“ҲАМИША КУЙЛАГАЙМАН ҲУР ВАТАН ДЕБ, КЎЗИМГА ТЎТИЁ ҲАМ НУР ВАТАН ДЕБ…”
(ўтган таниқли шоир Қодир Деҳқон хотира кечасидан)
Жаннатмонанд Бувайдамизда туғилиб, шу ерда яшаб, кўнглидаги борини оқ қоғозга тўкиб, ҳеч бир илинж-иддаосиз ижод қилган шоир Қодир Деҳқон шеърларида бадиият билан юкинган сўзларнинг инжа ҳаракатини мароқ билан кузатиш мумкин. Улардаги самимият, бадиий сўзга ошуфталик ва шайдолик шоирнинг ҳар бир сатрида манаман деб туради. Ана шу самимият шеърхон қалбини беозор забт этади, уни шоирнинг бадиий тафаккур оламига олиб киради. Шу боис шоир шеърларининг мухлислари, шайдолари бисёр. Шу боис Қодир Деҳқон номи кунда, кунора адабиёт анжуманларида, тадбирларда, давраларда ҳурмат ила тилга олинади. Шеърлари ёд олинади, унинг сўзи билан айтиладиган қўшиқлар куйланади.
Туман ахборот-ресурс маркази, туман маданият бўлими ҳамда шоирнинг оила аъзолари билан ҳамкорликда китоб ҳафталиги доирасида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ташкил этилган “ Йўқланур ўрнинг ҳамиша, ортда бор зурриёдлар”, деб номланган хотира кечаси ҳамда яқиндагина китобхонлар эътиборига ҳавола этилган “Истараси иссиқ одамлар” китобининг тақдимот маросими шоирга бўлган ҳурмат, муҳаббат рамзи бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Туман мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган мазкур анжуманга ташриф буюрган адабиётшунослар, шеърият ихлосмандлари, шоирнинг ёру биродарлари, у билан бирга меҳнат қилган фахрийлар, таълим олган мактаб ўқитувчи -ўқувчилари, яқинлари ҳамда фарзандлари қалбида биргина мақсад– уни ёд олиш, бебаҳо меросидан баҳраманд бўлиш эди.
Кечага ташриф буюрган туман ҳокими ўринбосари Ғайратжон Мамажонов, Қўқон давлат педагогика олийгоҳи доценти, “Турон” академияси академиги Мўминжон Сиддиқов шоир шахси ва ижоди тўғрисида илиқ ва самимий фикрлар билдиришди. Айниқса, академикнинг Қодир Деҳқон ҳақидаги “Шоирликни даъво қилмаган шоирнинг бадиий жиҳатдан ҳам, шакл жиҳатдан ҳам мукаммал, гўзал шеърларини ўқиганингиз сари ўқигингиз келаверади, ҳар сафар ўқиганингизда янги-янги манзаралар, қарашлар кашф этаверасиз”, деган самимий фикрлари шоир шеъриятининг ҳақиқий ихлосмандлари қалбидаги фикрлар уйғунлашиб кетган бўлса ажаб эмас.
Саҳнада Қодир Деҳқоннинг “Мирзо Бобурман” шеъри янграганда иштирокчилар қалбида она Ватанидан йироқда соғинч ва изтиробда ҳаёт кечирган Бобур қиёфаси гавдаланса, туман маданият уйи қошидаги “Табассум” ашула ва рақс халқ дастаси хонандалари ижросидаги “Бувайдам” қўшиғи ҳар бир бувайдаликлар қалбини фахр ва ифтихорга тўлдирди.
Шоирнинг “Менинг далам”, “Бир гўзал япроқ” шеърий тўпламларига кирган ва кирмаган шеърларини фарзанди, филология фанлари номзоди , Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Акрамжон Деҳқонов саралаб, нашрга тайёрлаган “Истараси иссиқ одамлар” китобидан жой олган аксарият шеърлар туман ахборт-ресурс маркази ходимлари ҳамда шоир таълим олган 9-умумтаълим мактаби ўқитувчи ҳамда ўқувчилари томонидан айтилгани ҳам ҳамюртларимиз шоир ижодига, шеъриятига бефарқ эмасликларидан далолатдир. Ҳатто, бошланғич синф ўқувчилари ҳам шоир шеърларини маромига етказиб айтганликлари диққатга сазовордир.
Учкўприклик таниқли сўз устаси Мансуржон Охуновнинг Қодир Деҳқон ҳаёти ва ижодий фаолиятидаги эсда қоларли воқеалардан сўзлаб берди.
Шоирнинг фарзандлари Аъзамжон Деҳқонов ҳамда Нодирахон Ўктамова падари бузрукворлари ҳақидаги хотиралардан сўзлашаркан, оталарининг мухлислари, шинавандалари кўплигидан, ҳамкасбу биродар дўстлари яхши хотиралар билан уни эслашаётганидан мамнун эканликларини изҳор қилишди ҳамда унга муносиб фарзандлар бўлишга ҳаракат қилажакларини айтишди.
Сўзга муҳаббат, адабиётга хизмат, элга эҳтиромнинг умри узун бўлади, дейишади. Юракларга ёруғлик олиб кирувчи, вақтлар ўтса-да Қодир Деҳқон номи мухлислари, бувайдаликлари қалбида мангу яшайверади.
А. СОЛИЕВА,
М. ЭРГАШЕВА.








