Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

“Инфо тур”чилар балиқчилик ва овчилик ҳақидаги қизиқарли саволларга жавоб олдилар

Ҳадемай ов мавсуми бошланади.
Қаерларда қандай қушларни овлашга рухсат берилган, балиқчилар қаерларда балиқ овлаши керак, фавқулодда ҳолатларда кимга мурожаат қилиш лозим, ов пайтида чўлу биёбонларда адашиб қолганда қандай йўл топса бўлади, нима учун биринчи ёрдам кўрсатишни ҳамма билиши керак?
Шу ва шу каби кўплаб саволларга Ёзёвон туманидаги Овчилар бирлашмасига қарашли кўл ҳудудида “Вилоятимиздаги ички ва ташқи туризмга хизмат қилувчи дам олиш масканларида, ов туризмига ихтисослашган ҳудудларда хавфсиз туризм маданиятини шакллантириш” мавзусида ўтказилган кўргазмали “Инфо тур“да жавоб олдик.

Вилоят Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси томонидан рўйхатдан ўтган овчилар сони 6 мингдан ошади. Лекин ноқонуний ҳаракатланувчилар табиатга зарар етказаётганини ҳам инкор қилиб бўлмайди.
Экотуризмни ривожлантириш мақсадида Фарғона вилоят ҳокимлиги, вилоят Экология бошқармаси, Маданият ва туризм бошқармаси, Фавқулотда вазиятлар бошқармаси, Овчилар ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси Фарғона вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов туризм маданиятини шакллантиришда шу каби инфотурларнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Ўзбекистон Республикаси овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси раҳбари Камолиддин Усмоналиев бирлашма фаолияти билан йиғилганларни таништирди. Ҳамда бирлашмага аъзо бўлиш шартлари ва йўл-йўриқларини тушунтириб ўтди.


Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан кўргазмали тарғибот тадбири ўтказилди. Бошқарма матбуот котиби Аҳлиддин Алижонов вилоят бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Чўкаётган одамни қандай қутқариш керак, қутқарилган одамга биринчи ёрдам қандай берилади, овга чиққанда палаткаларни қандай хавфсиз ўрнатиш керак деган саволларга кўргазмали чиқишлар билан жавоб берилди.