Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Япон таълими тажрибаси Бувайданинг 44-мактабида синовда

Дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, юртимиз умумтаълим мактабларида жорий қилиш бўйича Президентимиз кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда жорий ўқув йилидан вилоят бўйича ҳар бир шаҳар ва тумандан танлаб олинган биттадан мактабда синов тариқасида Япония таълим тажрибаси татбиқ этилади. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг 2022 йил 5-11 декабрь кунлари Японияга амалий ташрифи доирасида Токио шаҳридаги Фужимигаока мактабида олиб борилган ўрганишлар ҳамда мулоқотлар натижасида, таълим ва тарбияни уйғун ҳолда олиб бориб, болаларни ҳаётга тайёрлашни асосий мақсад қилган Япония таълим тизимини вилоятимизда синов тариқасида жорий этишга қарор қилинганди. Туманимизда Япония таълим тажрибаси 44-мактабда олиб бориладиган бўлди. Мактабда бу жараёнга қандай тайёргарлик кўрилмоқда, деган савол билан мактаб директори Умида Худойназаровага мурожаат қилдик.

Дастлаб туманимизда 19-мактаб тажриба сифатида танлаб олинган эди. Бир қатор ўрганишлардан кейин, туман ҳокимлиги хулосасига асосан бизнинг мактаб танлаб олинди. Ҳозирги кунда мактабимиз Япония таълим методикасига асосан жиҳозланяпти. Барча керакли жиҳозлар олиб келиб ўрнатиляпти. Янги 2023-2024 ўқув йилида 101 нафар ўқувчи 1-синфга чиқади. Уларга дарс берадиган ўқитувчилар синов тариқасида танлаб олиняпти. 19-мактаб ўқитувчилари бизнинг бошланғич синф ўқитувчилари учун семинар-тренинг ўтиб беришди. Яқин кунларда ўқув қўлланмалари, дастурлари, таълим методикаси бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилади ва ўқитувчиларга тарқатилади.

Шунингдек, ота-оналар билан учрашиб, уларга фарзандлари Япония таълим тизими асосида ўқитилиши, бу тизимнинг афзалликлари, болага таълим билан тарбия бир хилда олиб борилиши ҳақида тушунчалар берилди. Улардан бу жараёнда фаол иштирок этишлари сўралди.