани энди имкони бўлса-ю уларни жон қулоғимиз билан тингласак, ҳар бир сўзларига, маслаҳатларига қулоқ тутсак. Шуларни ёзаётиб устозларимизга муносиб шогирд бўла оляпмизми, улардек мухлисларимиз ҳурматини қозона оляпмизми, “БУВАЙДА КЎЗГУСИ” номини оқлай олдикми, деган ҳақли савол қалбимда туғён урди.
Устозлардек яшаш, кексалик гаштини суриш, фарзанд ва набиралар эъзозида бўлиш бизга ҳам насиб этсин. Устозларимиздан бири “Журналистнинг мол дунёси кўп бўлмайди, лекин дўсти, ошна-оғайниси бисёр бўлади”, деган гапни кўп такрорларди ва таъкидлаб қўярди: “Дўстинг кўп бўлишга етказсин, чунки доимо эслаб туриласан, бир яхши, бир ёмон одатингни давраларда гапиришади”.
Марҳум устозларимиз, ҳамкасбларимизнинг охиратлари обод бўлсин. Уларга муносиб шогирд бўлиш барчамизга насиб қилсин.









