Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Фахрий журналист Собиржон Отабоев тақдирланди

Собиржон Отабоев номи нафақат Бувайдада, балки республикада ҳам таниқли номлардан бири.
Устоз журналист ўз умрини қаламкашликдек заҳматли ва машаққатли касбга бағишланган. У ўнлаб шогирдларнинг меҳбирон устози сифатида ҳам ҳаётини мазмунли яшаб ўтаётган ижодкор ҳисобланади.


Собиржон Отабоев узоқ йиллар “Бувайда кўзгуси” газетасида фаолият кўрсатиб, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий, адабий-бадиий мавзуларда қалам тебратди. Тилининг равонлиги, ҳар бир мавзуга профессионал даражада ёндашиши натижасида унинг мухлислари кўпайди. Собиржон ака нафақат қалами ўткир журналист, балки ҳозиржавоб ёзувчи сифатида ҳам бир нечта китоблари нашр этилган ижодкордир.


Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан “27 июнь – Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан ўтказилган тадбирда Собиржон Отабоев Фарғона журналистикаси ривожига, сўз ва матбуот эркинлиги, давлат ва жамият очиқлигини таъминлашга қўшган муносиб ҳиссаси, узоқ йиллик фидойи меҳнатлари учун Фарғона вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бугунги кунда ҳам долзарб мавзудаги мақолалари билан мухлислар эътирофига сазовор бўлаётган устозни “Бувайда кўзгуси” жамоаси ҳам чин дилдан табриклайди.