Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

21 йил пахтачилик бригадасини бошқарган аёл

Патилахон ЭРГАШЕВА, Ўзбекистон Қаҳрамони, меҳнат фахрийси.

Қишлоқда яшашнинг ўзгача гашти бор. Биласиз, қишлоқ одамлари тонг саҳарда уйғонишади, кимдир томорқасида, кимдир даласида, яна кимдир молу қўйини боқиш билан банд бўлади. Йилнинг ўн икки ойида қишлоқда бекорчи одам бўлмайди. Яшаш шароити қийин бўлса-да, юмушлари бисёр бўлса-да, улар бирор марта нолишмайди.

Кейинги йилларда юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик қишлоғимиз одамлари ҳаётида ҳам ўз аксини топган. Қишлоғимиздаги ўзгаришлар, амалга оширилаётган бунёдкорликлардан кўзларимиз қувнамоқда. Шаҳардаги мактаб ва болалар боғчасидан қолишмайдиган масканларда болажонларимиз таълим-тарбия олишмоқда, ўсибулғайишмоқда. Айни кунда қишлоғимизда 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 3 та оилавий боғчалар фаолият кўрсатаётганлиги боис қишлоқ аёлларимиз бемалол ишга, меҳмондорчиликка боришади, бошқа юмушларини хотиржам бажаришади. Мен 52 ёшимда з та фарзандим билан бева қолганман. Учала фарзандимни далага бирга олиб кетиб, кетмон чопардим, пахта терардим. Бошқа аёллар ҳам мен сингари эди.

Сира эсимдан чиқмайди, мен ишлаётган бригадада ўша пайтда 45 нафар аёл ишлардик, 45 та коляска яъни болалар аравачаси бўларди. Ҳаммамиз иккита, учта болаларимизни шу аравачада эрталаб олиб кетиб, кечга бирга қайтар эдик. Менинг болалигим пахта даласида ўтган. Биз пахта одамдан азиз бўлган оғир даврларни кўрганмиз. Айниқса, бу даврда хотин-қизларнинг меҳнатларини айтсам, ҳозир ёшларимиз ишонмайди, бўлмаган гап дейишади. Мустақиллик туфайлигина меҳнатларимиз қадр топди, хотин-қизлар эъзозланди, уларга меҳр кўрсатилди, эътибор кучайтирилди. Бир сўз билан айтганда, қишлоқ аёли, меҳнаткаши елкасига офтоб тегди.

21 йил пахтачилик бригадасини бошқардим. Отамдан ўрганганларим, унинг панднасиҳатлари, кўрсатмалари билан кам бўлмадим. 1995 йилда Президентимиз армонига биноан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвонига сазовор бўлдим. 2002 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирландим. 2010 йилда эса Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак шарафга муносиб кўрилдим. Оддий бир қишлоқ аёлига шунча эътибор, шунча эъзоз. Бу ҳақда ўйласам, тунларни тонгга улаб қилган машаққатли меҳнатларим, чеккан заҳматларим бир зумда унутилади. Биринчилардан бўлиб “Патилахон” фермер хўжалигини ташкил қилдим. Ер эгаси бўлдим. Собиқ тузум даврида такрорий экин экишга рухсат берилмасди. Бугунги кунда буғдойдан кейин турли полиз экинлари экилмоқда. Ундан олинган даромаддан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга ёрдам беряпмиз. Хўжалик аъзоларига тарқатяпмиз. 2015 йилда йиқилиб тушиб , оёғим синиб қолди. Кўп вақт уйда қолиб кетдим. Лекин отамдан қолган далаларни тарк этганим йўқ. Набираларим кўмагида дала бошига бора оламан. Шу ерда туриб айни кунда фермер хўжалигини бошқараётган набираларим ишидан бошим осмонга етади, уларга маслаҳатлар бераман, йўлйўриқ кўрсатаман.

Вилоят, туман ҳокимлиги, мутасадди раҳбарлар нафақат фермер хўжалиги йўналишида, балки соғлиғимни тиклашга ҳам баҳоли қудрат ёрдам бериб келишяпти. Улардан беҳад миннатдорман. Ўтган йили ғалладан ҳам, пахтадан ҳам мўл ҳосил дик. Даромад ҳам шунга яраша бўлди. Даромадимиз ҳисобидан фермер хўжалиги учун омбор, далаларимиз суғориш учун др наж қурдик. Бу хайрли ишимиздан қишлоғимиз аҳолиси баҳраманд бўлаётганлигидан ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Чунки ота раҳматли менга одамларга яхшилик қилишни, улар корига ярашни ёшлигимдан ўргатган эдилар. Меҳнат қилган одам асло кам бўлмаслигини ўз ҳаётим давомида англадим. Айниқса, тинч ва осуда ватанда, меҳнати қадрланадиган юртда ҳалол тер тўкканнинг бўларкан, менимча. Меҳнатларимиз туфайли рўзғоримиз бут, оиламиз, юртимиз тинч. Одамларимиз ҳаётдан рози. Албатта, бунинг қадрига етиш, юрт тараққиётига ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи шарт.

Оққа кўчирувчи Мастурахон Эргашева