Ўзбекистонда сўнгги йилларда сайлов қонунчилигини тизимли ва изчил демократлаштириш ҳамда либераллаштириш бўйича эришилган натижалар, шунингдек жамият ва давлат ҳаёти, чинакам демократия, адолатли сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш бўйича яратилган шарт-шароитлардан халқаро жамоатчилик ва экспертларни хабардор қилиб борилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда давлат ва жамиятни демократлаштириш ҳамда модернизация қилиш бўйича жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада бугунги кунда мамлакатимиз демократик талабларга жавоб берадиган замонавий миллий сайлов тизимига эга. Зеро, сайловлар жамиятнинг сиёсий ҳокимиятини ягона, ажралмас, давлат ҳокимиятига айлантиришга хизмат қилади.
Ўз навбатида, 2019 йил 25 июнь куни “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси”нинг қабул қилиниши, янги Ўзбекистонни демократлаштириш ва либераллаштириш, фикрлар хилмахиллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда кўп партиявийлик йўлидан барқарор ривожланиш ифодаси сифатида намоён бўлди.
Сайлов тизими – ҳар бир мамлакатда ўзига хос тузилишга
эга бўлиб, шу давлатда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш
билан боғлиқ барча институтлар, муносабатлар, тартиб таомилларни ўзида акс эттиради.
Ҳорижий мамлакатларнинг бу борадаги тажрибасига эътибор қаратсак, Испания, Канада, Мексика каби мамлакатлар қонунчилигида сайловолди ташвиқотига аниқ таъриф берилган. АҚШ, Япония, Франция, Польша, Белоруссия ва Ҳиндистон каби мамлакатлар сайлов қонунчилигида ҳам сайловолди ташвиқотининг бошланиши ва якунланиши билан боғлиқ қоидалар мавжуд бўлса-да, айнан сайловолди ташвиқотининг ягона таърифи мавжуд эмас.
Сайлов кампанияси даврида ҳар қандай партия ёки номзод ижобий натижага эришиш мақсадида сайловчиларнинг эътиборини қозониш ва электоратга таъсир ўтказиш учун турли ҳил усуллардан фойдаланишади. Бунда бугунги кунда оммавийлашиб кетган сайлов ахборот технологияларидан, яъни ахборот-рухий таъсир этиш технологияларидан кенг фойдаланилади. Бу технологиялардан фойдаланиш кўп ҳолларда муносиб номзодлар сайланмасдан, балки жамиятга фойдаси тегмайдиган, ҳалқ дарди билан яшамайдиган, мансабпараст номзодларнинг сайланишига сабаб бўлади.
Шу сабабли, сайлов ахборот технологияларидан фойдаланишда, бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва технологияларидан тўғри фойдаланишни йўлга қўйиш учун зарурий нормалар ишлаб чиқиш талаб этилади.
Ҳар қандай сайлов кампаниясининг асосий вазифаси – бу ўзининг номзоди ёки ўзининг партияси учун максимал миқдорда тарафдорларни жалб этиш ва бунинг натижасида энг кўп овоз йиғишдан иборат. Шунинг учун ҳар қандай партия ёки номзод, ҳокимиятга онгли равишда интилиб, сайловчиларнинг эътиборини қозониш ва электоратга таъсир ўтказиш учун турли ҳил усуллардан фойдаланишади.
Бугунги кунда оммавийлашиб кетган сайлов ахборот технологиялари, аслида сайловчиларга ахборот-рухий таъсир ўтказишни назарда тутади. Ҳар қандай сайлов кампанияси эса гуруҳ, омма ва жамоатчилик онги билан ишлаш бўйича ахборот-рухий операциялар мажмуасининг ўзгинасидир. Бунда ахборот-рухий операциялар тадбиқ этиладиган аудитория кўлами сайлов кампанияси мавқеига боғлиқ бўлади.
Телевизион кўрсатувлар ва босма материаллар таҳлили, партия вакиллари ва турли номзодлар томонидан сайлов кампанияларида сайловчиларга ахборот-рухий таъсир ўтказишнинг ишонтириш ва илхомлантириш каби анъанавий усулларидан моҳирона фойдаланишлари бўйича хулосага олиб келади.
Маълумки шахсий хусусиятлар ва вазият хусусиятлари ахборотни қабул қилиш ва уни қайта ишлаш усулига таъсир кўрсатади. Шунинг учун катта аудиториялар билан ишлашда сиёсатчилар томонидан ижобий натижаларга эришиш учун онгга ишонтириш орқали ва хиссиётларга илхомлантириш орқали мурожаат этишга тўғри келади.
Ишонтришда инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатга асосланган аргументлар катта аҳамият касб этади.
Сайлов кампаниясининг асоссий тадбири – бу номзоднинг сайловчилар билан учрашувидир. Номзоднинг сайловчилар билан учрашувларининг асосий ташкил этувчиси уларнинг моҳиятидир. Шу сабабли ҳар бир номзод учрашувда дуч келиши мумкин бўлган асосий (калит) саволларни ва уларга жавобларни соддалаштирилган кўринишда кўз олдига келтира олиши зарур. Кўпчилик сайловчиларда бир мунча мураккаб, ақлнинг диққат бўлишини талаб қиладиган концепцияларда бахслашишга истак (ҳоҳиш) ҳам, қобилият ҳам бўлмайди. Улар учун номзодларнинг сиёсий дастурлари асосий йўналишини, уларнинг “умумий шижоатини” илғаб олиш энг муҳим масала хисобланиб, бу нарсанинг тезроқ етказилишига эса ўз навбатида, амалиётда тажрибадан ўтган шубхасиз формулалар ёрдамида эришилади. Ҳар қайси номзод ҳам ораторлик қобилиятига эга бўлмаса ҳам, унинг сайловчилар олдидаги нутқи тезислари аввалдан тайёрланган бўлиши зарур. Бу тезислар номзоднинг имиджига мос келиши керак. Сиёсат, айниқса омма билан мулоқот қилишда, вазиятни кескин соддалаштириш талабларига бўйсинади.
Сайлов кампаниялари амалиётида ишонтириш илхомлантириш билан тўлдириб борилади. Илҳомлантириш, ишонтиришдан фарқли ўлароқ, маълумотнинг таркиби билангина намоён этилмасдан, балки, унинг хиссий безаги ва маъновий аҳамиятини таъкидловчи ташқи шакли ва ифодаланиши, шунингдек манбаанинг мавқеи билан юзага келади.
Бунда ахборот-рухий таъсир шундай ташкил этиладики, бунда фикр, тасаввур, образ тўғридан-тўғри онгга кириб, унда шубхасиз ва исботланган маълумот сифатида муҳрланиб қолиши керак. Мисол учун, “Жириновский эффекти” деб ном олган 1993 йилдаги номзодининг тури, унинг одамлар билан телеэкран, минбар ва газеталар орқали ҳудди ўзларининг одамидек гапиргани сабабли, олдиндан сайланиши белгилаб қўйилган эди [4].
Психологлар томонидан сайлов кампанияларида оммавий коммуникация орқали илхомлантирувчи таъсирни амалий юзага келтириш талаблари шакллантирилган бўлиб, уларнинг мазмуни қуйидагилардан иборат:
– илҳомлантирувчи таъсир онг томонидан қабул қилинади, қачонки илҳомлантирувчи нарса сайловчининг кечинмаларидаги эҳтиёж ва қарашлар рухияти билан мос келса;
– илҳомлантирувчи таъсир онг томонидан қабул қилиниш эҳтимоли юқори бўлади, қачонки унинг таркибий мазмуни маълумот етказилаётган ижтимоий гуруҳ нормалари билан мувофиқлаштирилган бўлса;
– илҳомлантирувчи таъсир қабул қилиш эҳтимоли сезиларли даражада ошади, қачонки маълумот манбааси аудитория онгида юқори мартаба эгаси бўлиб, юқори ижтимоий статусга ва шахсий жозибага эга бўлса;
– илҳомлантирувчи таъсир эффекти ошади, қачонки у унинг фойдасига мантиқий далил билан мустаҳкамланса;
– ҳар қандай одам етказилаётган маълумотни маълум бир тезликда қабул қила олади. Агар бу тезлик оширилса, онг янги маълумотларни қайта ишлашга улгурмасдан, улар онгостига жойлашади;
– одам қисқа муддатли хотирасида маълум бир кўламли маълумотни онгли равишда сақлаб туриши мумкин. Бу кўламдан ортиғи онг томонидан қайта ишланмайди. Онгнинг маълумот билан хаддан зиёд таъминланиши илҳомлантириш таъсирининг самарадорлигини оширади.
Сайловолди кураш олиб боришнинг ўзига хос усулларидан яна бири “ифлос” (нотўғри) ахборот сайлов технологияларидир. Бу – рақиблар тўғрисида тухматли маълумотлар тарқатиш, сайловчиларни сотиб олиш, иккита номзодни илгари суриш, сайловчиларнинг сайловда иштирок этишини камайтиришга қаратилган ҳаракатларни амалга ошириш ва бошқалар. Аниқроқ қилиб айтганда, рақибга нисбатан устунликка эришишга қаратилган, қонунга зид бўлган ҳатти-ҳаракатлар мажмуасидир. Бироқ, тўғри ва нотўғри технологиялар ўртасида аниқ бир чегарани чизиш бироз мушкул бўлиб, айрим ҳоллатларда умуман иложи бўлмайди. Охирги йилларда, сайлов кампаниялари давомида нотўғри технологияларни қўллаш соҳасида, Россия илғор давлатлардан бирига айланиб қолди. Бугунги кунда сиёсий технологиялар оммавий сиёсатни алмаштириб, бизнесга айланиб қолди. Сайловчиларга нисбатан кучли чалғитувчи ахборот-рухий таъсир, яъни айблов маълумотларини (компромат) ошкор қилиш сайлов кампанияларининг оддий бир ҳолати бўлиб қолди. Бунинг натижасида, сайлов кампаниялари даврида аҳлоқ нормаларидан ташқарига чиқиш ҳолатлари юзага келади. Бу эса ўз навбатида, фуқароларда ҳукумат идораларига, шунингдек сайлов институтига ишончсизликни келтириб чиқариб, уларнинг сайловда иштирок этишининг сусайишига олиб келади.
Сайловда ғалаба қозониш – бу ўзининг рақибларини ишончли мағлубиятга учратиш демакдир. Рақиб билан ахборот-рухий кураш стратегияси, унинг заиф ва қалтис томонларини аниқлашга асосланган. Бунда асосий эътибор, рақибга нисбатан айблов маълумотларини, муваффақиятсиз нашри ёки нутқини, фото ва видеоматериалларини қидиришга қаратилади. Рақибнинг обрўсига путур етказиш учун, қўпол тухмат қилиш ва бўхтонларни тарқатиш каби “ифлос” сайлов хийлалари ишлатилади.
Сайлов кампаниялари ахборот-рухий бошқарув таъсирларини амалга ошириш учун энг қулай давр бўлганлигини хисобга олиб, кутилаётган натижага эришиш учун номзод ва сайловчиларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган асосий усулларни айрим мисолларда кўриб чиқамиз.
Оммавий онгга таъсир этишда маълум бир ахборотнинг кучини хисобга олиш зарур. Ахборотнинг кучига қараб айрим фактлар ва вазиятлар хотирада анча сақланиб туради, уларни инкор этиш ёки янгиси билан алмаштириш мушкул бўлади. Шу сабабли, оммавий онгга ташланган махсус конструкциялаштирилган маълумот, ундан кейинги маълумотларни сайловчилар томонидан қабул қилиниши учун маълум бир тўсиққа айланиб қолиши мумкин. Маълум бир ахборот фильтрлари шаклланиб бўлганлиги сабабли бу маълумотлар омма онгига етиб бориши қийинлашади. Яхши деб номланганни ёмон деб белгилаш мураккаб иш бўлиб қолади ва бунинг акси. Оммавий онгнинг кучи кескин ўзгаришларни амалга оширишга имкон бермайди. Унга киргазилмоқчи бўлган ўзгаришлардан бор кучи билан химояланади. Шунинг учун хам сиёсий технологиялар, оммавий онг базавий деб хисоблайдиган, аввал бўлиб ўтган воқеаларга мурожаат этади. Асосий мақсад янги маълумот киритиш эмас, балки янги маълумотни эски маълумот талқини билан боғлашдан иборат. Яъни аввалги хавотирли воқеликларни бугунги маълумот билан боғланса, сайловчиларда юзага келадиган ваҳима, бу номзодга овоз беришга тўсқинлик қилади.
Сайлов кампаниялари даврида камдан-кам ҳолларда, муштлашувдан кейин қўлларни силкитиш бефойда бўлганда, қисқа муддатли натижага эришиш учун тўғридан-тўғри очиқ ёлғон, замонавий тилда айтганда “қора пиар” ҳам ишлатилади. Агар номзод тадбиркорлик соҳаси билан боғлиқ бўлса, унга тегишли савдо масканларида товарларни 20% чегирма билан сотиб олиш мумкин деган таклифномаларни тарқатиш орқали номзод обрўсига путур етказилади.
Шунингдек, узлуксиз равишда узатиладиган мавхум манбаага хавола қилинган майда ёлғон, яъни “кулранг пиар” ҳам ишлатилади. Мисол учун, телевидение орқали кун давомида қайсидир партия номзоди партия сафидан чиққанлиги тўғрисида маълумот эълон қилиниб, у номзод бунинг раддиясини берса ҳам телевидение бу маълумотни кун охирида қисқача ва мавҳум равишда эслатиб ўтилади.
Сайлов кампанияларидаги ҳунук усуллардан яна бири бу асосий сиёсий рақибнинг тарғиботига унга бошқа йўналиш бериш орқали ўзгартиришлар киритишдир. Бу орқали тарғиботга ишончни пасайтириб, рақибнинг салбий образини пайдо қилишга эришилади. Бунда рақибнинг сайловолди варақаларини ва бошқа дастурий материалларини махсус тайёрланган материалларга алмаштириш ёрдамида тарғиботни тартибсиз ҳолатга келтириш орқали рақибга нисбатан ишончни пасайтирилади. Ёки рақибни қўллаб-қувватлаш баҳонасида турли ҳил жамиятларда, мисол учун бесоқолбозлар ёки лесбиянларнинг овози берилган варақаларни тарқатиш орқали обрўсига путур етказиш ҳолатлардан ҳам фойдаланилади.
Сайлов кампанияларидаги асосий ахборот технологияларидан бири бу «тадбиқ этиш» технологиясидир. Бу технология одамни унинг шахсий сифатлари ёки унинг таниқлилигидан қатъий назар сайловчиларга тадбиқ этиш бўйича бутун бир усуллар тизимини назарда тутади. Имиджни яратишда асосий эътибор, реал ҳаётдаги шахсни эмас, балки сайловчилар кўришни истаган шахсни таклиф этишга қаратилади. Яъни имидж, фуқаролар томонидан кутилаётган ижобий сифатларга бой бўлган образ бўлиши керак. Шу сабабли, имиджни шакллантиришда сайловчиларнинг ҳоҳиш-истакларини ўрганишга асосий урғу берилади. Номзоднинг имиджида қуйидаги сифатлар муҳим сифатлардан хисобланиши аниқланган: ўзига хослик, ўзига ва ишига ишонч, салоҳиятлилик, жамият хизматкори позицияси, одамлар ҳақида ғамҳурлик, уларнинг муаммоларини яхши билиш, ҳаётни яхшилашга интилиш, иштиёқ, бардамлик, оптимизм, ижобий хислатларни келтириб чиқармоқ, одамларга таъсир ўтказмоқ. Мисол учун, Б.Н.Ельцин учун бундай хислатлар унинг ўзида ва шахсий ҳаётида кузатилмаган бўлса ҳам “номенклатура билан курашувчи” имиджи яратилган.
Имидж мутахассислар томонидан ишлаб чиқилиб, оммавий ахборот воситалари орқали одамлар онгига сингдирилади. Натижада, сайловчилар ҳаққоний сиёсатчиларга эмас, балки профессионал сиёсатчи технологлар томонидан яратилган муваффақиятли имиджга овоз берадилар. Улар фақат формал равишда депутат ёки президентни танлашади. Бугунги кунда фуқароларнинг онги билан ишлаш сиёсатнинг бир қисмига аёланиб қолди. Шу сабабли, замонавий сиёсатчиларнинг ёрдамчи ёки консультантлари орасида кўп ҳолларда психологлар, яъни одамларнинг онги ва ҳатти-ҳаракатини манипуляция қилиш бўйича мутахассислар мавжуд.
Имиджни тадбиқ этишда кўп ҳолларда жамиятнинг асосий қадриятлари, фикрлари билан чамбарчас боғлиқ ва қўшимча маълумотсиз ишонарли бўлган хис-туйғули интенсив сўзлардан фойдаланилади. Бундай онгни бошқариш усули мамлакатга, уйга муҳаббат, тинчлик, эркинлик иштиёқи, Ватан билан фаҳрланиш каби хис-туйғуларга ҳамоханглик қила олади. Мисол учун, 1974 йилги Франция президенти сайловида Ф.Миттераннинг шиорларидан бири “Ф.Миттеран – барча французлар учун президент” бўлган. Ҳудди шундай шиор Россия Федерацияси президенти Б.Н.Ельциннинг сайлов кампаниясида илгари сурилган: “Б.Ельцин – барча россияликларнинг президенти”. Бундай шиорлар сиёсатчи имиджини салбий томонларини (спиртлик ичимлик истеъмол қилиш – Россия анъаналарига хос) илгари суриб, уни кўпроқ одамгарчиликка эга бўлган сиёсатшунос сифатида гавдалантиради.
Сиёсий рақиб билан кураш олиб боришда бир фамилияли номзод усулидан ҳам фойдаланилади. Бунда имиджни тайёрловчи мутахассислар томонидан овозларини олиб қўйиш керак бўлган номзоднинг фамилиядошини қидириб топилади. Маълум бир тўлов эвазига, унинг сайловда иштирок этиш учун розилиги олинади. Уни сайловда иштирок этадиган номзодлар рўйхатига киритилади. Бунда, номзоднинг исми-шарифи шундай танланадики, рўйхатда фамилиядош ҳаққоний номзоддан юқорироқ туради. Сайловчи, овоз бермоқчи бўлган номзоди фамилиясини кўриб, унинг қаршисида механик равишда белги қўяди. Шу билан иш бажарилди деб хисобласа бўлади. Агар сайловчи ўзининг хатосини англаб етиб, бюллетенга ўзгартириш киритган тақдирда ҳам, рақиб бу овоздан маҳрум бўлган хисобланади.
Ҳозирги замонда сайлов кампанияларида глобал интернет тармоғидан кенг фойдаланилмоқда. Бунинг сабаби, интернет энг демократик ва барчага қўл келадиган мулоқот воситасидир.
Интернет биринчи бор АҚШда 1996 йилги президент сайловларида кенг қўлланилган. “Энг зўр”ни кўрсатиш учун веб-сайтда сайловолди дастурнинг электрон шаклини жойлаштириш етарли эди. Интернетдаги электрон саҳифалар, номзодлар томонидан авваллари мамлакат бўйлаб сафар қилиш орқали йиғиш имкони бўлмаган кенг аудиторияларга, ўзларининг ғояларини тўғридан-тўғри етказа олиш имкониятини яратиб берган янги воситага айланди.
Интернетда номзод ҳақидаги маълумотни матн шаклида ўқиш, аудиошаклда эшитиш, файл кўринишида ёзиб олиш ва кейинчалик кўриш, сифатли видеолавҳа сифатида кўриб чиқиш каби кенг имкониятлар мавжуд.
Маълумки, сайлов кампанияларини ўтказишда телевизион рекламадан фойдаланиш, реклама роликларини ишлаб чиқиш ва эфир вақтининг қимматлиги каби салмоқли камчиликларга эга. Шу сабабли, сайлов кампанияларини ташкиллаштириш ва ўтказишда, сайловчилар билан “уйда” иш олиб бориш шакли асосий ўрин тутади. Бундай ҳолатларда сайловчиларга ахборот-рухий таъсир фаоллар кампанияси (тарғиботчилар) командаси ёрдамида амалга оширилади. Тарғиботчилар ҳар бир хонадонга ташриф буюриб, сайловчиларга реклама материалларини йиртиб олинадиган талони билан бирга тарқатишади. Бу талонларга сайловчиларга ўзларининг истакларини ёки номзодни қўллашлари тўғрисидаги ёзувларни киритиш таклиф этилади. Бунда тарғиботчи, номзодга нисбатан қизиқиши уйғонган ҳар бир сайловчи билан суҳбат ўтказишга тайёр бўлиши керак. “Уйда” кампаниясининг иккинчи босқичида, яъни сайлов яқинлашганида, йиртиб олинадиган талонини тўлдирган ҳар бир сайловчиларнинг уйига ташриф буюрилади. Уларга номзоднинг, қўллаб-қувватлаганликлари учун номзоднинг шахсан миннатдорчилиги ва уларнинг билдирган таклифларини ўзининг фаолиятида инобатга олинишини таъкидлаб ўтилган хати тарқатилади. “Уйга” манзилли етказиб беришда номзоднинг сайловчига нома хати, қайсидир қутлуғ сана билан табриклаш ва бошқалар каби тарғибот материалларидан ҳам кенг фойдаланилади. Манзилли етказиб бериш билан бир қаторда, сайлов кампанияларида манзилсиз етказиб бериш каби усулдан ҳам фойдаланилади. Бунда почта қутиларига варақалар, буклетлар, календарлар ва бошқалар оммавий равишда тарқатилади.
Шундай қилиб, сайлов кампанияларини ўтказиш даврида сайловчиларнинг онги ва ҳатти-ҳаракатига таъсир этишда зарурий натижаларга эришиш учун турли хил усуллардан фойдаланилади. Буларнинг бири мутахассисларнинг махсус тайёргарлигини талаб этса, иккинчиси эса махсус техника воситаларига эга бўлишни тақозо этади.
Сайлов тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш жараёни сайлов қонунчилигидек каби ҳали тугамаган. Негаки, сўнгги йиллардаги жаҳон амалиёти шуни кўрсатдики, деярли ҳар бир сайлов кампанияси янги муаммоларни юзага чиқармоқда. Шу сабабдан ҳам тўпланган тажрибадан фойдаланган ҳолда таклиф қилинган ўзгаришларни қандай қўллашни аввалдан кўра билиш талаб этилади.
Ҳорижий экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги шу давргача бўлиб ўтган сайловлар давомида тўпланган миллий тажриба, илғор хорижий сайлов амалиёти, шунингдек халқаро стандартлар, фуқароларнинг сиёсий онги ҳамда электорал маданиятининг ўсиши, амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бориши ва талабларини ҳисобга олган ҳолда жадал такомиллашиб бормоқда.
Республикамизда сайловолди ташвиқотига нисбатан ягона таърифнинг белгиланганлиги ва унинг қонунчиликда акс
этгани, бу жараёнда амалга ошириладиган тадбирларнинг
тури, шакли ва қоидаларининг янада такомиллаштирилиши
мамлакатимизда сайловларнинг қонуний ўтишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ФВВ ходими полковник Б. Алимов









