Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Мигрант аёл нима дейди?

Бегона юртда йиллаб яшаш, ота-она, болалар соғинчи билан тонг оттириш, яқинларингни энг яхши кунларида ёнида тура олмаслик, баъзида энг яқин инсонларингни дийдорини қиёматга қолдириш ҳеч кимга осон эмас. Агар муҳожирлик аёлларнинг чекига тушсачи?

Бу ўн марталаб қийин ва азоб дегани!

Йиллар ўтиб борар экан, аввал эркаклар, сўнгра ёш йигитлар ва улар ортидан аёллар ҳам ризқини териб ейиш, уй қуриш, тўй қилиш, боласини олий маълумот олишини таъминлаш мақсадида чет элга иш излаб чиқиб кета бошлади.

Қайсидир аёл муҳожирликда турмуш ўртоғи, акаси, укаси билан яшаётган бўлса, яна айрим аёллар бир ўзи, тақдирни яхши кунига ҳам, ёмон кунига ҳам кўниб умр кечирмоқда.

Аёллардан баъзилари фарзандларини ўзи билан олиб кетган бўлса, аксарият қисми эса болаларни ота-онасига, қайнота ва қайнонасига, опасига, синглисига ишониб ташлаб кетган.

Бир томонда аёллар, бир томонда болалар муҳожирликдаги соғинч аталмиш азобни сипқориб яшашга маҳкум.

Ҳар сафар муҳожирликдаги аёллар, қизлар ҳақида ўйлаганимда биринчи навбатда Фарғона вилоятида мигрант аёллар сони қанча экан, улар асосан қаерларда қўним топишмоқда, қандай ишларни бажаришмоқда деган саволлар пайдо бўлади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги хотин-қизлар бошқармаси томонидан олинган маълумотларга қараганда, бугунги кунда 32 минг нафар хотин-қиз меҳнат муҳожирлигида.

Ана шу аёлларнинг 7000 дан зиёдини Бувайда тумани фуқаролари ташкил қилади.

Хўш, аёллар асосан қайси давлатларда ўз меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда?

Аёллар асосан Россия, Туркия ва Кореяга чиқиб кетган, – дейди дейди биз билан суҳбатда Бувайда тумани камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Элёр Турсунов,2023 йил июнь ҳолатига кўра, уларнинг 158 нафари ватанга қайтди. Қайтганларнинг 133 нафарининг бандлиги бўлим томонидан таъминланди.

Аёллар асосан муҳожирликда фаррошлик, уй хизматчиси, энага, сотувчи, қишлоқ хўжалиги ишлари, сартарошлик қилишади.

Биз таътилга келган аёллар билан гаплашдик. Уларнинг муҳожирликдаги ҳаёти ҳақида билишга ҳаракат қилдик.

Илтимос, менинг исми шарифим ва қишлоғим номини ёзманг, – деди меҳнат муҳожирларидан бири. Чунки қуда-андали одамман, дарров газетага чиқибди деб маломат қилишлари мумкин. Майли ҳаётим ҳақида айтиб бераман.

Мен турмуш ўртоғим вафот этгач, 2010 йил Россияга ишлашга кетдим. Чунки у ерда акам ва укам ишларди. Ўзим олий маълумот олмаганман. Мактабни битирибоқ турмушга чиққан эдим. Қўлимда бирорта ҳунарим ҳам бўлмаганлиги сабабли уч нафар бола билан росса қийналдим. Шундан кейин чиқиб кетдим. Мана шу кунгача Москва шаҳрида яшаб, ишламоқдаман. Болаларим онам билан қолган. Йиллар давомида улар улғайди, катта бўлишди. Аввал ўзимга уй-жой қилиб олай, деб юрдим, кейин ўғлимга битта машина олиб берсам ҳар ҳолда таксичилик қилиб пул топса ҳам менга ёрдам деб машина олиш учун ишладим, кейин ўғлим ва қизларим катта бўлгач, уларни турмушга узатиш, уйлаш учун катта пул кераклиги боис яна қолиб кетдим. Бошида Москвага борганимда қийналганман. Кичикроқ ошхонага идиш ювувчи бўлиб ишга кирганман. Биласиз идиш ювувчиларнинг қўли 12 -13 соат сувдан чиқмайди. Фақат шу болаларим учун, улар келажакда мендек қийналмаслиги учун ҳамма қийинчиликка чидадим. Киришимли бўлганим, рус тилини баъзилардан сал яхшироқ билганим учун кейин мени фаррошлар бўлимчасига бошлиқ қилиб қўйишди. Бошлиқ бўлсам ҳам ўзимга ўхшаган турли республикалардан борган аёлларга қаттиқ гапира олмасдим, уларга иш буюра олмасдим. Ўзим ҳам улар билан теппа тенг иш қилардим. Ҳозир битта катта супермаркетда фаррошларга бошман. Ҳаётимдан нолимайман. Ўша ерда ҳам яхши ва ёмон одамлар бўлади. Айтишадику, ўзинг яхши олам яхши, ўзинг ёмон олам ёмон, деб.

Баъзида мени мигрант аёллар ҳақидаги салбий фикрлар, бўлмағур миш-мишлар хафа қилади. Тўғри инкор этмайман, Россия ёки Туркия, Корея ёки Ҳиндистон ёки Дубайга бориб ёмон йўлга кириб кетган аёллар ҳам бор. Бу каби аёллар туфайли биздек муҳожирлар ҳам ёмонотлиқ бўлиб қолади. Лекин биласизми, аксарият аёллар четга фақат ҳалолу пок пул топиб келаман, болаларим келажаги учун сармоя тўплайман, уларни яхши жойларда ўқитаман ва энг яхши жойларга узатаман, деб ният қилиб кетади. Энди ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баробар ёнади, дейишадику, биз ҳам шундайда.

Л. опа бир ярим ой таътилда бўлишини, кейин яна Россияга қайтиб кетишини айтди. Негаки, энди набираларининг бешик тўйлари, ақиқа маросимлари учун ишлаши керак экан.