Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Онлайн қимор тузоғи

Кейинги пайтларда интернетдаги таваккалчиликка асосланган қимор ўйинларининг аянчли оқибатлари ҳақидаги нохуш хабарлар тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Ва ачинарли жиҳати шундаки, онлайн қимор билан боғлиқ жиноятлар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда 55 та, 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та ва 2022 йилда эса 90 дан ортиқ айнан шундай турдаги жиноятлар содир этилган.

Мутахассисларнинг билдиришича, бундай ўйинлар инсонда қарамликни вужудга келтириб, катта миқдордаги пул маблағлари сарфлашига ва айрим фуқароларнинг ўз жонига қасд қилиш, фирибгарлик, бюджет маблағларни талон-тарож қилиш каби ҳаркатлар содир этилишига сабаб бўлмоқда. Бундай иллатга берилиш ҳеч қачон хайрли якун топмайди, яъни қиморга берилган кимсанинг охир-оқибат топгани афсус-надомат ва пушаймонлик бўлади.

Харом топилган бойликдан хазар қилмайдиган айрим блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлари орқали ҳанузгача онлайн қимор ўйинларини кенг тарғиб қилиб келаётганликларини кўриш мумкин. Улар ҳатто онлайн қимор ўйинини қандай ўйнаш кераклиги бўйича махсус видеодарсликлар жойлаб, содда аҳолини, айниқса, ёшларни ўйинда ютиш мумкинлигига ишонтиришмоқда. Уларнинг асл мақсади эса обуначилари сонини кўпайтиришдир. Ўйин структурасининг нечоғлик муғомбирона ўйлаб чиқилганлиги ҳақида маълумотга эга бўлмаган, осон пул топиш илинжидаги содда фуқаролар эса уларга кўр-кўрона эргашмоқда, охир-оқибат муаммодан қутуламан деган хомҳаёл ичида ўз жонига қасд қилиб, оила аъзоларини доғда қолдириб кетмоқда. Онлайн қимор ортидан бошланган муаммо шу билан ҳам якун топмайди. Марҳумнинг бошлаб қўйган қилмиши учун яқинлари ҳам товон тўлашга мажбур бўлиб қолишаяпти.

Узоққа бормайлик, ўз туманимиз аҳолиси ўртасида ҳам шундай тузоққа тушган биродарларимиз талайгина. Жумладан, бир яқинимнинг жондан азиз фарзанди, оилали – гулдек турмуш ўртоғи, битта ўғилчаси бор, янги хонадонга кўчиб ўтган, янги автомашина сотиб олган йигит Ахроржон Валиев (исми ўзгартирилган) тўқликка шўхлик қилдими, билибми, билмайми, телефонига келган тасодифий интернет хабари орқали онлайн қимор сайтига кириб қолган. Дастлаб, шунчаки иштирок этмоқчи бўлган ва шахсий маълумотларини киритиб, сўровнома тўлдирган. Биринчи ўйинда ғолиб бўлиб, ҳисоб рақамига 1 млн. сўм пул маблағи келиб тушган. Бундан қувонган Ахроржон бу сохта ўйинни ўйнашда давом этган ва  иккинчи галда пластик картасидан 5 млн. сўм маблағ тикиб, уни ютқазиб қўйган. Йиқилган курашга тўймас, деганларидек, унинг кўнглида йўқотган пулларини ортиғи билан қайтариб олиш истаги пайдо бўлган ва яна ўйинни давом эттирган. Қарабсизки, гоҳ ютиб, гоҳ ютқазиб, ушбу таваккал ўйинга бутун фикри-зикри билан шўнғиб кетган. Оқибатда эса бор-будидан айрилиб, боши берк кўчага кириб қолган. Автомашинаси қўлдан кетган, уйини ҳам қиморда ютқазган, хотини фарзандини олиб кетиб қолган. Энди у нима қилсин? Гўё ҳаммаси бир зумда содир бўлгандек, гўё ҳаммаси тушдек… Дунё кўзига қоронғу кўринган Ароржон ўз жонига қасд қилди.

Яна бир тумандошимиз, икки фарзанднинг отаси, туппа-тузук оила бошқарувчиси, эндигина ўттиз ёшга тўлган Мансуржон эса (бунинг ҳам исми ўзгартирилган) қора ўйин тузоғига илиниб, ишидан ҳам айрилди, хотиню онасининг тилла буюмларини сотиб юборди, кейин акасининг машинасини сотди. Бўйнига каттагина қарз илиб, шу ёшидан ичкиликка муккасидан кетди. Отаси юрак хуружидан вафот этди. Онаси ўз фарзандининг бундай номақбул ишларидан ҳар қанча куйинса ҳам, дардини бировга айтолмайди. Бир оила ичдан емирилиб, адо бўлмоқда. Бундай мисолларни яна келтиришимиз мумкин.

Ҳурматли ота-оналар, бугун ёшлар ҳаёти телефонсиз ўтмаяпти.  Ундан қандай фойдаланаётгани, қайси интернет тармоқларига кираётгани, дўстлари ҳақида хабардор бўлишингиз  шарт. Чунки интернет тармоғининг фойдали, қулай ва тезкор жиҳатлари билан бирга фарзандларимизнинг соғлом ҳаётига тажовуз қиладиган, уларни тўғри йўлдан адаштирадиган иллатлари ҳам бор.

Қонунчиликда қиморга асосланган онлайн ўйинларни ўйнаш ва уни реклама қилишга доир жазо ва жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Аммо вазият онлайн қимор ўйинларини тақиқлаш ва ушбу қонунни бузганларга чора кўришнинг ўзи билангина муаммога буткул ечим топиб бўлмаслигини кўрсатмоқда.

Хўш, бундан қандай ҳимояланиш мумкин?

Бунинг ягона йўли таълим-тарбия билан боғлиқдир.

Айтмоқчимизки, ҳар бир ота-она боласининг дунёқарашида, онг-шуурида бу иллатларга қарши иммунитетни шакллантириш, уларга онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар инсон ҳаётини барбод қилиши, буларнинг оқибати афсус-надомат, пушаймонлик ва ҳатто фожеали тугашини тушунтириши зарур.

О. Абдураҳимова, “Бувайда кўзгуси” мухбири

Изоҳ қолдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *