– Юрсанг-чи, нега иккиланасан? Бу бизнинг йўл!
– Ҳой, кўзингга қарамайсанми? Менинг йўлим бу!
-Бу пешеход -ку, биз юришимиз керак биринчи.
–Машиналар тўхташга мажбур, бу – пешеход …
Пиёдалар ўтиш йўлакчасидан юраётган ҳар бир одамнинг хаёлида ҳам, тилида ҳам шундай гап-сўзлар янграйди. Буларнинг қанчалик тўғри эканини биласизми?
Бувайда туман маркази Янгиқўрғон серқатнов, ниҳоятда гавжум шаҳарча. Айниқса, чорраҳа атрофида ҳаракатланиш ҳушёрликни ва йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишни талаб этади. Пиёдалар катта асфальт йўлнинг исталган жойидан кесиб ўтавермаслиги, фақат пиёдалар ўтиш йўлагидан юриши кераклиги учун зебралар чизилган. Ва бу пайтда телефондан фойдаланиш таъқиқланади. Афсуски, кўпчилик пиёдалар йўлакча дан ўтиш қоидаларини бузадилар.
Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, баъзи бир пиёдалар ўтиш жойларидан эътиборсизлик билан, “ҳозир менинг йўлим очиқ, машина тўхташи шарт”, дея ўқдек учиб келаётган машинага парво қилмай, “иммиллаб” йўлни кесиб ўтади. Ёки бир нечта автомобилларнинг уни кутиб турганини ҳис қилмасдан лоқайдларча, фарзанди қўлидан ушламай, ёнидаги кекса одамга йўл бермай, телефонда гаплашиб ўтаверади.
Пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган йўловчилар агар светофор бўлса, унинг ишораларига амал қилишлари шарт. Агар светофор бўлмаса, яқинлашаётган транспорт воситаларигача бўлган масофани ва уларнинг тезлигини чамалаб кўриб, ўзлари учун хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг ўтишлари рухсат этилади.
Ҳайдовчи пиёдаларнинг светофорсиз ўтиш жойларига яқинлашаркан, шу йўналишнинг қатнов қисмида бўлган пиёдаларни ўтказиб юбориш учун тезликни камайтириши ёки тўхташи керак.
Японияда пиёдалар ўзига йўл берган ҳайдовчиларга миннатдорлик билдириб, таъзим қилиб ўтадилар. Қачонки ҳайдовчи билан пиёдалар ўртасида ўзаро ҳурмат бўлса, улар йўлда юриш қоидаларига ва маданиятига риоя қилсалар, йўл-транспорт ҳодисалари сони камаяди.
Одина АБДУРАҲИМОВА, “Buvayda ko`zgusi” мухбири









