Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги аксарият маҳаллаларда аҳолининг салмоқли қисми бобомерос касб – ёғоч ўймакорлиги, дурадгорлик, темирчилик, эшик-ром, турли мебель жиҳозлари тайёрлаш билан шуғулланади.
Хусусан, «Чўмбоғиш» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 850 та хонадонда 5 минг 386 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла раиси Толибжон Хушназаровнинг айтишича, 400 дан ортиқ хонадон аъзолари замонавий эшик-ромлар тайёрлаш цехларини очган. Бу хонадонларда тайёрланаётган маҳсулотлар Фарғона водийсидан ташқари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм сингари қатор вилоятларга етказиб берилмоқда.
– Хонадонимизда цех ташкил этиб, 35 та доимий иш ўрни яратганмиз, – дейди ҳунармандлардан бири Баҳодир Набижонов. – Маҳалланинг ўзида савдо дўконлари фаолияти ташкил этилган, улгуржи нархда хом ашё етказиб берувчи тадбиркорларимиз ҳам бор.
Сифатли эшик-ромлар харидоргирлиги учун йил давомида иш жараёни бир кун ҳам тўхтамайди. Оиламизнинг йиллик даромади ўртача 450-500 миллион сўмга етади.
Маъмиржон Қўрғоновлар оиласи ҳам ўнга яқин маҳалладошларини ишли қилган. Тошкент шаҳрида савдо дўкони ташкил этиб, мамлакатимиз бўйлаб эшик-ромлар етказиб бермоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан бувайдалик ҳунармандларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида 22 гектар майдонда мебелчиликка ихтисослашган савдо ва ишлаб чиқариш маркази барпо этиляпти. «Чўмбоғиш» МФЙ ҳудудида 500 га яқин ҳунарманд оилаларга мўлжалланган эшик-ромлар савдоси учун замонавий мажмуа ҳамда транспорт-логистика маркази қурилиши ишлари ҳам ниҳоясига етмоқда.
– Маҳалламизнинг миллионер тадбиркорлари четдан олиб келинаётган хом ашёларни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам истиқболли бизнес-режалар тақдим этаётгани қувонарли, – дейди Толибжон Хуназаров. – Бу ишлаб чиқариш ҳажми ва кўламини ошириш, маҳсулотларимизни ички бозор эҳтиёжидан ташқари экспорт қилиш имконини ҳам беради.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».









