Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Тиркаш кўчат бўлганим

Ўзбекчилигимизда ажойиб одатлар бор. Айниқса, қишлоқдагилар орасида. Бирор киши машҳур бўлиб кетдими, албатта, ўшанинг адашлари кўпаяди. Ихлос қилиб, янги туғилган болаларга шу исмни қўяверишади. Натижада, уюм-уюм Эргашлар, қатор-қатор Тиркашлар пайдо бўлаверади. Нима қилай, мен ҳам отам-онамнинг орзуси билан Тиркашвой бўлганман.
Аммо, ҳар тўкисда бир айб дегандек, бунинг ҳам ўзига хос муаммолари бор. Битта Тиркашвой ҳақида гап кетса, сўзсиз  “қайси Тиркаш?” деган савол кўндаланг бўлади. Нима қилиш керак, бунинг ҳам чорасини излаб топишган: унинг номига лақабини қўшиб айтишади. Раҳмон қори, уста Раҳмон, Раҳмон қулоқ, Раҳмон чавандоз, Раҳмон трактор дегандай. Худога шукурки, биз Тиркашвойлардан ҳам қишлоқда 7-8 та бормиз.
Уйимизнинг олдида бир туп катта терагимиз бўлгучи эди. Мени сўраганлар “Тиркаш теракни кўрмадингизми”, “Тиркаш терак қалай, юрибдими?” деб гапиришадиган бўлди. Менга эса “терак” лақаби ёқмайди. Шу дароз, мевасиз дарахтга тенг бўлдимми?! Гап алам қилди-ю, шартта теракни кесиб ташладим. Теракнинг остидаги катта тўнгак анча вақтгача кўчирилмасдан қолиб кетди.
Қош қўяман деб, кўз чиқарган эканман. Нима денг, энди “Тиркаш тўнгак” лақабини орттирдим. Жаҳл билан ишга бормасдан бўлсаям, бир кунда тўнгакни кўчириб ташладим. Шу номдан қутулдим деб хурсанд бўлиб юрган эдим. Маҳаллада тарқатилаётган оқ ёғни олгани борсам, не кўз билан кўрайки, рўйхатга “Тиркаш чуқур” деб ёзиб қўйишибди. Чунки тўнгак кўчирилган чуқур ҳануз кўмиб ташланмаган эди.
Йиғламоқдан бери бўлиб чуқурни кўмиб ташладим. Текислаб, ўрнига битта кўчат ҳам экиб қўйдим. Табиийки, энди Тиркаш номи ёнига “кўчат” сўзи қўшилди. Ҳозирча, “Тиркаш кўчат”ман. Билмадим, яна дарахт бўлгунига қадар бу тақдир мени не кўйларга соларкан?..

Собиржон Отабоев