Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бувайда туманидаги мактаблар фаолияти таҳлил қилинди

МАКТАБ ТАЪЛИМИ – МИЛЛАТ ТАЪЛИМИ (таҳлилий-танқидий ёнлашув)

Бир зумда ўқув йили якунланди. “Сўнгги қўнғироқ” чалинди.

Ўтган тўққиз ой давомида Бувайда туманида фаолият юритаётган мактаблар ҳаётида ҳам хилма –хил янгиликлар, ютуқлар қўлга киритилди. Кимдир вазир устамасини олди, яна кимдир республика миқёсида ютуққа эришди, яна қайсидир мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди.

Йил сарҳисобини қилиш вақти келди

Бизга берилган маълумотларга кўра, фан олимпиадасининг вилоят босқичига 2, 5, 24, 27, 26, 35-мактаблардан ўқувчилар иштирок этган.

-Бундай натижага қандай эришилди, – деб 27-мактаб ўқитувчиси Билолиддин Мергановдан сўраймиз.

-Ўқувчиларим Ҳожиакбар Азизуллоев, Фирдавс Саидаҳмедовлар физика фанидан  олимпиаданинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Аввало, ҳар бир ўқитувчи дарсга кирар экан, ўқувчиларнинг билими, қобилияти, иқтидорини синовдан ўтказиши керак. Фанга қизиқиш ҳам шу фанни яхши ўзлаштиришга сабаб бўлади. Мен ҳам олимпиадада иштирок этувчи ўқувчиларни уларга ёзма иш ёздириб, мисол ва масалалар ечтириб аниқлаб оламан. Биринчи навбатда олимпиаданинг мактаб босқичи ўтказилади. Ана шунда ютуққа эришган ўқувчи билан алоҳида ишлаймиз. Уларга дарсдан ташқари қўшимча машғулотлар ўтаман, қўшимча адабиётлардан фойдаланамиз. Ҳозирги кунда энг катта ёрдамчимиз интернет тармоғи бўлиб қолди. Интернетдаги турли сайтлардан, ютуб каналлардан фанимизга мос видеоларни кўриб, билимларимизни мустаҳкамлаймиз. Энг муҳим жиҳати, ўқувчининг ўзида шу фанга қизиқиш, меҳр бўлиши керак, – дейди Билолиддин Мерганов.

5-мактаб жамоасининг ҳам ютуқлари талайгина

Мактаб “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови туман босқичида биринчи ўринни эгаллади. Озодбек Турсунов, Комронбек Шарифжонов, Ҳумоюн Абдуҳамидов, Нозима Азамжонова, Шаҳзода Турсунова, Наргиза Қўчқорова каби ўқувчилар инглиз тили билимдонлари сифатида эътироф этилди. Улар фан олимпиадасининг туман босқичида ҳам муносиб иштирок этиб, вилоятда туман шарафини ҳимоя қилишади.

Тумандаги 8,13,14,25,28,34,36-мактаблардан бирорта ҳам ўқувчи фан олимпиадасининг вилоят босқичига чиқа олмаган. Шу ерда бир табиий савол туғилади? Нега шароити бир хил, ўқитувчилари ҳам бир хил олий маълумотли бўлса ҳам бу мактаблардан олимпиадага ўқувчи қатнашмади? Сабаби нимада?

28-мактаб директори Иқболжон Сотволдиев, мактабда 659 нафар ўқувчи таълим олишини, ўтган ўқув йилларида биология ва инглиз тили фанларидан ўқувчилар олимпиадада муваффақиятли иштирок этганлигини, бу йилги натижалардан ўзини ва мактаб жамоасини кўнгли тўлмаганлигини айтиб ўтди.

-Мактабимиз барча кўрсатгичлар бўйича яхши натижаларга эришар эди. Олий таълимга кириш бўйича яшилда турамиз. Жорий ўқув йилида ўқитувчилар ҳам бор билим ва маҳоратларини ишга солиб меҳнат қилди. Кейинги ўқув йилларида алоҳида режа асосида иш олиб бориб, фан олимпиадасининг барча босқичларида ўқувчиларимизнинг иштирок этшини таъминлашга ҳаракат қиламиз, – дейди Иқболжон Сотволдиев.

8-мактаб директори Аҳмадали Усмонов эса, мактабда 808 нафар ўқувчи таълим олишини, ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун барча шароитлар яратилганлигини, мактаб ўқувчилари фан олимпиадасининг туман босқичида яхши натижага эришганлигини, инглиз тили, биология фанларидан ўқувчилар туманда 4,5-ўринларни эгаллаганлигини, айтиб ўтди.

Ҳеч бир бола жиноятчи бўлиб туғилмайди. Ҳар бир боланинг тийнатида яхшилик ва эзгуликлар яширин бўлади. Агар тарбияда оғиш бўлса, оилада ва мактабдаги муҳит бир-бирига мос келмаса, бири иккинчисини инкор қилса ўқувчи хулқ-атворида ҳам ўзгариш кузатилади. Баъзида эса бола ўзи билмаган ҳолда жиноятга қўл уради.

Ўтган йилларда тумандаги 1,2,3,6,12,14,18,23,26,33-мактаблар ўқувчилари ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги аниқланган.

-Мактабимизнинг икки нафар ўқувчиси ўзаро келишолмай қолиб, бир-бири билан жанжаллашган. Бунинг натижасида иккаласи ҳам тан жароҳати олган. Биз ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун мактабда “Шахмат-шашка”, “Бокс”, “Футбол” каби спорт тўгаракларини ташкил қилганмиз. Келгусида бу каби кўнгилсизликлар бўлмаслиги учун ўқувчилар ўртасида турли маънавий-маърифий тадбирларни кўпайтирамиз, – дейди 18-мактаб директори Саминжон Юсупов.

Ўқувчилар ўртасида содир этилган жиноятларга назар солсак: 24-мактабнинг 8-синф ўқувчиси қўшнисининг уйига келган меҳмон бола билан жанжаллашиб, унинг оёғини тепиб синдириб қўяди. Биргина шу эҳтиётсизлиги, ўз жаҳлини жиловлай олмаганлиги натижасида у ЎзЖКнинг 105-модддасига асосан айбдор деб топилди. Яна 1-мактабнинг 8-синф ўқувчиси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. У тумандаги “МЕГАПАРК” ёнида талончилик қилиб, фуқарога тан жароҳати етказган. У ҳам ЎзЖКнинг 105-моддасибилан жавобгарликка тортилган.

Баъзи мактабларда ички ишлар бўлимида доимий рўйхатда турадиган ўқувчилар борлигига нима дейсиз? Наҳотки, ҳали ғўр бўлган ниҳолни педагогу психологлар тўғри йўлга йўналтириб, яхши йўлга қайтара олмаса?

Ўқувчилар ўртасида жиноятчиликни ортиб кетишининг сабаби нимада?

Бу ҳақда туман ИИБ ВЕМБ катта инспектор-психологи, подполковник Зарифжон Ҳасанов шундай дейди.

-Ҳақиқатдан ҳам 2022 йилда 2021 йилга нисбатан тумандаги мактаб ўқувчилари ўртасида жиноятчилик сезиларли равишда ошди. Ҳар бир мактабда биз жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида учрашувлар ва давра суҳбатлари, спорт мусобақалари ташкил қиламиз. Шунда ҳам баъзи ўқувчилар ё билиб, ёки билмай жиноятга қўл уради.

Жиноятлар таҳлил қилинганда шу нарса ойдинлашдики, бу масалада ота-оналарнинг лоқайдлиги, масъулиятсизлиги, болаларни нотўлиқ ва нотинч оилада вояга етаётганлиги сабаб бўлмоқда. Шунингдек, айрим ўқувчилар тўқликка-шўхлик қабилида ҳаракат қилишмоқда.

Ота-онанинг лоқайдлиги, эътиборсизлиги сабабли вояга етмаган ўқувчи “Каптива” автомашинасини бошқариб чиқиб кетмоқда. Натижада у бошқарувни йўқотиб автоавария содир этмоқда.

Бу каби ҳолатларни олдини олиш учун мактаб-маҳалла-оила консепцяси мукаммал ишлаши керак.   

Биз мактаблардаги асосий масалаларни фақат иккитасига тўхталдик. Келгусида давомат, билим самарадорлиги, давлат таълим стандартларига жавоб бера олиши, битирувчиларнинг олий таълимга кириши, касб-ҳунарга йўналтириш каби масалаларда ҳам журналистик суриштирувлар олиб борамиз.