“ҲАР ТУП ҒЎЗА БОЛАМДЕК АЗИЗ” – дея эрта тонгдан қўлтиқтаёқда даласига отланаётган Патилахон Эргашевани кўрган қўни-қўшнилари, қишлоқдошлари сира ажабланишмайди.
Улар онахоннинг бу одатига ўрганиб қолишган, қолаверса, даласига ўзгача меҳр қўйганини, меҳнат қилмай туролмаслигини яхши билишади. Қаҳрамон онахонни ҳар кўрганларида у билан хол-аҳвол сўрашади-да, унга куч-қувват тилашади. Кўпинча ҳамқишлоқлари уни ўз уловида далага олиб бориб қўйишни таклиф қилади. Онахон унамайди. Баҳорнинг илиқ шабодаси танга ҳузур бағишлаб эсаётган шундай паллаларда даласига пиёда юриб боргиси, ҳар бир майдонда амалга оширилган ишларни ўз кўзи билан кўргиси, баҳра олгиси келади.
Уйидан дала шийпонигача 35 дақиқада етиб келган Патилахон она шийпондаги сўрига ўтириб, дуо қилгач, икки невара келини соғиб қўйган сутни сепаратордан чиқаришни бошлайди.
– Бизга бу юмушни ишонмайдилар, – дейди кулиб ўртанча невара келини. -Буви қўяверинг, ўзимиз қиламиз десак ҳам кўнмайдилар.
Оддийгина кўйлак, рўмол ва нимчада қаймоқ чиқариб ўтиришини кўрган одам бу аёлнинг Ўзбекистон Қаҳрамони эканлигига, тўғриси, ишонмайди. Ахир қаҳрамонлар ўзига бино қўйган, ял-ял ёниб, атласу ипак кўйлакларда юрувчи одамлар бўлади, деб ўйлаймиз-да. Патилахон онанинг баҳор қуёшидан куйган кулча юзларида табассум пайдо бўлади. Бизни самимий қаршилайдилар. Қаҳрамоннинг дуосини олгач, саволларимизни ёғдирамиз.
-1981 йили далада бригадирликдан иш бошлаганман, – дейди Патилахон она. – Далада ишлашни яхши кўрардим. Айниқса, кетмон чопиш жону дилим эди. Дадам раҳматли ҳам бригадир бўлган. Мен у кишининг ўрнига бригадир бўлганман. Ғўзани ҳам ҳавас ва ҳафсала билан чопардим. Бу иш менга ёқарди. Ёнимдаги қизларнинг ҳам чопиғини текшириб кўрардим. Азбаройи қизиққанимдан даланинг у бошидан бу бошигача чопиқни текшириб бориб-келардим. Кейин агар қизлардан кимдир яхши чопмаган бўлса, уни табелчига “Бу қизга ҳақ ёзманг, этак тарафни яхши чопмабди, фақат сиз кўрадиган жойни чопибди холос” дея айтиб берардим.
Ҳеч қандай қишлоқ хўжалигига оид олий ўқув юрти тугул техникумни ҳам тамомламаган, агроном бўлмаган Патилахон Эргашева ер илмини қаердан ўрганган?
-Меҳнат қилган одам кам бўлмас экан. Даланинг ичида юраверсангиз кўзингиз пишиб, қаерга қачон нима экишни, экинни қачон суғоришни, қачон чопиқ қилиб, ҳосилни қачон йиғиб олишни билиб олаверар экансиз. Тинимсиз меҳнат қилдим. Ёзнинг жазирамасида ҳам, қишнинг қаҳратонида ҳам даладан келмадим. Ҳар бир ғўзани ўз боламдек парвариш қилдим. Балки шунинг учун қаҳрамонликка лойиқ кўрилгандирман, – дейди Патилахон Эргашева.
У ўзи раҳбарлик қилган фермер хўжалиги ерларини “отамдан қолган далалар”, дейишни хуш кўради. Сабаби, худди шу ерларда унинг дадаси бригадирлик қилган экан. Ҳозирги кунда фермер хўжалигини набираси бошқармоқда. Лекин Патилахон Эргашева уйда тинчгина ўтирадиган аёл эмас. Набирасига ишонмаганидан эмас, каттанинг йўриғи бошқалиги, кўпни кўрганлиги учун ҳар юмушнинг бошида туришни ўзига одат қилган қаҳрамон онахон ҳанузгача тиниб-тинчимайди.
– Ёшим 70 га етди. Не-не кунларни кўрмадим. Аммо ҳар қандай ғам-қайғуни ҳам меҳнат билан енгиб яшаяпман. Турмуш ўртоғим вафотидан кейин икки бола билан ёлғиз қолдим. Мана шу кенг ва поёнсиз далаларга чиқиб, бор аламимни меҳнатдан олдим. Сўнгра, ёлғизгина ўғлим ҳам омонатини топширди. Ундан уч нафар ўғил қолди. Мана шу невараларим, эвараларим бахти учун ҳам яшашга куч топа олдим, – дейди қаҳрамонимиз. Патилахон Эргашева 1995 йилгача бригадир бўлиб ишлади. Сўнгра 2005 йилдан фермер хўжалиги ташкил этила бошлагач, у киши ҳам ўзи бригадирлик қилган 80 гектар ерда фермер хўжалиги ташкил этди. Ўша пайтдан бошлаб шу кунгача Патилахон Эргашева бу ерларда уруғлик пахта етиштиради. “Нега уруғлик пахта экасизлар, бу кимни дир талабими ёки ўзингиз шуни хоҳлайсизми?” – деган саволимизга суҳбатдошимиз шундай жавоб берди:
– Аввал “супер элита” навини экар эдик. Ҳозирги кунда фақат “элита” навини етиштиряпмиз. Ҳеч ким бизни мажбурламайди. Меҳнати кўп бўлса ҳам фақат бунинг баҳоси юқори. Кўпроқ пул беришади. Шунинг учун уруғлик пахта экамиз. Даромадимиз кўпроқ бўлиши учун.
Чигит қадаш, уни униб чиққанидан то пахтасини териб, кластерга топшириб олгунча қанча заҳмат чекишни меҳнаткаш онахон яхши билади.
-Апрелнинг ўнинчи кунигача чигитни экиб бўлиш керак. Шундагина кўзланган ҳосилни олиш мумкин. Агар баҳор эртароқ келса, ернинг намлигига қараб 3 см. гача чуқурликда, агар ҳаво совуқроқ бўлиб, баҳор кеч келса 5 см.гача ҳам экиш мумкин, – дея суҳбатни давом эттиради Патилахон она.
-Нега оммага кўп кўринмаяпсиз, – дея сўраймиз.
– Икки йил аввал йиқилиб тушиб, оёғим синиб қолди. Юролмай бир жойда ётиб қолдим. Ўша пайтда жуда кўп тадбирларга таклиф қилишса ҳам бора олмадим. Аммо вилоят, туман ҳокимлари унутишмади. Улар байрам ва бошқа яхши кунларда йўқлаб туришди. Қаҳрамонлик эскиради демайман-у, аммо бошқа қаҳрамонлар ҳам чиққанлиги учун бизга эътибор салгина сусайиб қолди, чамамда. Журналистлар ҳам янги қаҳрамонлар ҳақида ёзишни бошлашди. Шунинг учун озгина омма эътиборидан қолгандирман.
Оёғимни операция қилдирдим, мана, Худога шукр яна юра бошладим. Далада ҳам баъзи юмушларни ўзим қилмасам кўнглим тўлмайди, – дейди Патилахон Эргашева. Бугун неваралари, халқи ардоғида яшаётган аёл ўзининг энг олий саодат деб биладиган вазифасини бажармоқда. У ўз ерига меҳр қўйиб, элу юрт фаровонлиги учун меҳнат қилмоқда. Ёшларга, соппа-соғ бўлса-да, меҳнатга бўйин эгмай боқимандаликка ўрганиб қолаётган баъзи юртдошларимизга ўрнак бўлмоқда.
Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.









