Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бувайдада 45 турдаги кабель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолият юритмоқда

Азизбек Султонов  “Ал-Мансур” хусусий кабель ишлаб чиқариш корхонасида иш бошлаган энг ёш ишчилардан бири. У кабелнинг ичидан ўтган мис симлар тўғри ва равон жойлашиши учун масъул. Юз градусдан ортиқ иссиқдан чиқаётган кабелни устини қопловчи елим модда мис симни қоплаб олгандан кейин совуқ сувда совитилади. Ҳамда ҳар бир метрда кабелнинг номи, хусусияти ёзилган қайд урилади.

Ишни Бештеракдаги заводдан ўрганиб келдим, – дейди Азизбек Султонов биз билан суҳбатда, – ишимиз автоматлашган. Мана бу машинага битта дастур юклаб қўйсак, ўзи ҳамма ишни бажараверади. Мен симнинг марказга тўғри қўйилганлигини назорат қилиб турсам бўлди. Иш шароитимиз ва ойлик яхши. Қийинчиликсиз меҳнат қиляпмиз. Оддий сим ва елимдан битта маҳсулот ишлаб чиқарилаётганлигини кўриш завқли албатта.

Умумий қиймати 15 миллиард сўмни ташкил этиб, йилига 24 миллиард сўмлик 45 турдаги кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган бу корхонада ҳозирги кунда 20 киши меҳнат қилмоқда.

Хомашёнинг 50 фоизи Қозоғистондан келтирилади, 50 фоизи Ўзбекистондаги ҳамкорлардан олинади, – дейди корхонанинг иш бошқарувчиси Элёр Насимов, – асосан мис ва альюминий сим кабель ишлаб чиқариш учун зарур маҳсулотлар ҳисобланади. Аввал симлар Хитойдан келтирилган махсус аппаратларда чўзилади. Кабелнинг ҳажмига мувофиқ симлар иккитдан ўн саккизтагача бир-бирига қўшилиб, эшилади. Бу симлар турли рангда бўлади. Улар керакли шаклга кирганидан сўнг аппаратга уланади ва устини елим (каучик)билан қоплаш учун йўналтирилади. Жараён бу билан тугамайди. Шундан сўнг кабеллар 200-500 метрли қилиб ўралади ва яна махсус аппаратда улар қадоқланади.  Иш жараёни оғир эмас. Деярли ҳар бир ишни техника бажаради. Яъни ҳамма иш автоматлаштирилган. Бугунги кунда 20 та иш ўрни яратдик. Келгусида яна иш ўринларини кўпайтириш ниятидамиз. Чунки иш ҳажми катта. Ишчиларимизга махсус кийим-бош, уч маҳал иссиқ овқат берилмоқда. Ҳозирча кабелларимиз ички бозорда сотиляпти, келгусида қўшни давлатларга, Россияга экспорт қилиш учун ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориляпти.

Кабель ишлаб чиқариш корхонасидаги шароитлар билан танишар эканмиз, ишчилар ойлик иш ҳақидан ҳам, бу ердаги шароитлардан ҳам мамнун эканлигини айтишди.

Сўзимизни машҳур саркарда Амир Темурнинг ушбу гаплари билан якунламоқчимиз.

“Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”. 

Юртимизда тадбиркорлар кўпаяверсин.