Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Дин ниқоби остидаги таҳдидлардан огоҳ бўлинг!

Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли террористик гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди.

Терроризмни бирор миллат ёки динга нисбат бериш, талқин этиш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди.  У кимнинг ва  ниманинг номидан содир этилишидан қатъий назар, уни амалга оширувчи шахс  жавобгар ҳисобланиб, тегишли  жазога тортилиши шарт.

Ақидапарастлик, бузғунчилик бугунги кунда пайдо бўлган  долзарб масала эмас.
Шу кунларда диний жабҳада рўй бераётган муаммолар ана шу оқимлар туфайли содир бўлмоқда. Улар аламзадалик билан турли иғволарни тарқатмоқдалар. Халқ ўртасига нифоқ солишга ҳаракат қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам уларнинг кирдикорларини фош этишимиз лозим бўлади.
Ислом дини таълимотига кўра, бирор мамлакатнинг аҳолиси тинч яшаб келаётган пайтда шу мамлакатнинг бошлиғига қарши бош кўтариб кишилар ўртасига фитна қўзғаб юрувчилар тоифаси боғийлардир. Боғий сўзи арабча сўз бўлиб –“душманлик қилувчи” (зўравонлик, зулмкорлик ва ҳақдан бурилиш) деган маънони билдиради. Тинч яшаб турган аҳолини тинчлигини, хавфсизлигини ва хотиржамлигини бузиб кишилар ўртасида таҳликали вазиятларни юзага келтиради. Арзимаган нарсалардан ўт чиқариб яшаб турган давлати раҳбари ва бошқарув раҳбариятига қарши қабиҳ ишлар орқали фитна қўзғайди. Улар ҳеч кимга тажовуз қилмаган тинч умргузаронлик қилиб турган кишиларни ҳеч бир сабабсиз ўлдирадилар, портлатиб юборадилар ёки ўғирлаб кетадилар.Уларнинг бу ҳаракатлари билан миллатлар, ҳалқлар ва ёки давлатлар ўртасида катта уруш ўчоқлари очилиб кетиши хавфи мавжуд. 
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 204-оятида шундай марҳамат қилади: “Одамлар орасида шундай кимса борки, унинг дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи Сизга қизиқарли бўлади. Дилидаги “имони”га Аллоҳни гувоҳ қилади, ваҳоланки, ўзи (Исломга нисбатан) душманларнинг ашаддийсидир”.
Бугунги кунда юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир мусулмон дунёда нима бўлаётганидан хабардор бўлиб, хавф-хатарлардан огоҳ бўлиб, уларнинг олдини олиш, бартараф этиш учун, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш йўлида курашиб яшаши зарурлигини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Шундай экан, ким бўлишимиз ва қандай мавқега эга бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг вазифамиз экстремизм ва терроризмнинг қабиҳ ва ғаразли мақсадини халқимиз, айниқса ёшларимиз орасида тинимсиз фош қилиш асосида огоҳликка чақиришдан иборат.

 Фарҳод ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси  Дин ишлари бўйича  қўмитанинг  Бувайда тумани бош мутахассиси.