Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бувайда туманида ногиронлар учун инклюзив муҳит яратилганми?

Орамизда имконияти чекланган фуқаролар бор. Тўғри, уларнинг қайсидир маънода имконияти чеклангандир, аммо жамият билан аралашувида ҳеч қандай чеклов бўлмаслиги керак. Ҳар бир соҳада уларнинг борлигини, имкониятларини ҳисобга олиш жуда муҳим.

Бувайда туманининг савдо дўконлари, шифохона ҳамда дорихоналар, транспорт, овқатланиш шохобчалари, хизмат кўрсатиш объектлари, маданий-кўнгилочар муассасаларда ногиронлиги бор шахслар учун шароитлар яратилганми?

Улар бу масканларга ҳаётида неча бор мурожаат қилишади?

Ўзлари мустақил сайрга чиқадими?

Туман марказига кела оладими?

Автобусга… Энди мана шу жойда саноқни тўхтатсак ҳам бўлади. Чунки жамоат транспортидаги ноқулайликлар, яъни ногиронлар аравачасининг автобусга чиқиб-тушиши учун ҳеч қандай имкон йўқлиги ҳаммамизга кундек равшан.

Ногиронлиги бор шахслар эса жамиятда ўз ўрнини топиш тугул, аралашолмайдилар ҳам. Гўё улар ўз ота-онасидан бошқа ҳеч кимга керак эмасдек, жамият учун ортиқча ташвиш, эътиборга олиниши унчалик ҳам муҳим бўлмаган тирик жондек. Ҳа, улар тирик жон. Бироқ улар ҳам ИНСОН!

 Шундай экан, ижтимоий инфратузилма объектларига тўсиқсиз киришни таъминлаш, шунингдек транспортнинг барча турларидан, умумий фойдаланиш алоқа воситаларидан фойдаланиш ва ахборот олиш нуқтаи назаридан ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлатнинг, бизнинг бурчимиздир. Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Мана шу масалалар юзасидан тумандаги айрим ташкилот ва муассасалар биноларидаги кириш-чиқиш йўлаклари ҳолатларини ўргандик. Ногиронлиги бор шахслар энг кўп мурожаат қиладиган муассаса – бу тиббиёт маскани. Афсуски, шу ернинг ўзидаёқ улар унутилган, марказий поликлиниканинг кириш эшигидаги пандус (ногиронлар учун махсус йўлак) ўртасига каттагина постер қўйиб қўйилганини кўрдик. Икки томонида тутқичи йўқ.

Қабулхонадаги ҳамшираларни суҳбатга чорлаганимизда, улар саволларимизга қуйидагича жавоб беришди:

– Беморлар касалхонамизга ногиронлар аравачасида деярли келишмайди. Ҳар замонда келиб қолса, юқоридан шифокорларнинг ўзлари тушиб, кўриб қўйишади.

Дорихоналар эшиклари олдидаги пандусларнинг аксарияти тутқичсиз, қиялик бурчаги ниҳоятда баланд. Бу эса тўсиқсиз муҳитга тўғри келмайди: пандусга чиқиш учун куч ишлатиш талаб қилинади.

Аслида белгиланган стандартга кўра пандуснинг қиялик бурчаги 6 градусдан ошмаслиги керак. Айрим дорихоналарда эса махсус йўлак умуман ўрнатилмаган.

Янги барпо қилинган иншоотлар, масалан, “Макро”, “Универсал банк”, “Агробанк”, “Мегапарк” кабиларнинг кириш эшигида чиройли пандуслар ўрнатилган. Аммо бирида тутқичи йўқ бўлса, бири етарли даражада кенг эмас, бошқа бирининг қиялик бурчаги стандартга тўғри келмайди. Демак, уни қуришда ногиронлар учун қулайлик яратишдан кўра, бинонинг ташқи кўриниши муҳим ҳисобланган.

Фақат биргина “Ансор” савдо мажмуаси талабга жавоб беришини биз ўлчаб, ҳам синаб кўрдик. Унинг ногиронлар учун чиқиш йўлаги кенг, тутқичлари бор ва энг асосийси, қиялик бурчаги 6-8 градус оралиғида экан. Қойил!

Шуни унутмаслик керакки, бу масканларга нафақат ногиронлар, балки қўлтиқтаёқ билан юрувчи кексалар, болалар аравачаси етаклаган оналар ҳам келиши мумкин. Ўйлаймизки, бундан буён қуриладиган янги биноларда инклюзив муҳитга аҳамият берилади.

Одинахон Абдураҳимова, “Бувайда кўзгуси” газетаси мухбири.