«Жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг уйи давлат тасарруфига қайтарилди. Энди хонадонда музей яратилади», деди Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ноёб тарихий бино – жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг уйи давлат тасарруфига қайтарилди.
150 йиллик ушбу иншоот кўркам Бухоро меъморчилигининг мукаммал сақланиб қолган ноёб намунасидир.
Уй нафақат унда машҳур жадид вакили яшаганлиги, балки айнан шу ерда илк янги усул мактабларидан бири очилгани, унда турли фанлар бепул ўқитилгани билан ҳам машҳурдир. Охирги вақтларда у хусусий мулк ҳисобланиб, меҳмонхонага айлантирилган эди.

Энди уйда жадидчилик тарихига бағишланган музей ташкил этилади. Унда нафақат экспозиция жойлаштирилиши, балки илмий-тадқиқот фаолияти учун ҳам шароитлар яратилиши режалаштирилган.
Усмонхўжа Пўлатхўжаев хонадони – дастлабки янги услубдаги мактаблар очилиб, ўз даврининг замонавий таълим тизимига мос равишда илмга ташна ўқувчиларга она тили, математика, тарих, география ва бошқа фанлардан бепул сабоқ берилгани билан машҳур.
Уй 1860–1870 йилларда қурилган бўлиб, нафис Бухоро меъморчилигининг ёрқин намунасидир. Яқин-яқингача бинода меҳмонхона жойлашган эди, аммо Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси саъй-ҳаракатлари билан тарихий объект давлат тасарруфига қайтарилди.
Лойиҳани амалга ошириш учун уйнинг яхши сақланиб қолган эски қисмида зарур реставрация ишларини олиб бориш, унга туташ янги жойларни эса қайта қуриш режалаштирилган.

Музейда жадидчилик намояндаларининг қўлёзмалари ва шахсий буюмлари, қадимий қўлёзмалар, шунингдек, XIX аср мавзулари ва туркийлар маданиятини акс эттирувчи ҳозирги замон адабиётлари тўпламидан иборат экспозиция тақдим этилади.
Мазкур намойиш буюмларини яратишда музейни ташкил этиш ташаббускорларидан бири, Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг ўғли, мавзуга оид кутубхонасини музейга ҳадя этиш истагини билдирган Темур Хўжаўғли ёрдам беради.
Бироқ ташкилотчилар ўз пировард мақсадларини анча кенгроқ олмоқда – нафақат музей, балки илмий ва илмий-тадқиқот изланишларини олиб бориш учун жадидчилик тарихи ва маданиятига оид ашё ва архивлардан бемалол фойдаланиш мумкин бўлган чинакам илмий марказни ташкил этиш ниятида.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси саъй-ҳаракатлари билан жадидчилик тарихи музейи ташкил этиладиган ноёб меъморий иншоотни давлат тасарруфига қайтаришга муваффақ бўлинди.
Ушбу лойиҳа Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.









