Умумий ўрта таълим мактабини тугаллаган ҳар бир йигит-қизнинг олдида ҳаёт деб аталмиш фурсатнинг ушбу анънавий саволи кўндаланг бўлади: “Ким бўлсам экан?”
Бугунги мақоламиз сабабчиси, “Ёшлар куни” байрами арафасида “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган Сарварбек Мелиқўзиевда бу жараён анча енгил кечган. Чунки у отаси Маҳмуджон Ўктамов билан бу борада кўп мулоҳаза юритишиб, келгусида сув хўжалиги ходими бўлишни ният қилиб олганди. Шу боис ўрта мактабни тугатгач, ҳеч иккиланмай, ҳужжатларини Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг “Гидромелиоратив ишларни механизациялаш” йўналишига топширди. Олий ўқув юртига кириш учун пухта тайёргарлик кўргани қўл келиб, давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди.
Олийгоҳда танлаган касбининг сир-асрорларини пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилган Сарварбек жамиятга, инсонларга нафи тегиши мумкин бўлган йўналишда эканлигини чин дилдан ҳис қилди ва суғориш тизимларини янада такомиллаштириш давр талаби эканлигини тушуниб етди. Бу борадаги билганларини янада бойитиш мақсадида ўзи таълим олган олийгоҳнинг магистратура босқичида ўқишни давом эттирди. Соҳаси бўйича дастлаб кичик-кичик тадқиқотлар олиб борди. Ўзининг хулосаларини Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси рўйхатидан ўтган халқаро ва маҳаллий журналларда чоп этилган 20 тадан зиёд илмий мақолаларида изоҳлаб берди.
Шу тариқа танлаган касби бўйича олган билим ва кўникмаларини амалиётга жорий қилиш пайига тушди. Бўлажак олим суғориш тизимларини такомиллаштириш борасидаги ўз фикр ва мулоҳазалари асосида ўзбек ва рус тилларида нашр қилинган “Гидравлика ва гидравлик машиналар”деб номланган ўқув қўлланмасини яратди. 2019- 2023 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан эълон қилинган халқаро ва республика миқёсидаги конференцияларда 30 дан ортиқ тезислари билан иштирок этди.
2020 йилда Ўзбекистон Республикаси техника йўналишларидаги олий таълим муассасалари ўртаси ўтказилган “Энг яхши машинасозлар” республика танловининг ғолиблигини қўлга киритди.
2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Академик ҳаракатчанлик” дастури доирасида эълон қилинган лойиҳалар танловида “Суғориш тизимларини гидромеханизация усулида тозалаш қурилмасини яратиш” мавзусидаги грант лойиҳаси ғолиби бўлди.
Айни кунларда Сарварбек Мелиқўзиев Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Миллий тадқиқот университети Гидравлика ва муҳандислик гидрологияси ихтисослиги 3-босқич таянч докторанти сифатида илмий изланишларни давом эттирмоқда.
– Камтарона меҳнатим юксак даражада эътироф этилганидан бахтиёрман, – дейди ёш олим, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Сарварбек Мелиқўзиев. – Ушбу мукофотда мендек ёшларга билдирилган катта ишонч мужассамдир. Келгуси фаолиятим давомида бу ишончни оқлашга бор куч-қувватим ва салоҳиятимни сарф этаман, албатта.
Мўйдинжон СОБИТОВ









