Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бувайдада чумчуқ “заводи” борми?

Болалигим ўтган қишлоқдаги ҳовлимизга экилган турли дарахтларнинг бирор тупи йўқ эдики, шохларига чумчуқлар ин қурмаган бўлса. Уларнинг кўплигиданми, уйимиз айвонининг шифтидаги ковакларида ҳам чумчуқ инлари бўларди.
Отам деҳқон бўлгани боис унга кўмаклашиш учун тез-тез далага борардик. Шоли ва бошқа экинзорларга тушадиган чумчуқ галаси ҳориган деҳқонларга ўзгача кайфият берар эди. Гоҳи-гоҳида отам бизга ана шу чумчуқ галасидан яширинча отиб, тушликка чумчуқ кабоб тайёрлаб берарди. Бу таомнинг маззасига тушиб қолганимиз учун отамга “яна чумчуқ кабоб пишириб беринг”, дея хархаша қилардик. Отам эса “чумчуқни овлаш мумкин эмас, жавобгарлиги бор”, деб туриб оларди. Айни дамда Бувайда туманидаги айрим ошхоналарда чумчуқ, қашқалдоқ каби қушлар тансиқ таом сифатида хўрандаларга таклиф этилади. Бу таомларнинг хўрандалари кўп.
Уларга ҳар куни 100 дан ортиқ чумчуқ, қашқалдоқни ким етказиб беради?
Бу қушларни қовуриб бериш учун махсус боқиладими ёки очиқ табиатдан овлаб келинадими?
Қайси ойларда бу қушлар кўпроқ овланади?
Бу каби саволлар билан Фарғона вилояти Бувайда тумани овчилар ва балиқчилар жамияти раиси Ҳабижон Ҳасановга мурожаат қилдик.
Август ой нинг охиридан бошлаб февраль ойига қадар каптарсимон қушларга ов қилишга расман рухсат берилади. Булар: қорабовур, сувбулдуруқ, кўк каптар, говкаптар, қўнғир каптар, қумри каби қушлардир. Октябрдан февраль ойигача эса сувда сузувчи паррандаларга ов қилиш мавсуми бошланади. Булар: қашқалдоқ, ёввойи ўрдак, балиқ ва бошқалар…
Бундан 2-3 йил олдин ғўза қурти кўпайиб, ғўзани нобуд қилганда чумчуқлар қуртларни еб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини турли хил ҳашаротлардан тозалаганлиги учун чумчуқ овлаш жуда каттиқ назоратга олинган эди. Чумчуқ ови билан шуғулланган кимса жавобгарликка тортиларди. Лекин чумчуқлар галаси деҳқонларнинг пишган донларини нобуд қилаётгани учун овлашга рухсат берилган.

Чумчуқ гўшти танага битмас-туганмас қувват бағишлаб, гемоглабинни тез кўтаради, иммунитетни мустаҳкамлайди. Махсус чойхоналарда “чумчуқ шўрва”, “чумчуқ кабоб”, “чумчуқ димлама” қилиб, баъзи “ишбилармонлар” буни ортидан каттагина даромад қиляпти. Лекин табиатнинг бу жажжи ҳимоясиз жонзотларини қирилиб кетаётгани на чумчуқ овловчиларнинг ва на шу чойхоначиларнинг, на уни истеъмол қилувчиларнинг парвосига ҳам келмаётгани ташвишланарлидир.

Қашқалдоқ ва чумчуқлар овчилар томонидан овлаб келинади, дейди юқоридаги паррандаларни пишириб сотаётган ошхона раҳбарларидан бири. – Паррандалар музлаткичларда сақланиб, ов мавсуми тугаган пайтларда яъни қиш ва баҳор мавсумида ҳам хўрандаларга тортиқ этилаверади.

Интернетда олинган маълумотларга кўра, 1958 йилда Хитой далаларидаги буғдой ҳосилини асраш учун чумчуқларга қарши кураш бошланади. Мамлакатдаги қарийб барча чумчуқлар қириб битирилади. Шундан сўнг табиатдаги мувозанат бузилиб, Хитой қишлоқ хўжалиги катта зарар кўради. Чумчуқлар қирилиб кетгач, зараркунанда ҳашаротлар сони кўпайиб ҳосилдорлик кескин камайганлиги оқибатида бир неча ўн миллион инсон очарчиликдан ҳалок бўлади. Яқин ўн йил нари-берисида бизнинг далаларда ҳам чумчуқ аввалгидек, осмонда гала-гала бўлиб учиб юрганини, электр узатувчи симларда, дарахт шохларида қатор-қатор бўлиб тизилиб турганини, товуқларга дон сепганда, уларнинг дон-дунига келиб шерик бўлаётганини бугун кўрмай қўйдик. Табиатнинг ушбу жонзоти айни пайтга келиб на шаҳар ва на қишлоқларда деярли кўринмай қолди. Вақти келиб бизнинг юртда ҳам Хитойдагидек нохуш ҳолатлар юз бермасидан табиатимизни, унинг парранда-ю даррандалари, шу жумладан ноёблашиб бораётган чумчуқ йўқолиб кетишига йўл қўймайлик, уни асраб-авайлаб, кўпайтирайлик.