Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Ҳиндистон таассуротлари: журналистлари дунё кезиши керак экан

Ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар Ҳиндистон журналистлари ассоциацияси – Ҳиндистон матбуот клуби таклифига биноан 21-28 ноябрь кунлари ушбу мамлакатда бўлди. Делегация аъзолари орасида мен ҳам Ҳиндистон сафарида бўлиб қайтдим. Расмий учрашувлар, ҳамкорлик мулоқотлари, матбуот конференцияларидан ортиб журналистлар Деҳли, Жайпур, Агра, шаҳарларида қадим Ҳиндистон обидалари, Бобурийлар қолдирган тарихий ёдгорликлар билан ҳам танишдик. Олам-олам таассуротлар билан қайтдик. Қуйида ушбу саёҳат ҳақидаги таассуротларимни сизнинг эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.

Дастлабки мулоқот Ҳиндистон матбуот клубида бўлиб ўтди. Унда фарғоналик журналистлар Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳaтлар, жумладан, сўз ва матбуот эркинлиги ҳақида гапириб бердилар. Ҳиндистон журналистлари ассоциацияси – халқаро матбуот клуби президенти ва бошқарув аъзолари сўзга чиқиб, Фарғона вилояти журналистлари билан мулоқот, амалий ҳамкорлик икки мамлакат муносабатлари мустаҳкамлигига хизмат қилади, дея таъкидлашди. Томонлар 2024 йил учун ўзаро ҳамкорлик келишувини имзоладилар. Тантанали маросим чоғида Ҳиндистоннинг энг оммабоп нашрлари бош муҳаррирлари, телеканаллари раислари, интернет сайтлари бошқарувчи ва муҳаррирлари Маноранжан Бҳарати, Аниш Кумар, Ашроф Али ва яна ўн нафар бошқарув аъзолари иштирок этди. Учрашувда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Муваққат ишлар вакили Азиз Баратов иштирок этди ва томонларни амалий келишув имзолангани билан табриклади.

Учрашув ва мулоқотлардан сўнг делегациямиз аъзолари Янги Деҳлидаги «Ҳиндистон дарвозаси» томон йўл олишди. Ушбу дарвоза инглиз-афғон уруши ва биринчи жаҳон урушида ҳалок бӯлган ҳинд аскарларининг хотирасига ӯрнатилган экан. Унда 90 минг нафар аскар номи ӯйиб ёзилганлиги билан машҳур бўлган «Ҳиндистон дарвозаси» ёнида қурилган номаълум аскар қабридан доимо зиёратчилар қадами узилмас экан. Сафаримизнинг иккинчи куни эски Деҳлининг диққатга сазовор жойларини томоша қилдик. Қизил қалъа. Деҳли шаҳрида жойлашган Лал қалъа ёки Қизил қалъа 1652 йилда Буюк Бобурийлар авлоди Шоҳжаҳон томонидан қурилган ва у 200 йил давомида яъни 1856 йилгача империя қароргоҳи бўлган. Шоҳжаҳон империя пойтахтини Аградан Деҳли шаҳрига кўчиришга қарор қилган. 1638 йилда Қалъа қурилиши бошланган. Буюк қалъа Ёмун дарёси бўйида ғоят кўркам бир неча сарой, қароргоҳ, саломхона, хосхона, ҳаммом, фантан, ижодхона каби бинолардан иборат. Атрофи баланд ва қалин деворлар билан ўралган. Саҳн, боғ-роғ, сайлгоҳлар бўлган. Шундан сўнг делегация аъзолари билан Ҳумоюн мақбарасига йўл олдик. Ҳумоюн мақбараси — Ҳиндистондаги меъморий ёдгорлик. Деҳли шаҳрида Ҳумоюннинг ўғли Акбаршоҳ томонидан қурилган. Мақбара мурабба тарҳли, қизил қумтош ва оқ мармардан бунёд этилган, 2 қаватли. Пастки қаватига равоқлар қатори ишланган. 2-қавати – асосий бино 3 қисмдан иборат бўлиб, бош тарзи пештоқ-равоқли, марказий хона қўш гумбазли, унинг ёнидаги доира-кўшк шаклидаги хоналар тепасига гумбазли қафасалар ишланган. Мақбаранинг ўзи атрофи девор билан ўралган чорбоғнинг марказида жойлашган, чорбоғ ҳудуди ариқлар билан бўлакларга бўлинган чорчамонлар, кўкаламзорлардан ташкил топган. Мақбара чорбоғ кенглиги билан ўзаро уйғун аниқ ва гўзал ечимини топганлиги билан диққатга сазовор. Мақбаранинг марказий гумбазли мужассамотида Ўрта Осиё ва Эрон меъморлигининг таъсири сезилади. Ҳумоюн мақбараси кейинчалик бунёд этилган Тожмаҳал учун намуна вазифасини ўтаганлигини билиб олдик. Ижодий сафаримиз мобайнида Деҳли шаҳрида жойлашган Қутб Минор меъморий ёдгорлигини томоша қилиш бахтига ҳам сазовор бўлдик. Қутб Минор – Шарқ меъморлигининг ноёб намунаси. Деҳлида вафот этган ўшлик дин арбоби Ҳожи Қутбиддин Бахтиёр шарафига бунёд этилган . Деҳли сарҳадларида бўй чўзиб турган 73 метрлик Қутб Минор, айниқса, бизда катта таассурот уйғотди. Ҳиндлар Қутб Минорни пойтахтнинг ажойиб ёдгорлиги ва рамзларидан бири, дея ҳисоблар экан. Нафақат Ҳиндистон, балки жаҳон халқлари учун қимматли бўлган ушбу объект 1192 йили ҳиндлар устидан ғалаба қозониб, Деҳлининг биринчи султони бўлган Қутбиддин Ойбек томонидан “Зафар минораси” сифатида қурдирилган экан. Қизғиш қумдан кўтарилган ёдгорлик мамлакатдаги мусулмонларнинг илк обидаларидан ҳисобланаркан. Сафарнинг учинчи куни Ҳиндистоннинг шимолий ғарбидаги Аравали тоғлари этагида жойлашган Жайпур шаҳри томон йўл олдик. Ушбу шаҳар Ражастаннинг Пушти шаҳри деб ҳам аталар экан. Йўл-йўлакай ҳинд халқининг деҳқончиликлари, йўл ёқасига ажиб гўзаллик бахш этиб турган ёввойи ҳинд гулларини, табиатини томоша қилиб кетдик. Жайпур ўзининг ўзгача табиати, маданияти, аҳолисининг яшаш тарзи билан делегациямиз аъзоларини лол қолдирди. Жайпурга 1728 йили асос солинган экан. Бу ерда 3,5 миллиондан зиёд аҳоли яшаркан.

Шаҳар марказидаги қўрғонда 18 асрда қурилган сарой комплекси бўлиб, унда Чандра Маҳал саройи, бадиий музей, Жантар-Мантар расадхонаси, Ҳаво Маҳал ва бошқа меъморий ёдгорликлари сақланган. Шаҳар деворидан ташқарида, жанубда 19 аср ўрталари ва 20 асрда Жайпурнинг янги қисми қурилганлиги ҳақидаги маълумотлар бизни ушбу шаҳарга бўлган қизиқишимизни янада оширди. Жайпурдаги савдо маркази, транспорт йўллари тугуни, ип газлама, кўн пойабзал, керамика, электротехника, озиқ-овқат саноати корхоналари, темир йўл ва автомобиль таъмирлаш устахоналаридаги қизғин иш жараёнларини бизни бефарқ қолдирмади. Айниқса, қўлда фил суяги, мармар, металлдан ясалган бадиий, заргарлик буюмлари, қўлда тўқилган ҳар хил газламалар бежиримлилиги, бошқа жойларда такрорланмаслиги билан ҳар қандай кишини ўзига ром қилади. Бу ердаги биргина Университетда нафақат маҳаллий, балки чет элдан келган талабалар ҳам таҳсил олади. Туризм ўта ривожланган Жайпур доимо саёҳатчилар билан гавжум. Делегация аъзолари Жайпурдаги меҳмонхонага жойлашгач, Бирла ёки Лахми Нараян ибодатхонаси деб аталадиган ҳинд мажмуаси билан таништирилди.

Жайпурдаги саёҳатнинг иккинчи куни Амбер қалъаси, Жал Маҳал, Ҳава Маҳал, Жантар Мантар – астрологик ёдгорлик ва шаҳар саройини зиёрат қилдик. Шундан сўнг ҳамроҳлар билан Агра шаҳри томон йўл олдик. Агра – Бобур Мирзонинг набираси Акбаршоҳнинг илк пойтахти эди ва у бу ерда зўр истеҳком қурдирди. Йўл-йўлакай Аграга етмасдан тахминан етмиш чақирим нарида Акбаршоҳ қурдирган шаҳар Фотиҳпур-Сикри, унинг гўзал масжиди, ғаройиб баланд дарвозаси ва бошқа кўплаб ажойиб биноларини зиёрат қилдик. Акбаршоҳ қурган бу шаҳар сайёҳлар энг кўп борадиган жойга айланган экан.

Йўлда давом этиб ва ниҳоят, Ҳиндистоннинг шимолидаги Уттар-Прадеш штатида, Жамна (Ямуна) дарёсининг ўнг соҳилида жойлашган, 1,5 миллион киши истиқомат қиладиган Агра шаҳрига етиб келдик. Агра XVI-XIX асрларда Бобурийлар пойтахти бўлган. Ушбу шаҳарда XVI-XVII асрларга доир мусулмон меъморчилигининг ажойиб ёдгорликлари сақланиб қолган. “Агра-Форт” (XVI аср) қасри ва унинг ичидаги “Марварид масжид” (XVII аср) каби бир қанча саройлар шулар жумласидандир. Ниҳоят орзиқиб кутилган Шарқ меъморчилигининг ажойиб намунаси бўлган Тожмаҳал дарвозалари Фарғона журналистларига эшикларини очди. Дунёнинг ноёб мўъжизаларидан бири сифатида эътироф этиладиган Тожмаҳал Шоҳ Жаҳон томонидан, унинг суюкли рафиқаси Мумтоз Маҳал бегим хотирасига бағишлаб барпо этилган. Мажмуа хиёбонлар ва катта боғ билан қуршалган. Атрофда эса ястанган далалар, Жамна дарёси бир маромда, сокинлик билан оқади. Шунингдек, Аградаги Жоме масжид (1628 йил), Эътимод уд-Давла мақбараси (1628 йил) жаҳон меъморчилиги дурдоналаридан ҳисобланади. Буларни қуришда ҳинд усталари билан бирга Бухоро ва Самарқанд усталари ҳам қатнашган экан. Ҳаш-паш дегунча, бир ҳафталик Ҳиндистон сафари ҳам ниҳоясига етди. Олам-олам таассуротлар билан ҳинд юртидан қайтар эканмиз, қалбимизнинг бир четида Бобур бобомиз меҳр қўйган ҳинд юртига меҳр уйғонди, ҳинд ҳамкасбларимиздан нималарнидир ўргандик, уларга нималарнидир бера олдик, Бобурийлар қолдирган ўлмас ёдгорликлар, мажмуалар олдида бош эгиб, аждодларимизнинг эзгу ишларидан фахр-ифтихор ҳисларини туйдик.

Сафардан қайтиш чоғида бир ҳамкасбимиз “Яна бир бор амин бўлдимки, журналистлар дунё кезиши керак экан”, деб қолди. Барча ҳамкасблар унинг фикрига қўшилдик. Чиндан ҳам дунё кезиш керак экан. Бир томондан дунёни кўрар экансиз, шу юртнинг мааданиятини, одамларининг яшаш тарзи кўраркансиз, дўстлар ортираркансиз. Энг муҳими, жонажон Ўзбекистонимизни қиёси йўқлигини, жаннатмакон, бағрикенг юрт эканлигини юракюракдан ҳис қилар экансиз.

Азизахон СОЛИЕВА, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси.