Сешанба, Апрель 21, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Мактаб боғидаги мевали дархтлар нега кесиб юборилди?

Бувайда туманидаги 9-мактабда бундан ўн йиллар муқаддам барча ўқитувчилар ташаббуси билан 20 сотихли ер майдонига 50 дан зиёд мевали дарахтлар экилган эди.

Исми очиқланмаслигини истаган ўқитувчининг айтишича, ўша пайтда кимдир икки туп ўрик, яна кимдир икки туп хурмо, яна кимдир шафтоли, кимдир эса олма кўчатларини олиб келиб эккан. Кўчатлар бирин-кетин мевага киргач, бу мевалардан ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам баҳраманд бўла бошлаган.

Афсуски, эндигина дарахтга айланган, меваси кўпайишни бошлаган бу боғ бир неча соатларда кесиб ташланибди.

Ўқитувчилардан бу ҳақда сўраганимизда, улар раҳбарлар босимидан қўрқиб гапиришни исташмади. Фақатгина бир ўқитувчи аёл “исми шарифимни  ёзмайсиз, директор менга кейин босим ўтказмасин. Бу дарахтларни борлигида мен расмга олиб қўйгандим. Бир нарсани тушунмадим. Директоримиз боғни яксон қилиш учун бирор ташкилотдан рухсат олганмикин, президентдан тортиб энг кичик раҳбаргача ўлкамизни боғу роғга айлантирайлик, яшил макон дастури, деб айтаётган бир пайтда боғимизни нега кесишди экан, ҳайронман. Йиғилиш қилиб бирорта ўқитувчидан рухсат ҳам сўралмади, ўқитувчи ва педагоглар фикри ҳам олинмади”.

Мактабга борганимизда директор бўш ерга мажнунтол дарахтини экаётган экан, биринчи берган саволим қуйидагича бўлди.

  • Домла, мени ҳайрон қолдирдингизку, ўн сотихча ердаги боғни вайронага айлантирибсиз, энди бу дарахтни экаётганингизни сабаби нимада?
  • Бу мажнунтол дарахти. Мактабнинг кириш қисмида бор. Ўшани кўпайтирмоқчимиз. Энди сиз айтган боққа келсак, у ерда 3-4 йиллик дарахтлар бор эди. Мактаб ўқитувчи ва ўқувчилар ҳашар йўли билан экилганди. Бир мева аввалроқ, яна бири кечроқ пишгани учун даромад олиб бўлмасди. Шунинг учун дарахтларни кесдик. Ўрнига бодом кўчати экмоқчимиз. Бир хил мева эксак ва у бир пайтда пишса, мактаб бюджети учун сармоядан ташқари анчагина маблағ топиш мумкин,  -деди мактаб директори Холмат Каримов.

Шунингдек, домла бу ерга экиш учун олиб қўйилган 100 туп бодом кўчатларини ҳам кўрсатди.

  • Бодом кўчати экмоқчимиз. Бунинг учун ўзимизнинг пулимизга Қувадан энг яхши бодом кўчатларини олиб келдик. Уни тез кунларда экамиз, – деб қўшимча қилди директор.

Директор қонунни буздими?

Биз шу савол билан Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Гулноза Тўхтасиновага юзландик.

  • Дарахт кесишга уч йиллик мораторий эълон қилинганлиги рост. Бу мораторийда манзарали, кўп йиллик дарахтлар кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддасида кўрсатилган “Ёғоч олиш ва мевалар етиштириш учун махсус экилган, юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлган дарахтлар ва буталарни (тераклар ва бошқа тез ўсадиган турлар, тутзорлар, мевали дарахтлар ва буталар) кесиш учун рухсатнома талаб қилинмаслигини қайд этиб ўтилган. Шунинг учун мевали ва терак дарахтини кесган фуқароларга маъмурий жавобгарлик белгиланмаган. Мевали ва терак дарахтларини кесиш учун ҳудудлардаги экология бўлимларидан рухсат олиш шарт эмас. Лекин табиат ресурслари масъуллари мевали дарахтларни кесишни оқламайди, – дейди Гулноза Тўхтасинова.

Дарахт кесишда қонун бузилиши ҳолати йўқ экан, аммо …

Хулоса ўзингиздан.

Шарифа МАДРАҲИМОВА.

Изоҳ қолдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *