Сешанба, Апрель 21, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Турмуш ўртоғи болта билан чопган аёл омон қолди

АЁЛ ҚИСМАТИ
Акбар (исмлар ўзгартирилган) бўлажак турмуш ўртоғи Нилуфарнинг қўлидан илк бор тутаркан уни бахтли қилишга, яхши ёмон кунларда у билан елкадош бўлишга сўз берди. Ширин орзулар оғушидаги келин ҳам жуфту ҳалолига садоқатли ёр бўлишни, умрининг охиригача унинг хизматини сидқидилдан бажаришини айтди. Орзулар оламида учиб юрган икки ёшдан бахтлироқ одам йўқ эди гўё бу оламда. Лекин бу оиланинг қувончли кунлари узоққа чўзилмади.


Болалигидан қандли диабет 1-тур оғир шакли билан касалланган, 2-гуруҳ ногирони бўлган оила бошлиғининг ҳеч қаерда ишламаслиги боис оиладаги моддий етишмовчиликлар оқибатида жанжаллар чиқа бошлади. Шундай бўлса ҳам Нилуфар рўзғор ташвишлари, янги тикланаётган иморатнинг кам-кўстлари, қолаверса, бемор эрнинг инжиқликларидан сира нолимади. Орадан тўрт йил ўтиб, Оллоҳ уларга ширингина қиз фарзанд берди. Бунга шукроналар айтган Нилуфар оиласини мустаҳкамлаш, турмуш ўртоғининг саломатлигини тиклаш учун тиниб-тинчимайди. Ҳамма қийинчиликларга сабр қилади. Лекин қайнонасининг ҳуда-беҳудага эр-хотин ўртасига тушиб, бўлар-бўлмасга дакки-дашномлар беравериши унинг тоқатини тоқ қилади.

Шундай кунларнинг бирида Нилуфар бетиним меҳнат-у, етишмовчиликдан эмас, балки хўрланишлардан безиб ота уйига кетиб қолади. У ўзи билан тўққиз ёшли қизини ҳам олиб кетади. Орадан бир ойлар чамаси ўтиб, Акбарнинг яқинлари қизалоқни “уч-тўрт кун дадасининг ёнида бўлсин”, дея олиб кетишади. Лекин улар айтган муддат ўтиб кетса ҳамки, қизчани онасига қайтаришмайди.


Фарзанди таъминоти учун давлат томонидан ажратилган моддий ёрдам пулини олиш, шу баҳона қизини кўриш истагида маҳалла фуқаролар йиғинига борган Нилуфар турмуш ўртоғини учратиб қолади. Улар биргаликда қизларини мактабдан олишади. “Ким нима деса десин, қизим учун эрим билан яшайман”, деган ниятда келган Нилуфар Акбарнинг яна бирга яшаш таклифини рад этмади. Тезроқ ота уйига бориб кийим-кечакларини қизи билан олиб келишни режалаштириб йўлга тушмоқчи бўлганида бирдан Акбарнинг абзойи бузилади. Хотини ва қизининг йўлини тўсиб, қасддан режалаштирган ишини амалга ошириш учун электр скутерида сақлаб юрган болтани олиб хотинининг бошига устма-уст уради. Нима бўлганини англаб улгурмаган Нилуфар ўша заҳоти ҳушини йўқотади. У эрининг қўлига болта қаёқдан келиб қолганини билмас, қизчасининг эса “Дадажон, урманг аямни! Уни ўлдириб қўйдингиз-ку” дея зорланганини олис-олислардан эшитаётгандек бўларди. Бу пайтда Акбар қизини олиб воқеа жойидан кетиб қолади.


Шифокорлар бошига ва юзига 8 марта болта еган Нилуфарнинг ҳаётини аранг сақлаб қолишди: оғир жарроҳлик амалиёти билан бошнинг бир қисмига пластик ўрнатилди. Аёл анча вақт ўлим билан олишди, оғриқларга чидади. Турмуш зарбаларини писанд этмай, қийинчиликларда тобланган Нилуфар Яратганнинг иродаси билан ҳаётга қайтди. Ота-онаси, яқинлари бағрида, энг муҳими – қизи унинг ёнида. Соғлиги тикланган, аммо қалб жароҳати энди бир умр битмаса керак.
Туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Коммуна Мирсаидованинг таъкидлашича, жабрдийда аёл “Аёллар дафтари”га киритилиб, унга маълум миқдорда моддий ёрдам кўрсатилди.

-Бу аёл бизга ҳимоя ордери сўраб мурожаат қилмади. Агар мурожаат қилинса биз унга амалий ёрдам берамиз ва ҳар қандай шароитда ҳимоя қиламиз, – дейди туман ички ишлари бўлими ходими Дилрабо Ҳасанова.

Тақдирида мана шундай аянчли, ўйлаганда юрак-бағри эзиладиган воқеа содир бўлганига ишонгиси келмайди. Бундан кейин ҳаёти қандай ўтиши, олти йиллик маҳкумликдан сўнг турмуш ўртоғининг ҳоли нима кечиши ўйлантиради. Нилуфарга умрининг қолган қисмини тинч-осуда ўтказиши учун ота-онасининг, яқинларининг меҳри, ширин сўзи керак. Қолаверса, Нилуфар қизининг келажаги учун ҳам иродали бўлишга, ҳаммасини унутиб, яна ҳаёт учун курашиши лозим.
Ҳаёт сўқмоқларида адашган Акбар ва Нилуфар каби ёшларга маҳалла фаоллари, ота-она ҳамда кайнота-қайноналар йўл-йўриқ кўрсатмас, тарбияламас экан юқоридагидек фожиали воқеалар, аянчли қисматлар кўпаяверади. Шунинг учун ҳар биримиз бурч ва мажбуриятимизни, вазифамизни, энг асосийси ҳаддимизни билсак ёмон бўлмайди.