Келажак учун кураш
Бугун мактабни битирган боласи бор ота-оналарнинг энг катта ташвиши ва ўйи “болам қаерга ўқишга кирсин экан, ҳужжат топшираётиб, қайси олий ўқув юртларини белгиласа талаба бўларкин?” деган саволга жавоб топишдир.
Ҳар йили ёз фасли абитуриентлар учун ўзига хос синов, машаққат ва кутиш фасли бўлади. Одамлардан “Ҳозирги ёшларга мазза, ота-онаси ва давлат уларга катта шароит яратиб беряпти. Улар ётоқ шароитида ётиб, репетиторларда ўқишга тайёрланяпти, ўқишга кириш учун ўз йўналишидаги 5 та олий ўқув юртини танлайди. Бири бўлмаса, бошқасига албатта илинади.

Бизнинг пайтимизда ўқишга кириш қийин эди. Бир йили имтиҳондан йиқилган талаба кейинги йилни кутарди. Агар қиз бола бўлса, оиласидагилар уни яхши тушунмаса “мана сенга бир марта имконият бердик, энди сени турмушга узатамиз” деб эрга бериб юборишади, деган гапларни кўп эшитиб қоламиз. Ўғил болаларнинг ҳам билими қанчалик кучли бўлмасин, “бир йил умринг беҳуда ўтмасин, энди ўқиб шаҳар олиб берармидинг, ишлайвер, ёки ана палончининг ўғлига ўхшаб Россияга ишга кетавер, катта-катта пул жўнатсанг, уйлаймиз. Кейинги йили ҳам ўқишга топшириб кўрасан, ўтиб кетсанг ўқийверасан” дейишарди.
Ҳозирги кунда бешта олий ўқув юртидан бирортасига ҳам етарли балл тўплай олмаган талабага ҳам яна ўқиш имконияти бор. Яъни суппер контракт ёки хусусий олий ўқув юртларида ўқиш. Биз бугун абитуриентнинг билими ва тўплаган бали, унинг келажакда қандай мутахассис бўлиб чиқиши ҳақида эмас, абитуриентнинг ўқишга тайёрланиш жараёнидаги ҳолатлари ҳақида гапирмоқчимиз.
Кун тартибидаги саволлардан бири: нега абитуриент репетиторга боради?
Суҳбатдошларимизнинг кўп қисми “чунки мактабда ўқитувчилар олий ўқув юртига кириш учун тест синовларида тушадиган тестларни ёдлатмайди”, репетиторда эса ўн минглаб тест саволларига жавоб топамиз, деган жавобни беришди.

Иккинчи сабаб эса, яна мактабда ўқувчи учун етарли билим берилмаслигидир. Ўзингиз ўйлаб кўринг, 45 дақиқали дарсда ўқитувчи ўқувчига тарбия берсинми ёки таълим. Синфдаги ҳар бир бола билан бир дақиқадан гаплашиб чиққанда ҳам янги мавзуни ўтишга унда вақт қолмайди. Синфларда ўқувчи сони ҳаддан ташқари кўп. Репетиторда эса бир гуруҳда 15 нари борса 20 нафар ўқувчи олий ўқув юртига кириш учун тайёрланади. Учинчи сабаб эса, мактабда олий таълимга киришга қизиқадиган ҳам, қизиқмайдиган ҳам битта синфда ўтиради. Яъни, ўқувчи мактабни битириб сартарош бўламан ёки косиб бўламан, деб ўйлаб юради. Ҳатто дарсдан бўш пайтларида устага шогирдликка боради. Аммо мактабда унинг қизиқишлари билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Кимё, биология, физикани чуқур ўрганмоқчи бўлган тенгдоши билан бир хил мавзуни тинглашга мажбур. Балки бу нотўғри фикрдир, лекин мактабларда синфлар ҳам ихтисослаштирилса, ҳар бир бола қобилияти ва қизиқишига мос фанларни чуқур ўрганса, ўйлаймизки, ўқувчининг репетиторга боришга ҳам ҳожати қолмайди.



Бугунги кунда тиббиёт талабаси бўлиш истагида кимё ва биология фанларидан репетиторга бораётган Заҳро нега репетиторга қатнаётганлиги сабабини қуйидагича изоҳлайди: –Мактабда кимё фани бир ҳафтада бир марта ўқитилади. Ўқитувчимиз битта мавзуни тушунтиргунча қўнғироқ жиринглаб, танаффус бўлади. Табиийки, биз энг муҳим мавзуларни ҳам, энг керакли формулаларни ҳам, ёки Менделеев даврий системасидаги элементларни ҳам тўлиқ ўргана олмаймиз. Шунинг учун репетиторга қатнашга мажбурман. Негаки, мен таълим олмоқчи бўлган тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларига талаба бўлиш истагидаги минглаб тенгдошларим ҳужжат топширади. Танлов жуда катта бўлади. Шунинг учун ҳам қўшимча адабиётларни ўқиш, формулаларни сувдек ёд билиш, элементларни қаттиқ ухлаб ётганимда биров уйғотиб сўраса ҳам шариллатиб айтиб беришим учун репетиторга қатнайман. Репетитор ҳам маълум ҳақ эвазига менга билим беради. Ота-онам бу пулни оғринмай тўлашади. Чунки келажакда қизлар ўқимишли, олий маълумотли бўлса,қийналмай яшайди, деб ҳисобланади. Шунинг учун репетиторга қатнайман.
–Яхши ва номи чиққан репетиторларга қатнашнинг бир ойлик тўлови 200 минг сўмдан 500 минг сўмгача. Айниқса, инглиз тили репетиторлари қимматроқ олишади. Сабаби, улар турли тил сертификати берадиган имтиҳонларга ҳам тайёрлашади-да, – дейди яна бир суҳбатдошимиз.
Унинг айтишича, икки нафар фарзандининг қўшимча билим олиши учун (яъни репетиторга қатнаши учун) 500 минг сўмдан 1 млн. сўмгача харажат қилишар экан. Бу пул фақат репетиторнинг ойлик тўлови учун тўланаркан. -Агар мактабда болага етарли билим берилса, ортиқча пул сарфламасдик, -дейди ота-оналар.
Яна бир тоифа ота-оналар “бизнинг давримизда репетиторлар бўлмаган, ҳамма мактабда олган билимлари билан олий ўқув юртига кирган. Негадир ҳозирги ёшлар мактабдаги устозлари бераётган билимга қониқмайди, уларга пул тўлаб билим олиш қизиқарлироқдек туюлаверади. Агар мактабга вақтида бориб, дарсларни қолдирмаса ва уйга берилган вазифаларни вақтида бажарса, мактабдаги билими ҳам олий ўқув юртига киришга етади”, деб ҳисоблайди.


Бир неча йиллар мактабда дарс берган ўқитувчи ҳозир фақат репетиторлик билан оила тебратади. Биз у кишидан айнан юқоридаги саволга жавоб сўрадик. “Нима учун фақат мактабда олинган билим билан олий ўқув юртига кириш имконсиздек, бўлиб қолди?” У киши исмини кўрсатмаслик шарти билан қуйидагича жавоб берди:
–Агар менинг тўлиқ исми шарифим ва аввал ишлаган мактабимни ёзсангиз, собиқ ҳамкасбларим ва бошқа ўқитувчилар ҳам маломат қилишади. Сав лингизнинг иккита жавоби бор. Албатта биттаси аччиқ. Ва биттаси ундан ҳам аччиқ. Ҳозирги кунда ўқитувчилар ўз устида ишламай қўйди. Ўқувчини ўз фанимга қандай қизиқтираман, уларга бугун нима бераман” деб ўйламайди. Айниқса, дарс ишланмаси (конспект) ёзиш талаби бекор бўлгач, ўқитувчи янаям дангасалашди. Аввал конспект ёзиш учун ҳам сал ўйланарди, изланарди, нималарнидир ўқирди. Ҳозир эса бу талаб йўқ.
Иккинчи жавоб шуки, болада ҳам, унинг ота-онасида ҳам “барибир мактабда олган билими билан ўқишга кира олмайди. Репетиторга борса ўқишга ўтиб кетади” деган қараш аллақачон пайдо бўлиб улгурган. Шунинг учун улар мактабда айнан боласи репетиторга қатнаётган фан ўқитувчининг билими ва салоҳиятини юқори баҳоламайди. Шунинг учун мактаб директори, синф раҳбарлари билан ўзаро келишиб, боласини ётоқ шароитидаги репетиторларга ташлаб келяпти. Бир ҳисобда бола вақтини беҳуда ўтказмай, миясига керак-нокерак ахборотларни жойламай, фақат ўзи кўзлаган чўққига интиляпти. Аммо шу билан бирга, ҳамманинг онгида “мактабда ўқиб, барибир талаба бўла олмайман” деган фикр шаклланяпти. Ўқувчи тушгача мактабга бориб, тушдан кейин репетиторга қатнаса ҳам бўлаверади. Аммо ҳозирги кунда, айниқса, 10,11-синф ўқувчилари биратўла ётоққа кетишяпти. Учинчи сабаб эса, ҳозирги кунда мактабларнинг рейтингги битирувчисининг қанчаси олий таълимга кирди, деган саволнинг жавоби билан ўлчаняпти. Яъни, битирувчиси кўп талаба бўлган мактаб яшил рангда белгиланяпти ва у энг яхши мактаблар сифатида эътироф этиляпти. Шунинг учун директор ҳам, бошқа ўқитувчилар ҳам ўқувчининг мактабга келмасдан тест имтиҳонларига тайёрланишига қарши эмас. Бу мавзуда яна кўпчиликнинг фикрини олиш, уларнинг мул ҳазалари билан ўртоқлашиш мумкин.

Айтингчи, сиз репетиторга қатнаб талаба бўлганмисиз ёки фақат мактабда олган билимларингиз сизни бу бахтга етказганми? Фикр-мулоҳазаларингизни биз билан ўртоқлашинг.
(Фотолар муаллифи Холида Мусулмон)









