“PROMETEY” (Прометей — юнон мифологиясида Олимп тоғидаги маъбудлардан оловни ўғирлаб, одамларга ҳадя қилган маъбуд.) имконияти чекланган ёшлар ва болаларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоялаш, тиббий, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш маркази қошида ёзги соғломлаштириш курслари ташкил этилди. Болалар ота-оналари билан келиб, бу ердаги имкониятлардан бепул фойдаланишлари мумкин. Ёзги соғломлаштириш марказида болаларнинг ақлан ривожланишига, соғлом болалар билан инклюзив таълим олишларига йўналтирилган машғулотлар ўтилади. Жумладан, бу ерда “Камалак” мослашув хонаси ташкилланган бўлиб, унда алоҳида ёрдам хизматига муҳтож болалар билан психолог ҳамда массажист шуғулланади, ўзининг фойдали маслаҳатларни беради. Машғулот хоналари барча керакли жиҳозлар билан таъминланган, яъни ақлий ўйинлар майдончаси, жисмоний машғулот бурчаги, гимнастика майдончаси, кутубхона ва дарс-ўқув хонаси мавжуд.
– Бундан ташқари, ногирон ёшлар имкониятидан келиб чиқиб, уларни иш билан таъминловчи “Умидли чеҳралар” унитар корхонаси очганмиз. Бу корхона Ўзбекистон ногиронлар ассоцацияси Фарғона худудий бўлими қошида ташкил этилди. Ҳозирги кунда мазкур корхона ўн нафар ногиронлиги бор ёшларни иш билан таъминлади. Эндиликда имконияти чекланган ёшларни турли ҳунарларга ўргатувчи махсус тўгараклар ташкиллаш ва кенг йўлга қўйиш режалаштирмоқдамиз. Бу ишларнинг амалга ошишида ассоцациянинг Қўқон худудий бўлими раҳбари Абдуманнон Раҳмановнинг алоҳида ҳиссаси бор. Мақсадимиз, имконияти чекланган болаларга амалий кўмак бериш, уларнинг ҳаёти яхшиланиши учун ўз хиссамизни қўшиш. Чунки инсон нима биландир банд бўлса, шуғулланса, ўзидаги қалб оғриқларини, жисмоний азобларини оз бўлса-да унутади, – дейди марказ раҳбари Суйдинса Холиқова.












