Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бугун 1 май – Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо таваллуд топган кун

***Дала. Мезон. Қизлар. Тарози.
Пахсали дуволлар. Исмсиз қирлар.
Юлдуздек титраниб учган овозим,
Тиззани қучоқлаб ўқилган шеърлар.

Ҳам талаба бўлиш умидида, ҳам ўсмирликнинг энг гуллаган даврларида мактаб ўқувчиси бўлган пайтларимизданоқ пахта теримига чиққанимиз учун бу шеърни қайта-қайта такрорлашдан чарчамас эдик.
Унинг “Ётоқ деворига чизиқлар тортиб, Иқбол+Гул дея ёзди” деган сатрларини ўқиб нега менинг исмим Гул билан бошланмайди, дея ўксинган пайтларим ҳам бўлди.
“Кўнгил” деган пиёз пўстидек юпқа китобчани бошдан оёқ ёдлаб олганман ҳатто.
Пахта тераётиб дугонам Ойгул қайси шеърнинг биринчи сатрини бошласа, орқасидан шариллатиб давомини айтиб кетаверар эдим.
Ҳамма шеъридан халқчиллик, оҳанрабо топардик гўё.
Кейин Тошкентга келдим. Биринчи қилган ишим “Матбуотчилар,32” кўчасига бориш-у, Матбуотчилар уйининг 4-қаватидаги 415-хонага кириш бўлган.
Ҳа, бу хонада шоир Иқбол Мирзо ўтирарди.
“Ватан” газетаси чиқарди. Салмоқли-салмоқли фикрлар айтилган мақолалар билан бирга шеър ҳам бериларди бу нашрда.
Иқбол Мирзонинг тиригини шу ерда кўрганман биринчи марта.
Шоирнинг ҳамма шеърини ёддан биламан десам, хато қилмайман. Тўғри, баъзи шеърларини айтиб бера олмаслигим мумкин, аммо оҳанги хаёлимда айланаверади. Масалан, унинг “Икки қайиқ бошин тутган бўлар нобуд” ёки “Каптарлар бир-бирин суйиб ўпишди, хаёлим қуш бўлиб сен томон учди” ёки “Яна бордим тиланиб висол, ҳасратимни айтиб-айтмадим…”, “Дилимизни бармоғида олма каби ўйнадилар”, “Мен сенсиз ҳувиллаб ётган қафасман” деган сатрлари ҳеч қачон эсимдан чиқмайди.

Йўқ, яна айтмасам бўлмас экан. Охунжон Мадалиев куйлаган деярли ҳамма шеърларини биламан. “Дарахтдек қўлларим кўкка чўзилган”, “Кўзларимдан кўзларингиз кетмади, ёр” …
Хуллас, бугун менинг энг яхши кўрган шоирим, акам, мени ўз синглисидек ардоқлайдиган катта ОДАМнинг туғилган куни экан.
Бир сингил ўз акасига қандай яхшиликни соғинса, мен Иқбол Мирзога худди шундай яхшиликлар тилайман. Бир мухлис ўз шоирига нимани тиласа, бугун мен ўша барча эзгу тилакларни тилайман.
Олисдан жим яхши кўриб, ғойибона дуо қилиб юришдан чарчамайман.
Иқбол ака билан кўп кўришмаймиз, беш-ўн йилда бир кўришиб қолмасак, бошқа пайт жони соғ ва омонлигига, шеърлар ёзаётганига, яхшигина адиб эканлигини исботлаб қўйганлигига хурсанд бўлиб юраверамиз.
Ака, сиз ҳақингизда айтар сўзларим, сизга билдирадиган тилакларим жуда кўп. Энг муҳими соғ-саломат бўлинг, фарзандларингиз роҳатини кўринг, онажонингиз соғ-саломат бўлсинлар. Элнинг ардоғида, мухлислар қуршовида, ҳаммага севимли бўлиб юраверинг.
Барибир ўзимнинг акамсиз. Соғ-саломат бўлсангиз бас. Телевизорда кўриб турсам, янги шеърларингизни, роман ва қиссаларингизни ўқиб турсам етади.
Ҳамма шеърларингиз бир-биридан яхши.
Ҳозирги кайфиятимга эса қуйидаги шеърингиз мос келади:

АЛВИДО

Алвидо, эй хуш хаёлларим,
Сизни чангдай пуфлаб учирдим.
Ҳаёт, сизга йўқ саволларим,
Ҳаёт, ҳаммасига тушундим.

Енгим билан артдим ёшимни,
Кўз олдимдан тарқади туман.
Энди юртнинг гулу тошини
Ақл кўзи билан кўраман.

Кечагина ҳув элас-элас
Юлдуз менинг дея ўйлардим.
Титроқ эмас, қалтироқ эмас,
Мен қалдироқ бўлиб куйлардим.

Юзларимга сув урди само,
Сескандиму ўзимга келдим.
Кимлигимни сездим аввало,
Кейин ҳеч киммаслигим билдим.

Бу камолми ёки заволим,
Қуврадимми ё қайта ундим,
Ҳаёт, сизга йўқдир саволим,
Ҳаёт, гапингизга тушундим.

Шарифа Мурод