«Ошхонада ишлатадиган газ баллонимдан газ сизмоқда. Жўмрагини қаттиқ бураб беркитсам ҳам ундан газ сизаётгани сезиляпти. Энди ундан фойдаланиш мен ва оилам учун хавфли. Нима қилсам экан-а?…”
Қўшни аёлнинг бу гапларидан хавотирга тушдим. Чунки яқинда бир танишимнинг худди шундай сабаб туфайли ошхонасида ёнғин чиқиб, ўзи қаттиқ куйганини эшитган эдим. Танишим Обида опа рўзғор чиқимларига ёрдам бўлсин деб қатлама пишириб сотар эди. Ўша куни ҳам қатлама пишираётиб, газ баллонидан сизаётган газ ҳидига унчалик аҳамият бермаган. У учта қатламани чиройли қилиб пишириб, патнисга қўйган ва тўртинчисини қозонга солган
вақтда бирдан тепада даҳшатли олов пайдо бўлган ва бутун уйни қоплаб олган.
Обида опа жон ҳолатда эшикка ёпишган аммо эшик очилмаган. Унинг дод-фарёдини эшитиб мол-холга қараб юрган 15 ёшли ўғли югуриб келади. Аммо у ҳам эшикни очолмай, ошхона атрофида зир югуради. Шунда Обида опа кўзларини чирт юмиб, тирсаги билан дераза ойналарини синдириб ташлайди. Деразадан ҳам ташқарига чиқишнинг иложи бўлмагач, эмаклаб бориб яна эшикни очишга тиришади.
Ниҳоят, бир амаллаб ташқарига чиқиб олган Обида опанинг юз-қўллари куйган, қонга беланган эди. Буни кўрган ўғли қўрқиб кетиб, бор овози билан бақириб юборади. Она-боланинг бақир-чақир шовқинини эшитиб, бир зумда қўни-қўшни йиғилади ва ҳамма оловни ўчиришга киришиб кетади. Шунда қаердандир пайдо бўлган Обида опанинг турмуш ўртоғи “Ҳай-ҳай”лашларга қарамай, ўзини ичкарига уради-ю, тумшуғидан “Вошиллаб” газ чиқиб турган газ баллонини қучоқлаб олиб чиқиб, ариққа улоқтиради.
Газ балоннинг газ плитага уланган резина шланги эриб кетган, одамлар сув сепишни ана шу жойдан бошлашган эди. Яхшики, шундай ҳолатда ҳам газ баллони портлаб кетмади.
“Олов шу қадар кучли экан-ки, газ плита устида турган қозон пишлоқдек эриб, плита устига ёпишиб кетибди”, – деди эртаси куни ҳол-аҳвол сўраб, куйган уйни тозалаш учун ёрдамга кирган қўшни аёллардан бири.
Ҳа, азизлар. Олов ҳеч кимни, ҳеч нарсани аямайди. Ундан тўғри фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш шарт. Айниқса, маиший газ баллонларни ишлатишда ниҳоятда эҳтиёткор ва хушёр бўлиш ҳар бир фуқаронинг тинчлиги, хавфсизлиги учун муҳимдир. Маиший газ баллондаги носозликни сезганда кимга мурожаат қилиш кераклиги ҳақида
“Ҳудудгазтаъминот” Фарғона ГТФ Бувайда туман филиали етакчи муҳандиси Музаффар Мамадалиев билан суҳбатлашдик.
–Фуқаро газ баллонидаги носозликни сезганда ўз маҳалласига бириктирилган чилангар таъминотчига мурожаат қилиши керак. Туманимизда 51 минг 567 нафардан ортиқ истеъмолчи бўлиб, уларга фойдаланиш учун берилган маиший газ баллонлар ҳар икки йилда бир марта техник текширувдан ўтказилади ва махсус чек берилади, – деди Музаффар Мамадалиев. – Газ плитаси билан газ баллон орасидаги масофа 1.5 м дан кам бўлмаслиги керак. Аҳоли қўлидаги 50-55 литр ҳажмли маиший газ баллонларга 20 кг.дан ҳар 45 кунда “айланма” усулда газ етказиб берилади. Газлаштирилган хоналарга бундай баллондан 1 та, 27 литр баллондан 2 тадан ортиқ жойлаштириш мумкин эмас. Хонада ўрнатилган баллонларни алмаштириш вақтида электр ёритгич, очиқ олов, электр иситиш асбобларидан фойдаланмаслик керак.
“Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида айтилишича, маиший газ баллони тегишлича маркаланган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган навбатдаги техник кўрикдан ўтганлиги ҳақида ўйиб туширилган тамғага эга бўлиши керак. Газ баллонларини таъмирлаш ва кўрикдан ўтказиш тасдиқланган та рифларга мувофиқ истеъмолчи ҳисобидан газ таъминоти ташкилоти
томонидан амалга оширилади.
Шуни унутмаслик керакки, аҳоли хонадонларига вақтинча фойдаланишга берилган маиший газ баллондан фойдаланишда, унга зарар етказилса ёки йўқотилса маиший газ баллон таннархи ва таъмирлаш учун сарфланадиган харажатлар истеъмолчи томонидан қопланади.









