Ариқлардан сув эмас одамларнинг ризқ-рўзи, қут-барака оқиб келади гўё. Сув – экиннинг қони, у бўлмаса на гиёҳ унади, на экинлар ҳосил беради. Шунинг учун ҳам ёши улуғларимиз супуриш учун кўчага чиққанимизда “ариққа ахлат супурма, ёмон бўлади”, дея такрорларди.
Тириклик кафолати бўлган сувнинг тиниқ, тоза ва равон оқиши учун ариқларимиз кенг, чуқур ва тоза бўлиши керак. Ёшлигимизда ҳар йили баҳорда маҳалла раиси уйма-уй юриб ариқнинг уйимиз ҳудудидан ўтган қисмини тозалашни тайинлаб кетар, бутун маҳалла ҳашарга чиқиб ариқни кенг ва чуқур қилиб кавларди. Бу эса экин-тикинларимизга келадиган сувнинг равонлигини таъминлаш билан бирга уни ариқдан тошиб кетишини, исроф бўлишининг олдини олар эди. Қадим замонлардан буён анъанага айланган, халқимизга хос бўлган бу удум ҳозирги кунда ҳам давом этяптими?!
Айни дамда Бувайда туманида хўжаликлараро 13 та ариқ мавжуд. Уларнинг узунлиги 121 километрни ташкил этади. Бу ариқлар ўнлаб қишлоқларни кесиб ўтади. Туман аҳолиси томорқаларини ана шу ариқларда оқиб келган сувдан суғоришади. Мутасаддиларнинг қанча огоҳлантиришига қарамай ўтган йили Бувайда ариғининг муҳофаза зонасига фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан қуриб олинган ҳаммом, ҳожатхона, молхона, товуқхона, шахсий хонадонлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва сув қувурлари қуриб олинган. Натижада эни 4, чуқурлиги 2 метр бўлиши керак бўлган ариқ ўрнида кичкинагина ариқча пайдо бўлган. Оқибатда лимитдаги сув ариққа ташланганда тошқин бўлиб Қўнғирот қишлоғидаги бир неча хонадонларнинг ҳовли ва ертўласигача сув кириб, моддий зарар етказган.
Яна бир мисол, Янгиқўрғоннинг қоқ марказидан кесиб ўтувчи Жалаер ариғининг кенглиги тўрт, чуқурлиги икки метр бўлиши керак. Ўтган йили Бувайда ирригация бўлими томонидан кавланиб, тозаланган бу ариқни ҳозирда “ариқча” десак муболаға бўлмайди.
Эндиликда одамлар ариқларни ҳашар йўли билан тозаламай қўйган. Сув йўлини кавлаш, тозалаш у ёқда турсин аҳоли томонидан ташланган турли чиқиндилар билан тўлиб, чуқурлиги бир метрга ҳам етмай қолган. Тол қишлоқ, Инғирчоқ, Камар, Янгиқўрғон, Жалаер аҳолисининг томорқаси учун ажратилган лимитдаги сув қўйиб юборилса, тошқин бўлиши табиий. Ариқларга аҳолининг даҳли Бувайда ёки Жалаер ариқларигагина бўлгани йўқ. Бундай ҳолатни мавжуд 13 та ариқнинг барчасида кузатиш мумкин. Ариқларга сув ўз вақтида келмаса эътироз билдиришни, талаб қилишни биламиз. Шундай экан ҳар биримиз ўзимизнинг инсонийлик бурчимизни бажаришниям унутмаслигимиз лозим.
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар», деганлар. Лекин ҳозирда одамлар сувнинг уволидан, уни исроф қилишдан, сув йўлига даҳл қилишдан қўрқмай қолишган. Сувдан тежаб фойдаланиш, ифлослантирмаслик инсоният олдида турган энг муҳим вазифадир. Ушбу масъулиятни бажаришда эса ҳар биримиз жиддий ёндашиб, сувга ва сув йўлларига дахл қилмаслигимиз, аксинча, ризқимиз ва барака оқиб келувчи ариқларни кенг ва тоза сақлашимиз лозимлигини туманимиздаги ҳар бир фуқаро билиши шарт.









