Сешанба, Апрель 21, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бувайдалик уста Нўмонжон Гадобоев саккиз оёқли нақшинкор сўри ясади

Ҳовлиси кенг ўзбек хонадони борки, унинг, албатта, сўриси ҳам бўлади. Муздек қилиб сувлар сепилган, райҳону атиргуллар ҳиди уфуриб турган саранжом-саришта ҳовли тўридаги юмшоққина кўрпачалар солинган, бахмал ёстиқлар қўйилган сўрини бир кўз олдингизга келтиринг-а? Ўзбекчилигимизнинг йўқолмас анъаналари, миллий қадриятлари бор.

Қадим-қадимда ўзбек ҳовлиларида гувала ёки ғишт териб, лой суваб, устига бўйра тўшаб супа қилинган. Кейинроқ ёғоч усталари томонидан тўрт оёқли, атрофи очиқ тахта сўрилар ясалган. Йиллар ўтиб тўсиқли темир сўрилар пайдо бўлди. Ҳозирга келиб эса ҳунарманд усталарнинг тажрибаси ортиб, замонавий техник асбоблар ёрдамида ясалаётган нақшинкор, ўйма гулли ёғоч сўрилар оммалашмоқда.

Ҳунармандлар қишлоғи дея донғи кетган Қўнғирот маҳалласида шундай бир оила борки, унинг ҳар бир аъзоси ёғоч ўймакорлигидан хабардор.

Дарвозахонада турган бежирим ўйма нақшли, 3*4 м ўлчамдаги баҳайбат янги сўри Навоий вилоятида яшовчи бир юртдошимиз томонидан буюртма қилинган экан.

  • Бугун мана шу сўрини эгасига топширамиз. Уч-тўрт кун давомида шундай мукаммал ҳолга келтирдик. Ҳар бир ёғочини силлиқлаб, нақшларини пардозлаб, тўрт эмас, саккиз оёқли сўри ясадик, – деди уста Нўъмонжон ака.

Мазкур оиланинг бошқа ҳунармандлардан фарқи шундаки, улар фақат буюртма асосида сўри ясайди. Буюртма эса ҳар кимга эмас, танланганларга тушади. Иши пишиқ, мустаҳкам ва ишончли, сотган харидорларидан фақат раҳмат эшитадиган уста Нўъмонжон ёғоч сўри билан бирга хонтахталарга кўрк бериб, меҳмонлар кўзини қувнатадиган нақшинкор гулдонлар, курсилар, қутичалар ҳам ясайди. Бунинг учун қарағай, ёнғоқ, ўрик, чинор ёғочларидан фойдаланади. Ёғочларнинг табиий ранггини, табиий гўзаллигини сақлаб қолиш мақсадида ясаган буюмларига ранг бермайди. Геометрик ва ислимий нақшлар билан безатилган бундай сўрилар узоқ вақт сифатини йўқотмаслиги, янада тиниқроқ товланиши учун локланади. Ислимий нақшлар миллий ҳунармандчиликда кенг тарқалган бўлиб, барг, гул, куртак, таноб каби шакллардан ва ислими меҳроб, ислими бодом, ислими булбул каби номланади.

Нўъмон ака Гадобоев турмуш ўртоғи Фотимахон опа билан тўрт қиз ўстирди. Бир-биридан ақлли, меҳрибон қизлар “биз ўғил бола эмасмиз”, демай ота-онасининг ёнига кириб, улар билан биргаликда тахта рандалади, пона қоқди. Чунки уларнинг онаси ҳам  шундай қиларди. Ҳатто уйларига келган совчиларни  ҳайрон қолдириб: “Қизларимиз – уста”, дея таништирган Фотима опа, мана 53 ёшга кирибдики, турмуш ўртоғига ёрдамчи.

  • Мен аёл киши бўлсам-да, ёғоч ўймакорлигига қизиқаман. Турмуш ўртоғим билан ўғлим ишлаётган пайтда мен ҳам қараб турмай, уларга қўлимдан келганича ёрдам бераман. Нақшларини чизаман. Чекич уриб, гул чиқараман, – дейди у.

Гап-сўзидан кўнгли очиқлиги сезилиб турган бу меҳнаткаш аёлнинг фартук тутиб, искана билан ёғоч йўнишини кўрган кимсанинг ҳайрати ошади. Ота-онаси деҳқон бўлиб ўтган Нўъмон ака Фотима опага уйлангач, ҳунармандлик ишини бошлаган. Турмуш ўртоғини ҳам ёғоч ўймаркорлигига қизиқтирган мана шу аёл бўлса не ажаб?

Уларнинг бешинчи фарзанди – ўғли Умиджон улғайиб, дадасининг қўлидан ишини олди. Эндиликда сўри ясашнинг барча ишларини Умиджон бажаради, ота-онаси эса унга ёрдамчи.

Биз уларнинг нима сабабдан шогирдлар олмагани билан қизиқдик.

  • Тўғрисини айтсам, шогирдлар билан ишлаб, кўп маҳсулот чиқаргани бизда хом ашё етарли эмас. Ўзининг даромадини ўзига сарфлаймиз. Унча-мунча ортқизганимизга рўзғор тебратяпмиз. Ўз меҳнатимиз орқали ҳалол ризқ топяпмиз, – деди Фотима опа.

Ҳалол меҳнати эвазига тўрт қизни вояга етказиб, турмушга узатган бу оила остонасига ҳа демай келин келади.

Бўлажак келиннинг қадамлари қутлуғ келиб, оилага қут-барака  кириши билан бирга оилавий ҳунармандларга  яна бир ёрдамчи қўшилади.