Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бувайдалик ҳунармандлар

Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги аксарият маҳаллаларда аҳолининг салмоқли қисми бобомерос касб – ёғоч ўймакорлиги, дурадгорлик, темирчилик, эшик-ром, турли мебель жиҳозлари тайёрлаш билан шуғулланади.

Хусусан, «Чўмбоғиш» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 850 та хонадонда 5 минг 386 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла раиси Толибжон Хушназаровнинг айтишича, 400 дан ортиқ хонадон аъзолари замонавий эшик-ромлар тайёрлаш цехларини очган. Бу хонадонларда тайёрланаётган маҳсулотлар Фарғона водийсидан ташқари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм сингари қатор вилоятларга етказиб берилмоқда.

– Хонадонимизда цех ташкил этиб, 35 та доимий иш ўрни яратганмиз, – дейди ҳунармандлардан бири Баҳодир Набижонов. – Маҳалланинг ўзида савдо дўконлари фаолияти ташкил этилган, улгуржи нархда хом ашё етказиб берувчи тадбиркорларимиз ҳам бор.

Сифатли эшик-ромлар харидоргирлиги учун йил давомида иш жараёни бир кун ҳам тўхтамайди. Оиламизнинг йиллик даромади ўртача 450-500 миллион сўмга етади.

Маъмиржон Қўрғоновлар оиласи ҳам ўнга яқин маҳалладошларини ишли қилган. Тошкент шаҳрида савдо дўкони ташкил этиб, мамлакатимиз бўйлаб эшик-ромлар етказиб бермоқда.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан бувайдалик ҳунармандларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида 22 гектар майдонда мебелчиликка ихтисослашган савдо ва ишлаб чиқариш маркази барпо этиляпти. «Чўмбоғиш» МФЙ ҳудудида 500 га яқин ҳунарманд оилаларга мўлжалланган эшик-ромлар савдоси учун замонавий мажмуа ҳамда транспорт-логистика маркази қурилиши ишлари ҳам ниҳоясига етмоқда.

– Маҳалламизнинг миллионер тадбиркорлари четдан олиб келинаётган хом ашёларни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам истиқболли бизнес-режалар тақдим этаётгани қувонарли, – дейди Толибжон Хуназаров. – Бу ишлаб чиқариш ҳажми ва кўламини ошириш, маҳсулотларимизни ички бозор эҳтиёжидан ташқари экспорт қилиш имконини ҳам беради.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Изоҳ қолдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *