Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Ғазаб билан отилган тош бувайдалик А.ни икки йилга қамалишига сабаб бўлди

Ўз ғазабини тия олмасдан, жанжаллашиш оқибатида бировга тош билан оғир тан жароҳати етказган 26 ёшли йигит икки йилга озодликдан маҳрум бўлди. Воқеа мана бундай бўлган эди.

Ака-ука Д. ва М. Назаров  ҳунармандчилик орқали ҳалол пешона тери билан пул топар эди. Улар стол-стул ясаб сотар, ўз меҳнатлари эвазига рўзғор тебратишарди.

Бир куни ҳунарманд йигитларнинг ҳамқишлоғи А.га қувалик бир таниши стол-стул сотиб олмоқчи эканини айтди. А. танишларига ҳамқишлоқлари, яхши мебель усталари деб  ака-ука Назаровларни тавсия қилди.

Қуваликлар 18 000 000 сўмлик стол-стулни насияга олиб,  пулини вақтида тўламади. Оқибатда ўртадаги воситачи бўлган А. қийин вазиятда қолади. У белгиланган пулнинг ярмини қувалик танишидан бир амаллаб олиб, ака-ука усталарга берди, аммо орадан бир йил ўтиб кетса ҳамки, қолган пулларни ололмади. Жанжал ҳам ана шундан келиб чиқди.

Понсод маҳалласи, Қирғизқўрғонча қишлоғида яшовчи А. билан ҳунарманд уста М. Назаров кўчада учрашиб қоладилар. М. сотилган мебелнинг қолган пулини сўради. А. аслида ундан ҳеч қандай қарздор эмаслигини, қолаверса пулни М.га эмас, унинг укаси Д.га беришини айтди. Қўйингки, иккаласи ғиди-биди айтишиб, бир-бирини ҳақорат қилиб, ёқалашиб кетди. Қуруқ  туҳматга қолаётган  А. қаршисидаги М.нинг ҳақоратларидан ғазабланиб  ердан бир тош олади-да, унга қарата отади. Тош тўғри келиб М.нинг бошига тегди ва қаттиқ жароҳатлади.

Қарабсизки, иш судга оширилиб, ҳамқишлоқ  йигитлардан жиноятчи ва жабрланувчи  пайдо бўлади.

Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суд раиси Абдурасул Миножиддинов берган маълумотларга кўра ўз ғазабини тия олмай, бошқа бировга оғир тан жароҳати етказган А.  Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди ва   икки йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси  билан жазоланди.