Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришнинг муҳим асослари шакллантирилди.
Маълумки, мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг бошланғич бўғини бўлиб, боланинг соғлом ва ривожланган эркин шахсиятини шакллантириш, қобилиятларини очиб бериш ҳамда билим олишга интилишни ривожлантириш каби мақсадлар йўлида иш олиб боради.
Бвайда туманидаги 41-ДМТТнинг ташкил этилганига эндигина икки йил бўлди. Мазкур муассаса туманнинг Қорақум, Олтинқўрғон, Олтиўғил, Бегобод, Чўл қишлоқлари аҳолисининг 170 нафардан ортиқ фарзандларининг севимли масканига айланишга улгурди. ДМТТга ёш ва янгиликка интилувчан Дилнозахон Маматқулованинг директор этиб тайинланиши муассаса фаолиятини ривожланишига олиб келди.

Тумандаги собиқ Қурилиш ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биносида мослаштирилган тарзда иш бошлаган муассасада қисқа фурсат ичида болажонларнинг ҳар томонлама тарбия олишлари, камол топишлари учун барча қулайликлар яратилди. Ёруғ ва шинам хоналар давлат стандартлари асосида жиҳозланди. 30 нафар малакали педагог ҳамда техник ходимлар меҳнат қилаётган муассаса айни кунда тумандаги намунали давлат мактабгача таълим муассасалари қаторидан жой олган.

–Боғчамиз янги ташкил этилганида учта гуруҳ билан иш бошлаганмиз,-дейди ДМТТ директори .– Ҳозирда олтита гуруҳимиз бўлиб, яна навбат кутиб турган болаларимиз ҳам бор. Улар сони 90 нафардан ошса қўшимча бино қуриш режамиз бор. Келгусида эса боғчани хорижий тилларга ихтисослашган муассасага айлантириш борасида жамоамиз билан биргаликда изланяпмиз.
Тайёрлов гуруҳи мураббияси
–Болажонларим билан мақтана оламан, – дейди тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Матлубахон Ҳасанова.
Бошқа тарбиячиларга нисбатан унга масъулият катта. Яъни тарбияланувчиларни мактабга тайёрлайди, математика, нутқ ўстириш, саводга ўргатиш ҳамда 5 та марказ бўйича машғулотларни қунт билан ўргатади.
Унинг гуруҳидаги 30 нафар тарбияланувчи айни дамда математикадан 4-синфгача бўлган мисол ва масалаларни бемалол ишлай олади, альфавитдаги барча ҳарфларни яхши танийди, ҳарфлардан сўзлар туза олади. Болаларим рус тили мутахассиси Турғунбой Ходжаевдан рус тилини ўрганишяпти.
Изланувчан тарбиячи бир неча бор ноанъанавий усулда очиқ машғулотлар ташкил этиб ота-оналар, маҳалла фаоллари ва бошқа меҳмонларни таклиф этиб, эришган натижалари учун олқишлар олган.

Болаларни овутиш “парол”ини биладиган боғча опа
Муассасанинг 2-ўрта гуруҳ тарбиячиси Муқаддамхон Қодировани ҳамкасблари шундай аташади. Боиси “Боғчага кирмайман!” деб хархаша билан келган бола, ҳаттоки бошқа гуруҳ тарбияланувчиси бўлса ҳам Муқаддамхонни кўриши биланоқ овунади. Нимадан хархаша қилаётганини тезда унутади. Тарбиячининг болажонларни ўзига тортадиган оҳанграбоси – тилининг ширинлиги, муомиласининг юмшоқлигида эканлигини биз ҳам суҳбат давомида билиб олдик.
Кичкинтойлар қалбига тўғри йўл топа оладиган бу болажон тарбиячи машғулотлар жараёнида ҳам сира қийналмайди. Болажонлар уни жон қулоқлари билан тинглашади, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кўз узмай кузатишади.
–Болажонлар ҳаётим, -дейди Муқаддамхон кўзлари ёниб.- Яқинда навбатдаги меҳнат таътилига чиққан эдим. Бир ой давомида мен кичкинтойларимга ичикдим деса, улар ҳам менга ичикишган экан. Буни эшитиб таътилим тугамай улар бағрига қайтдим.

Қўли ширин ошпаз
Муассасанинг бош ошпази Зарифа Парпиева кичкинтойларга мазали таомлар, турли пишириқлар шунингдек, сомса, манти, балиқли котлет, кабоб каби тансиқ таомлар пишириб беришни ҳадисини олган. У тайёрлаган овқат ва пишириқларни кичкинтойлар иштаҳа ва ҳузур билан тановвул қилади.
Ошпаз опа келтирилган масаллиқларни ҳеч қачон исроф қилмайди. Ўз вақтида турли егуликлар тайёрлаб, болажонларга тортиқ этади. Бу борада унга ёрдамчи ошпаз Ёқутхон Араббоева яқиндан кўмаклашади.
Бундан ташқари, муассаса ҳовлисида пишган турли мевалардан болажонларга шарбатлар тайёрлаб беради. Ортганини қишга ғамлаб қўймоқда.

Боғчага келсам боладек бўлиб қоламан
2-кичик гуруҳ тарбиячиси Ферузахон Эркабоева ҳам тарбиячилик касбини бежизга танламаган. У ёшлигидан болаларни яхши кўради. У кичкинтойлар билан ишлаш чоғи ўзи ҳам бола бўлиб қолади. Ҳар бир машғулотни турли эртак қаҳрамонлари образига кириб ўтиши болажонларга ёқади. Шу боис у ўз устида тинмай ишлайди. Янги-янги қаҳрамонлар ўйлаб топади.
–Уйдан қандай кайфиятда чиқмай болажонларни очиқ чеҳра билан кутиб олишга ҳаракат қиламан, дейди Ферузахон.- Бу нафақат менинг, балки гуруҳимдаги ўғил-қизлар кайфиятига ҳам таъсир қилади. Болажонлар билан қувноқ кайфиятда ишлаш ҳам осон, ҳам мароқли бўлади.

Изланувчан ёрдамчи тарбиячи
Гулзода Латипова болалигидан мусиқага қизиқади. У болаларни яхши кўради. Тақдир тақазоси билан у жисмоний тарбия йўналиши бўйича таҳсил олди. Ҳозирда ушбу муассасада ёрдамчи тарбиячи бўлиб ишламоқда. Унинг вазифаси болаларга таълим-тарбия беришда тарбиячига ёрдамлашиш, хонани тоза ва озода сақлаш, озиқ-овқатларни тенг тақсимлаш кабилардан иборат.
Муассасанинг энг билимли, изланувчан, ўз фикрига эга ёрдамчи тарбиячиларидан бири бўлган Гулзода болалигидаги орзуси йўлида ҳамон изланишда.

Масъулиятли ҳамшира
Ҳамшира Гулҳаё Йўлдошева ҳам ўз вазифасига масъулият билан ёндошади. Эрталабдан болаларни шахсий гигиенасига, саломатлигига жиддий эътибор билан қарайди. Машғулот хоналари тозалиги, ошхонадаги тартиб, озодалик, озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилигига жавобгарлигини юракдан ҳис этган Гулҳаё ота-оналар, тарбиячи, ошхона ходимлари билан тез-тез суҳбатлар ўтказиб туради. Айниқса, болажонларга турли касалликлар, шахсий гигиена тўғрисида видеороликлар намойиш қилиб, уларнинг фикрларини тинглайди.










