Маҳбуба Ибрагимова, гулчи-тадбиркор. У 73 ЁШДА.
–Наманган шаҳрида туғилганман. Ўзимизнинг ҳовлимиз Бобур боғига яқин. Илгари шанба-якшанба куни бўлган. Икки кун. Ўшанда аямлар бир қатор айланиб чиқиб келиб, “қани, ишингларни қилингларчи, боғларни айлантириб келдим, гулларни кўрдинглар” деганлар-да. Биз ўртоқларим билан яширинча яна чиқардик. Чунки онам “яна чиқдингизми, ишингизни қилинг, ҳовлиларга қаранг” дердилар. Ўртоқларим билан “Юринглар, гулни яхши кўраман. Сизлар билан чиқсам онам хотиржам бўлади” деб улар билан чиқардик. Манга ўхшаган аёллардан, гулчилардан, кактусларни сўраб, чириндилар сўраб олиб кириб кетиб, ҳовлида уни экиб, ривожлантирардим. Бора-бора қисқа қилиб гапирганда катта гулчи бўлиб кетдим, -дейди у биз билан суҳбатда.

У гулчилардан текинга гул сўрамаслик учун ўзи пул топишга ҳаракат қилган.
–Ҳадеб сўрасам малол келмасин деб, ўзим дўппи, украинча кўйлак, қизалоқларга кўйлакчалар тикиб сотиб, ўшани пулига гуллар олиб, бора-бора гулларимни юзтага етказдим.
Маҳбуба ая Тошкент тиббиёт институтида ўқимоқчи эди. 1966 йилда тошкентда бўлган зилзила маҳбубанинг режаларини ўзгартириб юборган. Наманганда янги ташкил этилган тўқимачилик институтига ўқишга киради.
– Талабаликда амалиётга борсам ҳам гул олиб келардим. Қайси вилоятга борсам ўша жойни гулларидан олиб келиб кўпайтирардим. Гулларимни 200-300 та қилиб юбордим. Ниятни қарангки, гулни яхши кўрганим учун гулчилар маҳалласига тушдим. Хўжайинимнинг оталари, биз деда деймиз, дедомлар гулчи эканлар. Энди менга етар одам йўқ. Ҳамма томонлама менга худойим етказиб турди. Қайнотамдан билмаганларимни ўргандим. Гвоздика деган гулни кўрмагандим, ўша ерда кўрдим, – дейди у.

Маҳбуба ая гул бизнесини бошлашдан аввал гулларини фақат совға қилган.
– Биринчи гул етиштириб, гулимни сотмаганман. Гулни яхши кўрганларга эҳсон қилиб берганман. Худо хоҳласа, гулларни кўпайтирсам, иссиқхонани кенгайтирсам деб, жуда қиммат эмасу ўртаҳолда сотиб, баракасини берсин деб гул сотишни бошлаганман.
Гулларни парвариш қилишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор.
–Гулларни парвариш қилишда ёзда салафан тепасига лой сочилади. Қуёшда гуллар рангини йўқотмаслиги, сўлиб қолмаслиги учун. Қишда газ ёқиб иситилади. Маҳалламиз гулчилар маҳалалси бўлганлиги учун Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Туркиядан гулчиликни ривожлантириш учун агроном чақиртирдилар. Бизга дарс бердилар, – дейди суҳбатдошимиз.
Маҳбуба аянинг саккиз ўғил, тўрт қизи бор. Уларнинг уч нафари – ўғиллари Мирзамаъруф ва Мухтормирза, қизи Матлуба онасидан гулчилик ҳунарини олмоқда.
Маҳбуба аянинг энг яхши кўрган гули кактус.
Чунки у биринчи марта болалигида гуллар фестивалига чиққанида боғдаги кактусчи боғбондан сўраб олиб, кейин экиб, ривожлантирган гули кактус бўлган. Ҳозир ҳам ўша кактусни кўпайтирмоқда.
–Менинг ёмон кўрган гулим йўқ. Мана шу ердан чиққан гиёҳ ҳам менинг гулим. Ўшаларни ҳам олиб ташлагим келмайди. Болани яхши кўргандек гулларни яхши кўраман, – дейди онахон.
Онасининг энг катта ёрдамчиси Мухтормирза.
У гулларнинг хусусиятларини ҳар бир харидорга эринмай тушунтиради.
Харидорлар гулларга ўзлари “Аёл бахти”, “Эркак бахти”, “Она қалби”, “Бобой бахти”, “Доллар гул” деб ном қўйиб олишган
Маҳбуба ая гулчилик бўйича тадбиркор. Уларга қандай имтиёзлар берилган?
Бу ҳақда Наманган гулчилик маркази раҳбари Обидхон ҚОДИРОВ шундай дейди:
– Гулчилик марказимиз 2018 йили ташкил топган. Унда 52 та гулчимиз бор. Уларга газ, сув, электрдан имтиёз берилган. Гуллар фестивалида 50 нафар гулчиларимиз қатнашди. Албатта республикада битта марказимиз. Олдинлари 2017 йилларда гулчиларимизнинг ҳар бирида бир сотихдан уч сотихгача иссиқхонаси бор эди. Ҳозир уларнинг ҳар бирини 25 сотихдан 50 сотихгача иссиқхонаси бор. Яна бир-икки йил ичида кенгайтириш ниятидамиз. 25 сотих ҳам гулчиларимизга камлик қиляпти. Ҳаммаси профессионал гулчилар.
Маҳбуба ая гул навларини кўпайтириш учун Туркия, Малайзия, Хитойдаги гулчилар тажрибасини ўрганмоқда.









