Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Янгиқўрғонда пиёдалар йўлаги (тротуар)ни машиналар банд қилиб олган

Пиёдалар хавфсиз ҳаракатланяптими? Улар тротуардан юраман десаю, тротуарнинг ўзи бўлмаса…

Йўлларда машиналар қатнови кўпаймоқда, авваллари битта хонадонда битта автоулов бўлган бўлса, бугунги кунда бир хонадонда икки, баъзиларда учталаб автомобил бор. Бу эса йўлларда ҳаракатнинг ортишига ва тирбандликнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Йўл ҳаракати иштирокчиларининг энг кўпи пиёдалар ҳисобланади. Ўқувчилар, ишчилар, кексалар, хуллас, барча тоифадаги одамлар. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, йўлларда пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида пиёдалар йўлакчалари қурилади, зебра чизиқлари чизилади. Статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, йўл-транспорт ҳодисаларидан энг кўп жабр чекадиганлар ҳам пиёдалардир. Пиёдаларнинг шикастланишига, баъзан уларнинг ўлими билан тугайдиган ҳодисаларга бир нечта омиллар сабаб бўлиши мумкин. Ана шуларнинг энг асосийси, уларнинг белгиланмаган жойдан кўчани кесиб ўтиши ва пиёдалар йўлакчасидан фойдаланмаслигидир.

Биз Бувайда туман маркази ҳисобланган Боғи Эрам кўчасида (Янгиқўрғонда) кичик бир тадқиқот ўтказдик. Бу ҳудудда кўплаб ташкилотлар, банклар, нотариус, қурилиш моллари дўкони, қаҳвахона ва ҳайдовчилик мактаби, ўқув курслари, аптека, “Ансор” савдо мажмуаси жойлашган. Янгиқўрғон-Қўқон йўлининг ўнг тарафида, ҳар тугул пиёдалар учун йўлаклар ҳали тўла “ишғол” қилинмаган. Тротуар тадбиркорлар томонидан бетонланиб, текис қилиб қўйилган. Ҳар ҳолда ҳайдовчилар машинасини йўлак устига қўймайди.

Йўлнинг чап томонида эса пиёдалар учун ҳеч қандай шароит йўқ. “Юлдузча” қаҳвахонаси ёнидан то светафоргача бўлган ҳудудда пиёдалар катта йўлдан ёки автомобиллар оралаб етиб олиши мумкин. Ҳайдовчилар бу ерга ўз машиналарини тартибсиз ҳолда қўйиб кетаверишади. Ваҳоланки, йўлнинг нариги тарафида тадбиркор томонидан “Бепул стоянка” ташкил қилинган. Ҳеч ким 30 ёки 50 метр юриб, ўша ерга машинасини қўйиб чиқишни хоҳламайди.

Биз йўлни тўсиб қўйган тадбиркор билан гаплашганимизда у: “Бу ерда ҳеч қандай пиёдалар йўлакчаси бўлиши мумкин эмас. Чунки мана бу бино йўлни бетон билан тўсиб, ўзига “стоянка” қилиб олган. Мен ўз маҳсулотларимни ўша бетонга мослаб қўйганман. Агар йўлнинг шу қисмини тегишли мутасаддилар очиб қўйинглар, деса бемалол очиб қўйишим мумкин. Нега сизлар фақат мендан йўлни очишимни сўраяпсизлар?” дея саволимизга савол билан жавоб берди. Йўловчилар тротуар йўқлигини, йўл четида ҳаракатланиш ноқулайлигини, машиналар пиёдалар ҳаракатига ҳалақит беришини айтишди.

Бу масала сизнинг ҳудудингиз учун қанчалик аҳамиятли? Сиз яшаётган қишлоқда ҳам пиёдалар шундай муаммога дуч келишадими? Бу ҳақда бизга ёзинг. Масаланинг долзарблигини инобатга олиб, туман ҳокимлигининг қурилиш бўйича ўринбосари, тегишли мутасадди ташкилотлар эътибор қаратишади деган умиддамиз. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.