Бувайда тумани 2-мактаб АКТга ихтисослаштирилган таълим муассасаси сифатида фаолият юритиб келмоқда. АКТ ўқитишни ривожлантириш, ўқувчиларга замонавий билимлар бериш учун моддий-техника базаси ҳам такомиллаштирилган.
16 та сўнгги русумдаги компьютер жамланмаси, электрон доска ва бир неча номдаги ўқув қўлланмалари берилган. Халқаро тоифадаги сертификатга эга бўлган 8 нафар информатика фани ўқитувчилари давлат таълим стандартлари бўйича тузилган махсус иш режа асосида дарс ўтадилар.
Информатика фани ўқитувчиси Аббос Қосимов ”Бир миллион дастурчи” лойиҳасида муносиб иштирок этиб, 5 миллион сўмлик ютуққа эришди.
Мактаб PISA халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастурида муваффақиятли иштирок этди.
Мактабда иккита синф 6-“Д” ҳамда 7-“Б”да ўтиладиган дарслар информатика ва компьютер технологияларига чуқурлаштирилган ҳолда ўтилади.
Ҳар иккала синф ўқувчилари Давлат тест маркази томонидан ўтказилган имтиҳонлар орқали саралаб олинган. Бугунги кунда оддий мактабларда информатика фани ҳафтасига бир соатдан ўтилса, бу синфларда мазкур дарс бир соат амалий ва бир соат назарий шаклда икки соатдан ўқитилади. Ўқувчиларга замонавий ахборот технологиялари, дастурлаш, СММ, маркетология сохаларига йўналтирувчи тўгараклар ташкил этилган.









